ЧАЛА ҚОЛГАН ЭРТАК
Меҳринисо ҚУРБОНОВА
ЧАЛА ҚОЛГАН ЭРТАК
Роҳила опа эллик саккиз ёшда. Гоҳ-гоҳида оммавий cаҳналарда кўринишини айтмаса... У ёшларга на ҳавас қилади, на ҳасад. Фақатгина уларнинг ёниб-ёниб, жонларини куйдириб ўйнамаётганлигидан хуноб бўлади. Э, бир маҳаллар бош образларни шундай қойилмақом қилиб ижро этардики, томошабинлар гулдурос қарсаклар билан узоқ олқишлашарди. Унинг назарида бугунги ёшларнинг кўпчилиги ҳиссиз ҳолатда, эрмак учун, “театрда ишлаяпсанми, ролъ ижро этиб туришинг керак” қабилида саҳнага чиқиш қилишади. Опа уларнинг театрни иккинчи иш жойи деб билишларидан куюнгани-куюнган.
Қишки таътил бошланиши билан опани излаб қолишади. У гоҳ Тулкивой, гоҳ Ялмоғиз кампирни шунчалик даражада қотириб ўйнайдики, гўё бир йиллик диққинафас, зерикарли ҳаётини ўн икки кунлик арча томошалари безагандек бўлади. Бир кун ичида ўзига топширилган ролни етти-саккиз-маротаба ижро этиб берар, аммо чарчадим демасди. Кечқурун уйига учиб-учиб хурсанд ҳолатда кириб борар, болалари унинг вазифасини яхши тушунишарди. Ҳар замонда катта ўғли "Онажон, нафақага чиқсангиз бўларди, чарчаб қоласиз-ку", - деб қўяди.
Опа театр жамоасидан хурсанд. Уни қаторга қўшишганидан қувончи чексиз. Январь ойининг бошлари эди, театр директори уни йўқлаётганини айтишганида, юраги қўрқувдан “тарс” ёрилаёзди. Пардозхонасида тинчгина пайпоқ тўқиб ўтирган эди. “Театр директори ҳар куни кўриб юрган одамим бўлса, нега ҳаяжонланаяпман ўзи? Нега юрагим ёш қизларникидек дук-дук ураяпти, ўзингни қўлга ол, Роҳила, ёшлигинг ўтди. Юрагингни чатоқ қиласан”, дея-дея минг хил хаёллар ичида раҳбарнинг хонасига кириб борди. Хаёлининг бир учида ходимларни қисқартириш масаласи кўндаланг бўлиб тураверди. Директор ўрнидан туриб опа билан қўл бериб кўришди. Ҳатто “чарчатиб қўймаяпмизми?” деб елкасига қоқиб қўйди. Хизматларини мақтади, “ёшларга ўрнак бўлаяпсиз”, дейишни ҳам унутмади. Сўнг Роҳила опанинг “нима гап” дегандек жавдираб термулганига кўзи тушиб, гапнинг индаллосини айта қолди...
Опанинг кўз ўнгида бундан икки йил аввал бўлиб ўтган воқеа гавдаланди. Шаҳарнинг казо-казоларидан бирининг тантиқ ўғилчаси арча атрофида Қорбобо ёки Қорқиз эмас, айнан Тулкивой бўлишини истаб қолибди. Тулки ролини театрда ҳеч ким опачалик қойилмақом қилиб ижро этолмаслигини раҳбар яхши билади. Опа эртакнинг ичига “кириб” олади, овоз, шиддат, ҳаракат уни ҳамон тарк этмаган, ихчам гавдасига ҳамма кийим ярашади, йўқ, тўғри келаверади, десак тўғрироқ бўлар... Лекин баъзида ўша тантиқ болага хизмат қилган кунини эсласа хўрлиги келади.
...Бой-бадавлат хонадон эгалари жуда одми кийинган Роҳила опани совуққина қарши олишиб, ичкарига етаклашди ва “овқатланиб олинг”, деб дастурхонга таклиф этишди. Дастурхон шу даражада тўкин-сочин эдики, лекин аёл негадир нозу-неъматларга ютиниб қарамади. Чунки келишидан олдин уйида ярим коса қатиқли маставани ичиб, қорнини тўқлаб олган. Чеккадаги курсилардан бирига ўтирди ва атрофни кузата бошлади. Меҳмонхона ўртасида шипга теккудек улкан арча қойилмақом қилиб безатилган. Уй эгасининг набираларими, қариндошларими, хуллас, беш-олтита бола у ёқдан бу ёққа югуриб юришибди. Ҳар замонда ўзлари учун ясатилган дастурхондаги ширинликлардан чўқилаб-чўқилаб қўйишади. Катталар эса кўринмайди. Ҳатто уй бекаси-да қорасини кўрсатмаяпти. Опа анграйган ҳолда атрофни кузатар экан, шу чоғ пешонасига тарсиллаб теккан зарбдан чайқалиб кетди. Оғриқдан “вой-вой”лаб қўллари билан юзини тўсиб, секин мўраласа... рўпарасида ўн ёшлардаги зумраша чўзма ушлаб тиржайиб турибди. Роҳила опани кузатиб келган йигит жиянининг қилиғидан изза бўлиб, “хафа бўлмайсиз-да, поччамнинг эркатойи, узр опа, минг бор узр”, - деди.
- Тулки қани, қани деяпман? - дея бақирди эркатой. -Нега келмади? Топинглар, девдим-ку!
Роҳила опа бошқа хонага чиқиб, бирпасда тулки ниқобини кийди ва арча атрофига келган эди, эркатой қувончидан ирғишлай бошлади, зерикиб ўтирган бошқа болакайлар ҳам қий-чув қилиб юборишди. Уч ёшлардаги ширингина қизалоқ “тулки”ни кўриб, қўрққанидан иштонини ҳўллаб қўйди. Роҳила опанинг назарида болаларни бу ерга мажбуран етаклаб келишгандек туюлди. Начора, у санъаткор, вазифасини бажариши керак. Арча атрофида бор маҳоратини кўрсатди: эртаклар айтди, рақсга тушди, куйлади, сакради. Эркатой нимани талаб қилса, ҳаммасини бажарди. Икки-уч соатча эртаклар айтиб, “тулкилик” қилиб, ҳамма болаларни хурсанд қилди. Уй эгаси олдиндан тайёрлаб қўйган совғаларни “сизларга олис-олис тоғлардан, боғлардан келтирдим”, деди-ю, балога қолди. Эркатой “Нега алдаяпсан, айёр тулки, ахир буларни кечагина адамлар бозордан келтирдилар-ку”, дея яна чўзмасини отишдан ўзини тиёлмади. У бола эмас, нақ бало эди. Эркатой икки соат ичида шунақанги хурмача қилиқлар қилдики, Роҳила опанинг яна икки соат турса, эси оғиб қолиши аниқ. Эркатой келган меҳмон болаларнинг ҳам роса додини бераяпти. Бирини оёғидан чалиб йиқитди, яна бирининг пешонасини ғурра қилди. Иштонини ҳўллаб қўйган қизчанинг оғзига мажбурлаб шоколад тиқиб йиғлатди, лекин унга ҳеч ким танбеҳ бермаётган эди. Бола далада ўз ҳолича ўсган ёввойи гулга ўхшарди.
Опа кетаётганида кузатиб келган йигит унинг қўлига йигирма доллар пул берди. У энди остона ҳатлаб кўчага қадам қўяётган эди, орқасидан биров зарб билан тепди. Қараса, бояги эркатой хунукдан-хунук тиржайиб турибди. Тепганини эсласа, хўрлиги келади. Лекин опа бу вазифани пул учун бажарган, чунки онаси тўшакда оғир аҳволда ётар, дори-дармонга маблағ етишмаётган кунлар эди. Бор ички қувватини йиғиб, пулни олди ва чиқиб кетди.
Опа ўша воқеани эслаб хомуш тортди. Директорнинг айтишича, бир хонадонда “хизмат” қилиб бериши керак экан. Начора, ҳозир ҳам рози бўлишдан бошқа иложи қолмади, йўқ! Театрда шунча артист туриб, унга мурожаат қилаётганининг ўзи катта бахт, катта ишонч... У ”Ялмоғиз кампир”нинг кийимлари ва ниқобларини олиб, эртаси куни айтилган жойга борди. Бу ерда Роҳила опани уй бекасининг ўзи чиқиб кутиб олди ва мулойимгина овозда ичкарига бошлади.
Жуда чиройли қилиб безатилган арча, уй бурчагида тўкин-сочин дастурхон ва ажабо... тўрда тўққиз-ўн ёшлардаги бола ўз уйида қимтинибми, зерикибми, худди бегонадек жимгина ўтирарди. ”Бошқа болалар қани?”, - деб сўради опа уй бекасидан.
- Ёлғизгина ўғлим, - деди бека. - Кўнглини олиб зериктирмасангиз бўлгани. Ҳозиргина Қорбобо ва Қорқиз келиб, томошалар кўрсатиб кетишди. Ялмоғиз кампирни топиб беринг, деб ялинаяпти. Уни кулдиринг, яйратинг, яхшилаб рози қиламан!
- Менга пул керакмас, - деди опа куйиниб .- Болангиз хурсанд бўлса, шунинг ўзи кифоя.
Роҳила опа болани кулдириш учун қўлидан келган бор маҳоратини кўрсатди. Айниқса, ғалати-ғалати эртаклари болага роса ёқди. Меҳмон бўлиб келишган бобоси ва бувиси билан рақсга тушишди. Болакай ҳатто “ялмоғиз кампирнинг қўлидан яхшилик қилиш ҳам келадими?” деб сўради катталардан. Опа болаларнинг руҳиятини яхши биларди, синчковлик билан кузата туриб шундай хулосага келдики, бола ҳарқанча кулмасин, яйрамасин, кўзлари ниҳоятда ғамгин эди, нигоҳларидаги маъюслик одамни эсанкиратиб қўярди. Бу бола аввалги, уни тепки билан сийлаган шумтакадек тантиқ эмас, оғир-босиқ, ақлли. У “ялмоғиз кампир”га яхши муомалада бўлди. Эртакларини диққат билан тинглади. Гаплари бийрон, нигоҳлари қатъий. Опанинг назарида болакайнинг болалиги олис-олисларда уни кутиб тургандек туюлди.
Кеча сўнггида хонадон бекаси опани дарвоза олдигача кузатиб қўйди. Қўлига мўмайгина пул берди, егуликлар тўла оғиргина сумкани қўлига тутқазди, кўпдан-кўп миннатдорчилик билдирди. Шу пайт кимдир уни чақиргандек бўлди. Қараса, бола у томонга югуриб келаяпти. Онаси “эгнинг юпун”, деб елкасига нимчасини ташлаган эди, бола “керакмас”, деб силтаб ташлади. Аёл ва болакай бир зум сўзсиз, садосиз бир-бирларига термулиб қолишди. Пардозлари юзидан бутунлай кетмаган, ажин босган ҳорғин чеҳра ва кекса чолни эслатадиган ўн ёшли болакай хаёлан нималарнидир сўзлашишди. Бир-бирларини ҳеч қачон танимаган, кўрмаган турли феъл, турли ёшдаги икки одам назарида дунё минг маротаба чархпалак бўлиб айланди.
- Хола! - деди бола ниҳоят тилга кириб. - Айтиб берган эртакларингиз фақат яхшилик билан тугади-ку!
- Шуниси яхши эмасми? - деди опа. - Масалан, мен ҳамма воқеанинг яхшилик билан тугашини истайман.
- Менга совғангиз йўқми? - деди болакай.
- Вой, болажоним, уят бўлади-я! - деди онасининг фиғони ошиб. - Уй тўла совға-ку!
- Менга эртакчи холанинг совғаси керак! - деди бола қатъий туриб.
Опа довдираб қолди. Боланинг тўсатдан совға сўраши унинг хаёлига ҳам келмаган. Шундай бўлса-да, беихтиёр сумкасини ковлай бошлади. Ширинлик солиб қўйса бўлар экан. Беихтиёр палътосининг чўнтагига қўл солди-ю, тилла топгандек суюниб кетди. Кеча дўкондан шакар олаётганида, қайтимига икки дона сақич қайтаришган эди. Нима бўлса бўлар, деб шуларни болага узатди. Ҳайрият, бола катта совға олгандек суюниб кетди ва қоғозини очиб, сақичлардан бирини оғзига солди. Ҳузур қилиб чайнади ва уларнинг орасида сўзсиз-садосиз шундай сирли суҳбат бошланди:
- Мен сиз билан кетишни истайман!
- Жон-жон деб олиб кетардим, аммо...
- Мени... ўша ўзингиз айтган эртаклар мамлакатига олиб кетинг, Қорбобо, Қорқиз,Тулки, Ялмоғиз кампирлар яшайдиган эртаклар шаҳрига кетаман.
- Болакай, мен сеҳргар эмасман. Мен ҳеч кимман. Шунчаки бировларнинг хизматини қиладиган ижрочиман холос!
- Менга яна қандай совғалар тақдим этган бўлардингиз?
- Сенгами? Ёғаётган оппоқ қорни, анави дарахтларни, еру-осмонни, яхши хаёлларни, оддий болаликни... Қўлимдан келгани шу. Хайр, омон бўл, болам!