Хорижий мамлакатларда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш
Хорижий мамлакатларда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ва ўзгартиришнинг ўзига хос хусусиятлари
Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш асослари, Ўзбекистон Республикасининг 08.01.2018 йилдаги “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунига кўра, маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.
Шу ўринда, хорижий мамлакатларда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ва ўзгартиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракати устидан шикоят қилиш тартиби Германия давлати қонунчилиги асосида таҳлил қиладиган бўлсак, Германия маъмурий қонунчилиги қонун устуворлиги ва адолат тамойиллари билан боғланган бўлиб, бу асосий ғоя Германия Конституциясида баён этилган. Германия давлатида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маъмурий қарорлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ низолар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади. Маъмурий суд процессуал кодексига биноан маъмурий судлар маъмурият таркибига кирмайди. Бунинг сабаби шундаки, улар нафақат маъмурий ҳужжатларни объектив назорат қилади, шунингдек, шахснинг ҳуқуқларини давлат ҳокимияти органларидан ҳимоя қилишдир. Бундан ташқари, маъмурий судлар давлат бошқарувининг асосий қонунига мувофиқлигини текшириш, назорат қилиш билан шуғулланади. Маъмурий суд процессуал кодексининг асослари шундан иборатки, маъмурий органларнинг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар, агар уларни кўриб чиқиш тўғридан тўғри судда кўриб чиқилиши назарда тутилмаган бўлса, маъмурий органнинг юқори турувчи органи томонидан кўриб чиқилади. Маъмурий органнинг юқори турувчи бўғини мавжуд бўлмаса манфаатдор шахс тўғридан тўғри маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин.
Германия маъмурий судлари томонидан маъмурий органларнинг қарорлари ва мансабдор шахслар билан боғлиқ қуйидаги низолар ҳал этилади:
1. Индивидуал маъмурий қарорлар ва оммавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар билан боғлиқ низолар;
2. Оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган шартномалар;
3. Парламент акти ва рейтинг билан тасдиқланган маъмурий қоидалар;
4. Маъмурий қарорлар шаклида қабул қилинган лойиҳани тасдиқлаган режалари;
5. Расмий декларациялар ва аниқ далилий ҳужжатлар ҳам ва бошқа низолар кўриб чиқилади.
Агар тегишли маъмурий органнинг қарори конституцияга зид ҳисобланса бундай низони Федерал Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилади. Конституция нормаларини бузиш ҳолати аниқланмаса, маъмурий суд томонидан кўриб чиқилади. Маъмурий органнинг юқори турувчи бўғини мавжуд бўлмаса манфаатдор шахс тўғридан тўғри маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин. Суд ишни мазмунан кўришда даъво предметидан ташқарига чиқа олмайди ёки уни ўзгартира олмайди. Агар, аризачи ариза (шикояти)ни қайтариб олса иш юритиш тугатилади. Маъмурий судларда ишни мазмунан кўриб чиқишда прокурор иштироки назарда тутилмаган.
Агар аризачи маъмурий қарор бекор қилинишини ёки чиқарилишини талаб қилса, суд қарорида кўрсатилади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, шахс ҳуқуқларининг келгусида бузилиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолларда ҳам судга адресат ёки учинчи шахслар мурожаат қилиши мумкин бўлади. Судга мурожаат қилиш муддати манфаатдор шахс қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида ариза (шикоят) бериши керак бўлади.
Германия давлатининг маъмурий суд ишларини юритишда Ўзбекистон давлатидан яна бир фарқли жиҳати бу низони тўлиқ ёки қисман ҳал этиш учун тарафлар ўртасида келишув битимини қўллаш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда агар тарафлар низо бўйича ўзаро келишувга эришган тақдирда, суд мажлиси баённомаси ёки ваколатли судьянинг ёки суд буйруғини бажарувчи судьянинг баённомасида қайд этилади. Битта низо бўйича 50 дан ортиқ кишига ҳужжатлар топширилиши керак бўлса, етказиб бериш оммавий эълон билан алмаштирилиши мумкин. Бунда суд ҳар бир манфаатдор шахс учун алоҳида қарор чиқариб ҳар бирига юбориши шарт бўлмайди. Бу оммавий эълон маҳаллий кундалик газеталарда қайд этилади. Яна шуни айтиш керакки, Германия давлатининг маъмурий судларида маъмурий органнинг битта қарори бўйича бир неча шахслар томонидан ариза тақдим этилса, мазкур иш оммавий ахборот воситасида эълон қилиниб, барчаси бир вақтда оммавий тартибда кўриб чиқилади.
Японияда маъмурий органлар ўз фаолиятини қонунчиликда ўрнатилган тўғри ва адолатли процедуралар орқали амалга оширишлари талаб қилинади.
Бунинг асосида "дю процесс" принципи ётиб, унга кўра, маъмурий фаолият ҳам ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган процессуал қоидаларига эга бўлиши ва бу қоидалар тўғри, адолатли бўлиши талаб қилинади.
Тўғри процедуранинг мазмуни эса куйидагиларда намоён бўлади:
1) хусусий шахсларга нисбатан бирор маъмурий қарор чиқариш олдидан бундай қарор лойиҳасини ва унинг асосларини адресатга хабар қилиш;
2) ушбу иш юзасидан маъмурий органларда мавжуд бўлган маълумотларни адресатга очиш, ошкор қилиш;
3) хусусий шахснинг фикрини тинглашни амалга ошириш;
4) хусусий шахсга нисбатан қабул қилинган маъмурий қарорни адресатига етказиш ва ушбу қарорда унинг асосларини кўрсатиш;
5) маъмурий қарорларни қабул қилиш учун асос бўладиган идоравий ички йўриқномани ўрнатиш ва уларни фуқароларга эълон қилиш ҳам тўғри процедуранинг талаби ҳисобланади.
Японияда Маъмурий процедуралар тўғрисидаги қонун 1993 йилда қабул қилинган.
Японияда маъмурий процедуралар тўғрисидаги қонун қабул қилингач, 500 дан ортиқ қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш орқали маъмурий процедуралар қоидаларининг соҳавий қонунлар билан мутаносиблиги таъминланиб борган.
Япония маъмурий процедуралар тўғрисидаги қонуни АҚШ ва Германия тажрибаси асосида шакллантиргани ҳамда маъмурий процедураларнинг асосий талаблари ҳақидаги қоидаларни тизимли ўрнатгани билан ажралиб туради.
Япония "Маъмурий процедуралар тўғрисида”ги қонуни аризалар юзасидан иш юритувнинг биринчи талаби сифатида маъмурий органларга ариза билан мурожаат қилинадиган турли соҳадаги лицензия ва рухсатномаларни бериш каби маъмурий ишларда қонунда кўрсатилган умумий меъёрларни янада батафсил тартибга соладиган, лицензия ва рухсатномаларни беришнинг талаблари, шартлари ва бошқа стандартларини ўрнатиб қўядиган йўриқномаларнинг қабул бўлиши маъмурий процедураларнинг бир шарти сифатида талаб қилинади.
Япония "Маъмурий процедуралар тўғрисида"ги қонуни хусусий шахслар тақдим этган аризалар юзасидан иш юритув бўйича қабул қилинадиган аризани рад этиш сабабларини кўрсатиш мажбуриятини тўғрисидаги қарорда рад маъмурий процедураларнинг зарурий шарти, талаби сифатида ўрнатиб қўйган. Бундай талаб ўрнатилганлигининг асосий сабаблари қуйидагиларда намоён бўлади:
Биринчидан, маъмурий орган тақдим этилган ариза бўйича рад этиш жавобини беришда рад этиш асосларини аниқ кўрсатиб ўтилиши маъмурий органларнинг асоссиз, ўзбошимча қарорлар чиқарилишининг олдини олади, тўғри ва чуқур ўйлаб масъулият билан ёндашган ҳолда қарор чиқаришни таъминлайди.
Иккинчидан, қарорнинг адресатига юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилиши учун керакли далил ва асосларни таъминлаб беради.
Демак, аризалар юзасидан иш юритув бўйича қабул қилинадиган аризани рад этиш тўғрисидаги қарорда рад этиш сабабларини кўрсатилиши зарурдир.
Озарбайжон Республикасида маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида ушбу давлатда ягона қонуни мавжуд бўлиб, унинг номи “Маъмурий ишларини юритиш тўғрисида”ги Қонуни (1036-ИИҚ83-сон) деб, номланади.
Ушбу Қонун 2005 йил 21 октябрь куни қабул қилинган бўлиб, 9 боб, 91 та моддадан иборат.
Ушбу қонунга кўра, маъмурий орган манфаатдор томонларга маъмурий АКТни бекор қилиш, уни бекор қилиш, ўзгартириш ёки кучини йўқотиш тўғрисида хабар беришга мажбурдир.
Маъмурий орган томонидан маъмурий ишлаб чиқариш тўғрисидаги ҳуқуқий нормаларни ёки моддий-ҳуқуқий нормаларни ноқонуний равишда қўллаш бузилиши натижасида қабул қилинган маъмурий акт ноқонуний ҳисобланади.
Ноқонуний маъмурий актни ушбу актни қабул қилган маъмурий орган ёки субординация бўйича юқори маъмурий орган ёки суд томонидан бекор қилиниши мумкин.
С. Матмусаев –
Андижон туманлараро
маъмурий суди судьяси.