Адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш
2024 йил 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Фармонда асосий эътибор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришда адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш кўзда тутилган бўлиб, қуйидагилар адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари этиб белгиланди.
Жумладан, аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб бориш, жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.
Адлия органлари фаолиятини ҳудудларда самарали ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлар қамровини янада ошириш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди, яъни жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда «Адлия куни» тадбирларини ўтказиш. Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш, уйма-уй юриш ва «Ҳуқуқий кўмак» акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланадиган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, «маҳалла еттилиги»га қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини оддий ва халқчил тилда етказиш, шунингдек улар томонидан «Online-mahalla» платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб бориш, аҳолига, авваламбор «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни, шунингдек тадбиркорлик субъектларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, преференциялар, субсидиялар, грантлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиш, давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш белгиланди.
Бундан ташқари, фармонда Адлия вазирлиги томонидан «Мадад» ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилиб, улар томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида «Маҳалла ҳуқуқшуноси» лойиҳаси амалга ошириб, лойиҳа доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб боришга қаратилган қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этиш, мактабларда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйиш, ўқувчилар ўртасида «Ҳуқуқ билимдони» фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида «Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказиб бориш, мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобил иловалар яратиш белгиланди.
Фармонга асосан, 2024 йил 1 июлдан мobile-ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилиши, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида, уларнинг электрон нусхаларини талаб этиш амалиёти бекор қилиниши, аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилиши, нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилиши ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юбориш белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, Адлия органларини аҳолини ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, уларни муаммоларини манзилли ўрганиш, уларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда масъулиятини оширишдан иборатдир.
Урмонов Санжар,
Андижон шаҳар Адлия бўлими
юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти