Феномен ҳодисалар даврида сўз қудрати
Феномен ҳодисалар даврида сўз қудрати
Биз, Ўзбекистон миллий медиа соҳаси вакиллари катта сиёсий ахборот курашига тайёрмизми? Бу саволнинг жавоби замонавий нуқтаи назардан бир қадар оғриқли ва баҳсли бўлиши мумкин. Шунингдек, жуда жўн жавоб бериш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Хуллас, бугунги мушоҳадаларимиз шу ҳақда.
Яқинда бир дўстимизнинг уйида меҳмон бўлдик. Анъанага кўра ош дамланди. Дастурхон атрофида фарзандларимиз билан ўтирибмиз. Кимдир қўл билан, кимдир қошиқ билан ош ейишни бошлади. Шунда дўстимнинг 8-синфда ўқийдиган қизи: “Тасаввур қилинг, ҳозир ёнимизда инглиз сайёҳлари ўтирган бўлса, мен уларга “Pilaf is eaten by hands” (Бизда палов қўл билан ейилади), дея мақтанган бўлар эдим”, деди кулиб. Тўрда ўтирган яна бир меҳмон дўстимиз эса қўлидаги қошиқни ошлаган четига қўйди-да: “Бу мақтанадиган одат эмас, қизим. Бир замонлар бизда қошиқ тақчил бўлган, шунинг учун ҳам ошни қўлда ейиш сунъий урфга кирган”, деди тарихда янги саҳифа очгандек мақтаниб. Қизимиз эса жим бўлиб қолди. Битта гап билан унинг қалбида куртак отаётган миллий ғурур ҳисси лат еганини сездим-у, иштаҳам бўғилди.
Миллий тарбиядаги нуқсонларимиз алоҳида мавзу. Ўзбеклар дастурхонида қошиқлар шовури қачон бошлангани ҳам тарихчилар ҳукмига ҳавола. Биз дастурхон атрофидаги бу қисқа воқеа фонида онг учун кураш ва ахборот жанги оқибатида содир бўлган фожиани кўрдик. Энди дўстимнинг қизи хорижлик сайёҳлар олдида ҳеч қачон мақтана олмайди. Аксинча, улар ош еймиз деса, қимтиниб туриши табиий.
Миллий мафкура учун курашда биз — оммавий ахборот воситалари қанчалик илғор ва фаолмиз, таъсирчан ва ватанпарвармиз? Шу йўлда журналистлар билан бирдек масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмикан? Уларнинг матбуот котиблари-чи?
Замоннинг янги бир руҳи
Биз феномен ҳодисалар даврида яшаяпмиз. Чекимизга мураккаб, таҳликали шароитларда яшаб, хайрли мақсадлар йўлида ўзимизни қийнаш, келажак авлодларимиз учун хавфсиз ва тарихий буюк Ватанни мерос қолдириш вазифаси тушган. Бу оғир муддао жуда шарафли ҳамдир. Келгуси тарих биз ҳақимизда ижобий хулосалар битиши учун ҳали кўп ҳаракат қилишимиз керак.
Муаммолар эса ҳар доим ҳам бўлган. Дарвоқе, муаммо ҳақида. Муаммо тизимдаги бўшлиқлар таъсирида юзага келади. Бу бўшлиқни тўлдирувчилар эса ҳамиша ҳушёр туради. Шу ўринда юқоридаги саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.
Бугун халқимиз билан биргаликда Янги Ўзбекистонни қуриш ва ҳаётимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида катта марраларни босиб ўтмоқдамиз, салмоқли, тарихий ютуқларга эришяпмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида Янги Ўзбекистон жамияти ҳақида тўртта муҳим тушунчани айтиб ўтган.
Биринчиси: Янги Ўзбекистон — мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, эркинлик ва озодликнинг янги даври, бунёдкорлик ва фаровонлик йўлининг юқори босқичи.
Иккинчиси: Янги Ўзбекистон — катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мададга муҳтож инсонлар ва оилаларга чинакам кўмак ва ёрдам бериш, меҳр-оқибат кўрсатиш ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётган ижтимоий макон.
Учинчиси: Янги Ўзбекистон — жаҳон ҳамжамияти билан, энг аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик эшиклари кенг очилаётган, мамлакатимизнинг жозибадор демократик қиёфаси янгиланаётган бугунги бетакрор замон.
Тўртинчиси: Янги Ўзбекистон — ўзгариб, куч-қудратга тўлиб бораётган, дунё аҳли эътироф этаётган янгиланган жамият, дунёга юз тутаётган эркин бир ўлка.
Мана шу тушунчалар бизнинг олдимизга янги фалсафий қарашлар ва ижтимоий интилишларни қўяди. “Булар нималарда акс этиши керак?” саволи қўйилса, энг аввало, матбуот кўзгусида, деган бўлардик. Боиси, бугун миллий матбуотимиз мутлақо янгича формат ва аввал кузатилмаган, имконият берилмаган сўз эркинлиги муҳитида шаклланиб улгурди.
Мамлакатимизда ахборот майдонининг локомотивлари — журналист ва блогерлар қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг эркин ва фаол ижод қилиши учун қулай шароитлар яратилаётгани ва бунга Президентимиз алоҳида аҳамият қаратаётгани ҳам бежиз эмас.
Боиси, давлатлараро муносабатларда сиёсий қарашларнинг тобора кескинлашаётгани, зиддиятли тарафга ўзгараётгани, бу жараёнда эса, энг аввало, ахборот курашида миллий манфаатлар устун қўйилаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Шундай экан, бугун биз, журналист ва блогерлар таҳлилий-танқидий фаолиятимизни ана шу глобал эҳтиёж нуқтаи назаридан йўлга қўйишимиз бугунги замон талаби ўлароқ юзага қалқмоқда.
Бир ўйлаб кўрайлик, миллий медиа соҳаси вакилларига бугунгидек кенг имконият ва имтиёз қачон берилган? Билишимизча, ҳеч қачон. Эндиги гап бу шароитдан ким қайси мақсадда фойдалана олишида қолмоқда.
Тўғри, бизга танқид керак. Аммо у ҳаққоний бўлсин. Президентимиз ҳар сафар журналистлар билан учрашганида ҳамкасбларимизни жойлардаги, соҳа ва тармоқлардаги, умуман, ҳаётдаги муаммоларни очиқ-ойдин, ислоҳотлар самарасини реалликка асосланиб, бўрттирмасдан, яширмасдан, борича айтишга чорлаб келади. Биз шунга кўникиб бўлдик.
Аммо масаланинг иккинчи томони бўй кўрсата бошладики, бу ҳар биримизни жиддий ўйлантириши керак. Биз дунё миқёсидаги ахборот оқими фонида авж олаётган миллий давлатчилик манфаатларини ҳимоя қилишда бир оз сусткашликка йўл қўяётгандекмиз.
Бу нималарда кўзга ташланади? Масалан, ғарбу шимол нашрлари бугун жиддий ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, экосиёсий, геосиёсий мавзулар билан тўлиб-тошиб турибди. Улар кўтараётган масалалар оҳанги бутун дунёни тутмоқда. Бу тарғибот, аввало, ўша мамлакат манфаатлари ва ғояларини ёйиш билан алоҳида хусусият касб этади. Чунки ғоялар жанги авж олаётган бугунги дунёда миллий манфаатлар зуҳур этилиши ҳам жуда зарур бўлиб бормоқда.
Биз эса давлатнинг ўзи қўллаб-қувватлаб турган бир пайтда ҳали-ҳамон “ички ошхонамиз”даги ур-сурлар билан бандмиз. Тўғри, бу керак. Бу жамиятдаги иллатларни йўқотиш учун ҳам керак. Аммо бир нарсани унутмаслик зарур, замоннинг янги бир руҳи пайдо бўлган шароитда энди биз халқаро миқёсда таҳлил юритадиган босқичга ўтишимиз керак. Негаки, халқаро сиёсатда бугун Янги Ўзбекистон феномени пайдо бўлди. Бу қутлуғ ҳодиса замирида Президентимиз таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон орзуси ва унинг асосида ишлаб чиқилган стратегияда Марказий Осиёдаги қўшниларимиз, бутун жаҳон ҳамжамияти, узоқ-яқиндаги давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик, тобора глобаллашиб бораётган бугунги дунёдаги муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, энг ривожланган мамлакатлар сафига киришдек амалий саъй-ҳаракатлар мужассам”.
Шундай экан, биз, аввало, миллий медиа соҳасидаги ҳозирги ҳолатимизга бир қур назар ташлаб, муаммо ва камчиликларни рўй-рост айтмоғимиз ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Рост гап ўрнини ёлғон эгалламасин
Юқорида айтганимиз каби, бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий ва маҳаллий ОАВ вакилларига, мустақил журналист ва блогерларга аниқ ва холис ахборотни биринчи манбадан тўғридан-тўғри, ҳеч қандай тўсиқсиз олиш имкони яратилган. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган ғоянинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бундай имконият янада кенгайди.
Функционал вазифамиздан келиб чиқиб, Ўзбекистон Миллий матбуот марказида матбуот анжуманлари, брифинглар, турли шаклдаги учрашувлар ўтказишга ташкилотчилик қиламиз. Бу каби тадбирлар сони кейинги йилларда жуда кўпайди, дейишга ҳам асосларимиз бор. Ҳар куни бир-иккита шундай тадбирлар бўлади. Ҳисоб-китоб қилсак, ўтган 6 йилда марказимизда 1500 га яқин матбуот анжумани ўтказилибди. Мана уларнинг солиштирма кўрсаткичи: 2010 йилда 45 та матбуот анжумани ташкил этилган бўлса, 2017 йилда 196, 2018 йилда 238, 2019 йилда 251, 2020 йилда 129, 2021 йилда 315, 2022 йилда 319 марта матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бу рақамлар, қайсидир маънода, ахборот майдонидаги тарқоқлик сабаб пайдо бўлган мавҳумлик ва чалкашликларга барҳам берди. Ахборотларни тезкор равишда таҳлил этиб, уларнинг тўғри ва холислигини таъминлайдиган тизим яратилди. Ўзбекистон аҳолиси биринчи марта тўғридан-тўғри эфир орқали ҳар куни республика ташкилотлари масъул раҳбарларининг ахборотини эшитди, ўзларини қизиқтирган саволларга матбуот анжуманлари вақтида онлайн савол йўллаш орқали жавоб олиш имкониятига эга бўлди.
Лекин бизни ўйлантирадиган бошқа бир жиҳат бор. Бу жараёнда аксарият вазирлик ва ташкилотлар фаол бўлишга интилгани ҳолда, журналистлар билан мулоқот қилишдан, куннинг долзарб мавзулари юзасидан одамларда туғилаётган саволларга очиқ маълумотларни айтишдан иҳоталанган идоралар масъул раҳбарлари ва матбуот котиблари ҳам бўлди ва ҳамон бор.
Уларни ҳозир бирма-бир санамадик. Боиси, бугунги давр шиддати биздан бир-биримизни айблаш эмас, хатолардан хулоса чиқариб, ҳамжиҳатликда ишлашни талаб қилмоқда. Лекин бир нарсани айтиш мумкинки, ОАВдан иҳоталанган соҳа масъуллари ва матбуот котиблари ўз фаолиятини, журналист ва блогерлар билан ҳамкорлик масаласини қайта кўриб чиқиши ва ислоҳ қилиши керак. Чунки юқорида айтганимиз каби, қаердаки бўшлиқ пайдо бўлса, уни тўлдиришга ҳозиру нозир “ташқи дўстларимиз” борлигини унутмаслигимиз шарт.
Уларни ҳам қўя турайлик. Аввало, жамиятимиздаги тинч-осойишта муҳитни ўйлайлик. Айтайлик, бугун газ ёки электр энергияси масаласида одамларни ўйлантираётган, ташвишга солиб, эртанги кунидан хавотир олишгача бориб етаётган масалалар ҳақида қанча гап-сўзлар тарқалди. Орада хориж матбуотидаги ёлғон, асосланмаган таҳлилий маълумотлар ҳам одамларни анча чалғитиб, кайфият қобиғини тилди.
Яхшики, мутасадди раҳбарларимиз тезда бу масалага ойдинлик киритди. Вазият яна изига тушди. Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, ҳар қандай воқеа-ҳодисаларга фактлар билан асосланган ахборот манбаси керак бўлади. Бу ўзимизнинг манба бўлсин, токи одамларимиз ташқи ахборот манбаларидан озуқа олмасин.
Ахир одамлар, шу жумладан, журналист ва блогерлар очиқланмаган ахборотларни ёт, шубҳали манбалардан излабгина қолмай, топиб олаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Улар топган жавобнинг тўғри ё нотўғрилиги, холис ё нохолислиги алоҳида масала, албатта.
Кундан-кунга шиддат билан ўзгараётган, ниҳоятда мураккаблашган бугунги давр, тобора глобаллашаётган дунё узуқ-юлуқ ахборотлар билан қаноатланмай қолгани ҳеч биримизга сир эмас. Шунинг учун ҳам бугун тўғри ва холис ахборотлар мунтазам айтилиши керак, ёлғонга жой қолмаслиги зарур. Айтилмай қолган рост гапнинг ўрнини ёлғон гап эгаллашини зинҳор унутмаслигимиз лозим.
Шундай экан, бир-биридан муҳим, долзарб вазифаларни сифатли ва самарали амалга ошириш жараёнлари ҳақидаги шаффоф, тўғри ҳамда холис ахборотлар бугун жамиятга сув билан ҳаводек зарур.
Шундан келиб чиқиб, мавриди билан бугун ҳамкасбларимиз олдида қандай вазифалар тургани ҳақида ҳам айрим мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашсак.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга берган интервьюсида халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг фикрини олиш имкони, бу борадаги “бўшлиқ”ни тўлдириш ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деган эди: “...Албатта, бугунги кунда одамларни қандай масала ва муаммолар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини яқиндан билишда ёрдам берадиган очиқ манбалар, ахборот тармоқлари кўп.
Айниқса, телевидение, матбуот, интернет ҳаёт нафасини, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир соҳанинг “юрак уриши”ни аниқ-равшан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан.
Бир сўз билан айтганда, замонавий ахборот технологиялари ривожланган бизнинг давримизда реал ҳаётдан бутунлай узилиб қолиш мумкин эмас. Шунга қарамасдан, халқ билан турли кўринишдаги, дейлик, бу режадаги тадбир бўладими ёки маҳалла, туман, қайсидир муассасага кутилмаган ҳолатда кириб бориш орқали бўладими, умуман, бевосита мулоқот ҳамиша керак, деб ҳисоблайман”.
Давлатимиз раҳбарининг мана шу фикрлари ва бошқарувдаги шахсий ёндашуви биз, медиа соҳа вакиллари учун асосий принципиал характер касб этиши бугунги кун талабидир.
Шу маънода, олдимизда ниҳоятда катта вазифа турганини ҳам англаб етиш мушкул эмас. Бу, биринчидан, ислоҳотларнинг ҳаққоний бориши ҳақида холис ахборот оқимини ҳосил қилиш. Иккинчидан, халқимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлида ғов бўлиб қолаётган коррупция, бюрократизм, таъмагирлик ва лоқайдлик сингари иллатларга қарши олиб борилаётган изчил курашлар ҳақида очиқ-ойдин ахборот бериб бориш. Учинчидан, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўз кучига, эртанги кунига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва янги марралар сари сафарбар этиш борасида олиб борилаётган устувор вазифалар ҳақида, мамлакатимизда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси тўғрисида маълумотларни аҳолига изчил равишда етказиб бориш. Тўртинчидан, одамларда катта қизиқиш уйғотаётган воқеа-ҳодисалар, ОАВда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган масалалар юзасидан кечиктирмасдан муносабат билдирилиши, муайян мавзу бўйича халқимизда, журналистларда, шу жумладан, блогерларда туғилаётган саволларга аниқ ва асосли жавоб айтилишини таъминлашимиз керак.
Демак, бу борада ОАВ вакиллари билан бирга давлат ва нодавлат ташкилотлар масъуллари ҳам бирдек жавобгар ва бурчли эканини унутмаслигимиз зарур.
Мақоламиз аввалида дастурхон атрофидаги онг учун кураш ва ахборот жанги фожиаси ҳақида айтган эдик. Ўртадаги шунча гап-сўзлардан кейин хулоса ўрнида таъкидлашни истардикки, Янги Ўзбекистон медиа тузилмаси олдида ниҳоятда муҳим вазифалар турибди. Бу вазифаларни, асосан, виждоний ҳавола сифатида ҳам қабул қилиш вақти келди. Ниҳоят биз шундай бўлишимиз керакки, токи келажак авлод бугунги ахборот оқимида ва ғоялар жангида ҳеч қачон бўйин эгиб қолмасин.
Шавқиддин ҒАНИЕВ,
Ўзбекистон Миллий матбуот маркази раиси.
2023 йил.