ВАКИЛЛИКНИНГ ҚОНУНЧИЛИК АСОСЛАРИ
МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА ВАКИЛЛИКНИНГ ҚОНУНЧИЛИК АСОСЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга асосан маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги кафолатлаб қўйилган.
Юқоридаги нормадан ҳам кўриш мумкинки, маъмурий судларга ариза (шикоятлар) жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали ҳам тақдим қилиш ҳуқуқи борлиги мустаҳкамланиб қўйилган.
Маъмурий судларда вакиллик деганда судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонунчиликда ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) уларнинг вакиллари орқали ва фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ўзлари ва (ёки) вакиллари орқали юритиш ҳуқуқи тушунилади.
Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги кодексда мустаҳкамланиб қўйилган.
Маъмурий суд ишларини юритишда вакиллик икки хил шаклда амалга оширилиши белгиланиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ва қонуний манфаатларини қонуний ва шартномавий (ихтиёрий) вакиллари томонидан ҳимоя қилиниши кўрсатилган.
Қонунчиликка асосан, қонуний вакиллик муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) ҳимоя қилиш ҳуқуқи тушунилади.
Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаро иштирок этиши лозим бўлган иш бўйича унинг вакили сифатида бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкини қўриқлаш ва бошқариш учун тайинланган шахс қатнашиши белгиланган.
Агарда, вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши керак бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий ёхуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига асосан, қонуний вакил судда иш олиб боришни ўзи вакил сифатида танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Маъмурий суд ишларини судда кўришда қонуний вакиллик, вакилларнинг судда амалга ошириши мумкин бўлган процессуал ҳуқуқларидан келиб чиқиб, иккига ажратилади.
Яъни, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, муомалага лаёқатсиз ёки бедарак йўқолган деб топилган шахснинг қонуний вакили вакиллик қилинаётган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тааллуқли ишлар кўриб чиқилаётганда унинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни амалга оширса, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахснинг қонуний вакили ишлар кўриб чиқилаётганда шу шахснинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, қонунчиликка асосан, қонуний вакиллар ўз манфаатларини кўзлаб ёки уни вакил қилган шахснинг манфаатларига зид равишда процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.
Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.
Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.
Мазкур кодекснинг 60-моддасига асосан қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин. Яъни адвокатлар, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари, юридик шахсларнинг ходимлари ушбу юридик шахсларнинг ишлари бўйича, нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари ушбу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича,қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари,биргаликда процессуал иштирок этувчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича,ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида иштирок этишга рухсат берилган шахслар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.
Агарда, вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши керак бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий ёхуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига асосан, қонуний вакил судда иш олиб боришни ўзи вакил сифатида танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.
Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.
Судда иш юритиш ваколатлари вакилга барча процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан келишув битими тузиш ҳуқуқи мустасно.
Ушбу нормадан кўриш мумкинки суд иш юритувида фақатгина вакилга ваколат берилган шахснинг фақат узи келишуви тузиши мумкинлиги вакилда бундай ваколат йўқлиги назарда тутилмоқда.
Давлат бошқаруви органларининг, мансабдор шахснинг вакиллари тегишли орган раҳбарининг ёки мансабдор шахснинг имзоси билан бериладиган ишончнома бўйича иш олиб боради.
Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, имзо юридик шахснинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади,юридик шахсларнинг раҳбарлари судга ўз хизмат мавқеини ёки ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.
Шунингдек юридик шахснинг вакили судга шу корхона ёки ташкилотда ҳақиқатан меҳнат шартномаси бўйича ишлаётганлигини тасдиқлаш юзасидан буйруғи ҳам тақдим қилиниши лозим.
Шартнома бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талабдан тўлиқ ёки қисман воз кечиш, унинг асосини ёки предметини ўзгартириш, аризачининг талабларини тан олиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш ваколатларининг ҳар бири ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.
Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини текшириши шарт. Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини тан олиш ва уларнинг суд мажлисида иштирок,ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар суд мажлиси баённомасига киритилади, зарур бўлганда эса уларнинг кўчирма нусхалари ишга қўшиб қўйилади.
Кодекснинг 64-моддасига асосан, вояга етмаган шахслар, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно, васийлик ва ҳомийлик белгиланган шахслар, судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар, суд девони ходимлари бундан улар қонуний вакил (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) сифатида, шунингдек тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг вакили сифатида иштирок этган ҳоллар мустасно, манфаатлари ваколат берувчининг манфаатларига зид бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган ёки илгари ёрдам кўрсатган шахслар, судья, прокурор, суд мажлисининг котиби, эксперт, мутахассис, таржимон билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар судда вакил бўла олмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Абдуллаев Исломидин Мукимжонович
Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси.