Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил этилган кун


   1995 йил 18 февралда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил этилган.
  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (“Адолат” СДП) 1995 йил 18 февралда ташкил топган. Партиянинг асосий мақсади – Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, ислоҳатларнинг жадаллашувига, ҳуқуқий-демократик , адолатли фуқоролик жамияти барпо этиш ва пировардида, Ўзбекистонни жаҳонда ривожланган мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олишига муносиб ҳисса қўшиш. Партиянинг ғоявий негизини социал-демократиянинг 3 асосий принципи: сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий адолат ташкил этади. Қонун устуворлигини таъминловчи адолатли ижтимоий муносабатлар ўрнатилгандагина одил жамият қуриш мумкин бўлади. Партия шу йўналишдаги ишларни бажаришни ўзининг асосий вазифаси деб ҳисоблайди. У ўртаҳол ва кам таъминланган аҳоли табақаларига таянади ҳамда уларнинг сиёсий, ижтимоий идорасини намоён этишга интилади.Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг асосий мақсади:– демократик, ҳуқуқий давлатни, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни шакллантиришда фаол иштирок этиш. 
   Партиянинг вазифалари:
– Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида демократик жараёнларни жадаллаштириш;
– Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш;
– Ўзбекистон фуқароларига ўз қонуний ҳуқуқлари, эрк ва бурчларини англашга кўмаклашиш, уларнинг сиёсий онги, маданиятининг ривожи учун курашиш;
– ўзбек халқининг миллий анъаналарига таянган ҳолда миллий қадриятларни тиклаш, бой маданий меросимизни ўрганиш асосида ёш авлодни тарбиялаш;
– миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, ҳар қандай миллатчилик, диний экстремизм, терроризм иллатларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувликни тарғиб қилиш;
– давлат ижроия тизимини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти органларида иймонли, пок, ўз Ватани, халқини севадиган ва элу юртига садоқат билан хизмат қиладиган раҳбар ва мутахассис кадрларнинг ишлашига эришиш;
– республика фуқароларининг турмуш даражасини кўтариш, ижтимоий жиҳатдан муҳтож аҳолининг муҳофазасини таъминлаш борасида таклифлар ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
– Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида ўз ўрнини эгаллаши, дунёдаги илғор давлатлар билан халқаро ҳуқуқ талаблари асосида ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш учун фаолият кўрсатиш, миллий манфаатларига мос келадиган ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлаш;
– Партиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайланадиган лавозимларига номзодлар кўрсатиш, қайд этилган сайловларда иштирок этиш, шунингдек, сайланган органларда фаолият кўрсатиш;
– малакали мутахассислар, бюджет соҳалари ходимлари, педагоглар, шифокорлар, муҳандис-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари меҳнаткашлари манфаатларини ҳимоя қилиш. 
 Партия фаолияти ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти негизида фуқаролик жамиятини қуриш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига аҳолининг барча қатламларини жалб этиш, ҳокимиятнинг вакиллик органлари орқали давлат бошқарувида иштирок этиш, фуқароларнинг сиёсий онги ва маданиятини юксалтириш, мамлакат ҳаётининг муҳим масалалари юзасидан ўз тарафдорларининг фикр ва мулоҳазаларини юзага чиқариш ва бу масалалар бўйича партия позициясини кенг жамоатчиликка ва барча поғонадаги давлат ҳокимият органларига етказишга қаратилган.
  Партия ўзининг ғояларига садоқатли ҳамда сайловчилар ишончини қозонган номзодларни давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро органларига илгари суради. 
    Партия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган тақдирда ҳамда мамлакат қонунчилигига асосан энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган бошқа партиялар билан блокда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига ўз номзодини илгари суради. 
  Партиянинг олий органи Қурултой ҳисобланади. Сиёсий Кенгаш Пленумлари ҳар йилда камида икки марта ўтказилади. 
  “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий нашри ҳисобланади,  газета 1995 йил 22 февралда ташкил этилган.
     Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси — Робахон Анваровна Махмудова.
    Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари — Абдукамол Шодиевич Рахмонов. 
   Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг Ахборот сиёсати бўйича ўринбосари ва “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасининг Бош муҳаррири  — Ислом Хамзаевич Ҳамроев.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот