“Тафтиш инстанцияси”
Маъмурий суд ишларини юритишда “Тафтиш инстанцияси” институти жорий қилиниши суд ҳужжатларини қайта кўришда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим омил бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, адолатли судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, яъни суд қарорларини қайта кўриш институтни такомиллаштириш зарурлиги вужудга келди.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январь кунидаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга кўра, суд қарорларининг қонунийлигини, асослилигини ва адолатлилигини текшириш институти ислоҳ қилиниши назарда тутилган.
Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, шунингдек вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш каби қонун ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, яъни ушбу Фармон билан янги институт “тафтиш инстанцияси” жорий қилиниши белгиланган.
Суд қарорларининг қонунийлигини, асослилигини ва адолатлилигини текшириш институти ислоҳ қилиниши давоми сифатида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-889-сонли Қонуни қабул қилиниши ҳисобланади.
Мазкур қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 28-боб билан тўлдирилган.
Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юқорида кўрсатилган шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари томонидан протест келтирилиши мумкинлиги белгиланган.
Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши, тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкинлиги белгиланган.
Ўз навбатида, тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоят (протест) бериш муддатининг ўтказиб юборилиши сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги алоҳида қайд этилган.
Мазкур қонун билан тафтиш инстанцияси томонидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест)ни қабул қилиш, қабул қилишни рад қилиш, қайтариш, кўрмасдан қолдириш ва шикоят (протест) бўйича иш юритиш тугатиш, шунингдек ишни тафтиш инстанцияси судида кўриш тартиби белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, “тафтиш инстанцияси” институти жорий қилиниши фуқаролар ва тадбиркорларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада ошириш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилиши, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалиши ҳамда мамлакатимизда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади.
Абдуллаев Исломидин Мукимжонович,
Андижон туманлараро маъмурий
судининг судьяси.