Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ва ўзгартириш


Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ва ўзгартиришнинг маъмурий-ҳуқуқий жиҳатлари

   Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 23-боби маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш деб номланган.
   Албатта, ушбу бобда нималар назарда тутилганини чуқурроқ тушуниш учун биринчи навбатда маъмурий органлар, мансабдор шахс тушунчаларига ҳамда ушбу органлар сирасига кимлар киришига аниқлик киритиш зарур.
   Маъмурий органлар деганда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар тушунилади. Маъмурий органлар тушунчаси ўз ичига давлат органларини ҳам қамраб олади.
   Ўзбекистон Олий Суди Пленумининг 2019-йил 24-декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 24-қарорига асосан, маъмурий органлар мансабдор шахслари деганда, ҳокимият вакили вазифасини бажарадиган ёхуд мазкур органларда маъмурий бошқарув (ташкилий-фармойиш бериш) вазифасини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахслар тушунилади. 
    Ҳозирги кунда юридик соҳа вакиллари мансабдор шахснинг тармоқлараро концепциясини ишлаб чиқишга интилмоқда. А. Алекхин, А. Кармолитский ва бошқа олимларнинг таъкидлашича, мансабдор шахс атамаси расмий равишда умумий эмас, балки кўпинча қонун ҳужжатларидаги қарама-қаршиликлар мавжудлигини акс эттирувчи махсус тушунча сифатида ишлатилади.
     Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш асосларига тўхталсак, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунга кўра, маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.
    Манфаатдор шахснинг ишончидан қатъи назар, қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилган маъмурий ҳужжат, агар унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган бўлса, маъмурий орган томонидан бекор қилиниши мумкин. Яъни бундай ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш суд тартибида кўриб чиқилиши шарт эмас. Бироқ маъмурий органнинг қароридан норози манфаатдор шахс судга шикоят қилиши мумкин.
     Бу борадаги хориж тажрибасига назар солсак, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракати устидан шикоят қилиш тартиби Германия маъмурий қонунчилигида қонун устуворлиги ва адолат тамойиллари билан боғланган. Бу асосий ғоя Германия конституциясида баён этилган. Германияда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маъмурий қарорлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ низоларни маъмурий судлар кўриб чиқади. Маъмурий суд процессуал кодексига биноан маъмурий судлар маъмурият таркибига кирмайди. Бунинг сабаби шундаки, улар нафақат маъмурий ҳужжатларни объектив назорат қилади, шунингдек, шахснинг ҳуқуқларини давлат ҳокимияти органларидан ҳимоя қилади. Бундан ташқари, маъмурий судлар давлат бошқарувининг асосий қонунига мувофиқлигини текшириш, назорат қилиш билан шуғулланади. Маъмурий суд процессуал кодексининг асослари шундан иборатки, маъмурий органларнинг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни агар уларни кўриб чиқиш тўғридан тўғри судда кўриб чиқиш назарда тутилмаган бўлса, маъмурий органнинг юқори турувчи органи кўриб чиқади. Маъмурий органнинг юқори турувчи бўғини мавжуд бўлмаса манфаатдор шахс тўғридан тўғри маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин.
    Германия маъмурий судлари маъмурий органларнинг қарорлари ва мансабдор шахслар билан боғлиқ қуйидаги низоларни ҳал этади: 

1. Индивидуал маъмурий қарорлар ва оммавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар билан боғлиқ низолар;
2. Оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган шартномалар; 
3. Парламент акти ва рейтинг билан тасдиқланган маъмурий қоидалар;
4. Маъмурий қарорлар шаклида қабул қилинган лойиҳани тасдиқлаган режалари; 
5. Расмий декларациялар ва аниқ далилий ҳужжатлар ҳамда бошқа низолар кўриб чиқилади.

   Агар тегишли маъмурий органнинг қарори конституцияга зид ҳисобланса, бундай низони Федерал конституциявий суд кўриб чиқади. Конституция нормаларини бузиш ҳолати аниқланмаса, маъмурий суд кўриб чиқади. Маъмурий органнинг юқори турувчи бўғини мавжуд бўлмаса, манфаатдор шахс тўғридан тўғри маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин. Суд ишни мазмунан кўришда даъво предметидан ташқарига чиқа олмайди ёки уни ўзгартира олмайди. Агар, аризачи ариза (шикояти)ни қайтариб олса иш юритиш тугатилади. Маъмурий судларда ишни мазмунан кўриб чиқишда прокурор иштироки назарда тутилмаган.
    Агар аризачи маъмурий қарор бекор қилинишини ёки чиқарилишини талаб қилса, суд қарорида кўрсатилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шахс ҳуқуқларининг келгусида бузилиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолларда ҳам судга адресат ёки учинчи шахслар мурожаат қилиши мумкин бўлади. Судга мурожаат қилиш муддати манфаатдор шахс қарор қабул қилган кундан бошлаб бир ой ичида мумкин бўлади. 
    Германиянинг маъмурий суд ишларини юритишида Ўзбекистондан яна бир фарқи бу – низони тўлиқ ёки қисман ҳал этиш учун тарафлар ўртасида келишув битимини қўллаш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда агар тарафлар низо бўйича ўзаро келишувга эришган тақдирда суд мажлиси баённомаси ёки ваколатли судьянинг ёки суд буйруғини бажарувчи судьянинг баённомасида қайд этилади. Битта низо бўйича 50 дан ортиқ кишига ҳужжатлар топширилиши керак бўлса, етказиб бериш оммавий эълон билан алмаштирилиши мумкин. Бунда суд ҳар бир манфаатдор шахс учун алоҳида қарор чиқариб ҳар бирига юбориши шарт бўлмайди. Бу оммавий эълон маҳаллий кундалик газеталарда қайд этилади. Яна шуни қайд этиш керакки, Германиянинг маъмурий судларида маъмурий органнинг битта қарори бўйича бир неча шахс ариза тақдим этса, мазкур иш оммавий ахборот воситасида эълон қилиниб, барчаси бир вақтда оммавий тартибда кўриб чиқилади.
    Японияда маъмурий органлар ўз фаолиятини қонунчиликда ўрнатилган тўғри ва адолатли процедуралар орқали амалга оширишлари талаб қилинади. 
   Бунинг асосида “дю процесс” принципи ётади. Унга кўра маъмурий фаолият ҳам ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган процессуал қоидаларига эга бўлиши ва бу қоидаларнинг тўғрилиги, адолатлилиги талаб этилади.
   Тўғри процедуранинг мазмуни эса куйидагиларда намоён бўлади: 

1) хусусий шахсларга нисбатан бирор маъмурий қарор чиқариш олдидан бундай қарор лойиҳасини ва унинг асосларини адресатга хабар қилиш;
2) ушбу иш юзасидан маъмурий органларда мавжуд бўлган маълумотларни адресатга ошкор қилиш;
3) хусусий шахснинг фикрини тинглаш; 
4) хусусий шахсга нисбатан қабул қилинган маъмурий қарорни адресатига етказиш ва ушбу қарорда унинг асосларини кўрсатиш;
5) маъмурий қарорларни қабул қилиш учун асос бўладиган идоравий ички йўриқномани ўрнатиш ва уларни фуқароларга эълон қилиш ҳам тўғри процедуранинг талаби ҳисобланади.

    Японияда Маъмурий процедуралар тўғрисидаги қонун 1993-йилда қабул қилинган. Ушбу қонун қабул қилингач, 500 дан ортиқ қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш орқали маъмурий процедуралар қоидаларининг соҳавий қонунлар билан мутаносиблиги таъминланган. 
   Япониянинг Маъмурий процедуралар тўғрисидаги қонуни АҚШ ва Германия тажрибаси асосида шакллантирилгани ҳамда унда маъмурий процедураларнинг асосий талаблари ҳақидаги қоидалар тизимли ўрнатилгани билан ажралиб туради. 
    Мазкур қонунда хусусий шахслар тақдим этган аризалар юзасидан иш юритув бўйича қабул қилинадиган аризани рад этиш сабабларини кўрсатиш мажбуриятини маъмурий процедураларнинг зарурий шарти, талаби сифатида ўрнатилган. 
     Бундай талаб ўрнатилганининг асосий сабаблари қуйидагиларда намоён бўлади:
   Биринчидан, маъмурий органнинг тақдим этилган ариза бўйича рад этиш жавобини беришда рад этиш асосларини аниқ кўрсатиб ўтиши маъмурий органларнинг асоссиз, ўзбошимча қарорлар чиқаришининг олдини олади, масъулият билан ёндашган ҳолда қарор чиқаришини таъминлайди.
    Иккинчидан, қарорнинг адресатига юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилиши учун керакли далил ва асосларни таъминлаб беради.
    Демак, аризалар юзасидан иш юритув бўйича қабул қилинадиган аризани рад этиш тўғрисидаги қарорда рад этиш сабабларини кўрсатиш зарур.
    Бунда икки жиҳат назарда тутилиши лозим. Биринчиси, рад этишнинг аниқ ва батафсил ҳуқуқий асоси, иккинчиси, қандай далиллар асосида рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганини кўрсатиб ўтиш талаб қилинади. 
    Япониянинг мазкур қонунида аризалар юзасидан иш юритувнинг умумий муддатларини белгилаш зарурлиги ўрнатилган. 
     Шунингдек, ушбу қонунда ариза маъмурий органга келиб тушган кундан бошлаб зудлик билан кўриб чиқишни бошлаш талаби ҳам ўрнатилган. 
    Бундай норма аризанинг кўриб чиқилишида умумий, формал талабларга жавоб берадиган аризаларнинг барчасини кўриб чиқиш муддатининг қачондан бошланишига аниқлик киритади.
    Учинчи шахсларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қиладиган масалалар юзасидан очиқ тинглов мажлисларини ўтказиш тартиби ҳам Япониянинг таъкидланаётган қонунида белгилаб қўйилган. 
     Бунга қандайдир зарарли чиқиндилар чиқарадиган завод, фабрикаларни қуриш бўйича лойиҳалаштирилаётган завод яқинида яшайдиган аҳолининг ушбу масала юзасидан фикрини тинглаш маъмурий процедураларнинг бир талаби сифатида қонун билан ўрнатилган.
     Таъкидлаш жоизки, Япониянинг мазкур қонуни барча маъмурий соҳаларни ва улардаги барча процедураларни ҳам қамраб олмайди. Қонуннинг 3-моддасида бу ҳақда тегишли қоидалар ўрнатилган. Мисол учун, парламент ёки суд қабул қилган қарорлар Япония Маъмурий процедуралар тўғрисидаги қонунининг амал қилиш доирасига киритилмайди.
    Ўзбекистон ва Япония маъмурий суд иш юритуви қонунчилиги доирасида ҳал этиладиган ишларни қиёслайдиган бўлсак, миллий қонунчилигимизда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича низолашишга оид ишларнинг махсус тартиботи мавжуд, лекин оммавий ҳуқуқий муносабатлар доирасида юридик фактларни белгилашга оид ишлар, аҳолининг оммавий даъволари, оммавий ҳокимият органлари ўртасидаги низоларга оид ишлар мавжуд эмас.
    Хулоса сифатида қайд этадиган бўлсак, Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни судда кўриш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ягона мақсадга қаратилган. У биринчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган. Иккинчидан, инсон-жамият-давлат манфаатларининг уйғунлигини юзага келтириш ва ниҳоят учинчидан, мамлакатимизда маъмурий қонунчиликнинг жадал ривожланишига эришишни назарда тутади.

Сардорбек Матмусаев,
Андижон туманлараро 
маъмурий суди судьяси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот