Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш


   “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқидан.


   Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган янги босқичдаги туб ислоҳотлардан пировард мақсад, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқаришдан иборатдир. Бу ўринда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда.
   Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни рағбатлантириш тўғрисидаги, Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияларга, Пекин платформаси ва Ҳаракатлар режаси каби халқаро ҳужжатларга қўшилиш баробарида, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 
   2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
   Шу билан бирга, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифа ишлаб чиқилган.
   Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш учун тенг имкониятлар яратилиши зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.
   Мазкур соҳада жорий этилган қонунчилик чораларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида мамлакатимиз тарихида илк бор – 2019 йилнинг 2 сентябрида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди. БМТнинг деярли барча агентликлари, жумладан БМТ Тараққиёт Дастури, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноят бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти ушбу икки қонун бўйича ўз изоҳ ва таклифларини берган.
   Мазкур ҳужжатлар аёллар учун муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, мамлакат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида аёллардан раҳбар кадрлар сафини кенгайтириш, уларни жамиятнинг фаол қатламига айлантириш, пировардида хотин-қизларнинг ҳам эркаклар билан тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлишларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
    Шу билан бирга, ушбу қонун ҳужжатлари хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳам тартибга солади ва тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни таъминлашга қаратилган.
   Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази фаолият юритмоқда.
   Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.
   Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир.
   Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
   Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.
   Шунингдек, қабул қилинаётган у ёки бу даражадаги ҳужжатларнинг аёллар ва эркаклар учун бир меъёрда бўлишига эришиш учун қонунчиликнинг гендер экспертизасини ўтказиш мажбурийлигини таъминлаш муҳимдир.
   Қабул қилинаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудлари ва хотин-қизларнинг барча тоифаларини қамраб олиши керак. Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш кун тартибидаги тамойилларни, айниқса, “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда, ҳар хил камситиш шаклларига мойил бўлган хотин-қизларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш долзарб масаладир. Бу ерда мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қишлоқлардаги хотин-қизларга, этник озчилик гуруҳлари, ногиронлар, ОИВ/ОИТСга чалинган аёллар, озодликдан маҳрум қилиш ва чеклаш жойларидаги хотин-қизларга (шу жумладан жазони ижро этиш муассасалари, пансионатлар, қариялар уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналари), инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочқинларга асосий эътибор қаратилади.

Ш. Ғуломов -
Андижон вилоят, Жалақудуқ туман
Адлия бўлими бош маслаҳатчиси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот