АЁЛ ЗОР БЎЛМАСИН БИР МАРД ЭРКАККА!
Қадрли, меҳрибон инсон, пойтахтга келиб, Мавлуда опам туфайли топган суянчиғим, маҳоратли актёр, дубляж санъати устаси - Ҳошим Арслоновнинг порлоқ хотирасига бағишлайман. Бу суҳбат анча йиллар олдин уюштирилганди.
– Ҳошим ака, барчанинг ўз олдига қўйган мақсади, орзуси бўлади. Сиз аслида ким бўлмоқчи эдингиз?
– Болалигимда футболчи бўламан, деб ўйлардим. Чустда, яъни туғилиб ўсган шаҳримда ўқимасдан, Тошкентдаги спорт мактабида машҳур футболчи Владимир Фёдоров билан бирга 9-синфгача сабоқ олганман. Икки маротаба оёғимдан жароҳатландим. Шундан сўнг қайдасан Чуст, деб уйга равона бўлдим.
– Қандай қилиб санъатга қизиқиб қолдингиз?
– Дадам бўш вақтимизда ўзлари ёзган шеърларни шунақанги чиройли ўқиб берардилар, эшитиб қойил қолардик. Кейин биз ҳам шундай ўқишга ҳаракат қилардик. Аммо уддасидан чиқолмасдим. Чунки мен мактабда рус гуруҳида ўқирдим-да. Дадамнинг асли касби шифокор. Эл соғлиги учун камарбаста инсон эдилар. Аммо адабиётни жудаям яхши кўрардилар. Қачон қарамайлик, қўлларидан китоб тушмасди. Хоналарига кириб борсак, ижод қилиб ўтирган бўлардилар. Китобни кўп мутолаа қилардилар. Дадамга қизиқиб мен ҳам шеърлар ёд олардим. Ҳатто мактабимизда ансамбль тузиб, унда бошловчилик қилганман. Тузган ансамблимиз билан вилоятимизда бўлиб ўтган кўрик-танловларда қатнашиб, кўплаб ғолибликни қўлга киритганмиз.
Мактабни тугатгач, Маннон Уйғур номидаги Санъат институтининг кино ва актёрлиги факультетига ҳужжатларимни топширдим. Талаба бўлдим. Саҳна нутқини гоҳида кечаси билан ухламасдан ёдлаб чиқардим. Маҳмуд Исмоилов, Ғайбулла Ҳожиев, Санжар Саъдуллаев, Матёқуб Матчонов, Муҳаммадсоли Юсуповлар курсдошларим бўлган.
– Санъатни танлаган инсон ортига қайтолмаса керак-а?
– Актёрлик ўзига яраша машаққатли, ҳаддан ташқари фидойиликни талаб қиладиган касб. Гоҳида бетоб бўлиб қолишингиз ёки кайфиятингиз йўқ бўлиши мумкин. Лекин саҳнага чиққанингдан сўнг барчасини унутиб, берилган ролингизни қойилмақом ижро этишингиз шарт. Негаки сизнинг санъатингизни томоша қилиш учун мухлислар вақт ажратиб келган. Уларнинг гулдурос қарсаклари эса сизнинг ташвишларингизни унуттириб юборади.
– Сизни кўп қиррали актёр дейишимиз мумкин. Чунки Ҳиндистон, Мексика, Корея каби давлатларнинг сериаллари, кинофильмларидаги овозингизни томошабин бир зумда ажратиб олади.
– Дубляж соҳасида ҳам фаолиятимни театрдан ажралмаган ҳолда олиб бораяпман. Бу билан чекланиб қолмайман. Киноларда ҳам роллар ўйнаб тураман. “Марғиёна”да вазир, “Алпомиш”да Бойсари, “Отамдан қолган далалар”да Ақраб, “Чимилдиққа отилган ўқ”да ота ролларини ўйнадим. Тоғай Мурод қаламига мансуб бўлган “Отамдан қолган далалар” бадиий фильм қилинди. Унда биргина оддий ўзбек деҳқони Жамолиддин кетмон ва унинг бир неча авлоди мисолида энг яқин, аммо бизнинг ўзлигимиздан, ўзагимиздан узоқлаштирган, айирган машъум тарихимиз – 130 йиллик истибдод, зулмларнинг акси кўз олдингизда намоён бўлади. Бу фильмда фарзандларим Жамшид ва Бобур ҳам роль ўйнашган.
– От изини той босар деганларидек, фарзандларингиз ҳам сизнинг йўлингизни танлашибди-да!
– Ўғлим Бобур шу йўлни танлади. Бир пайтлар мен Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёшлигини ўйнасам, деб орзу қилардим. Аммо ўйнолмадим. Ўша пайтда ўғлим туғилди. Исмини Бобур қўйдим. Зора менинг ёшлигимдаги орзуларимни рўёбга чиқарса.
– Аёлларга қандай таъриф берасиз?
– Аёлларимиз очилаётган нафис гулга ўхшайди. Унинг очилиши ёки сўлиши эркакка боғлиқ. Аёл кўнгли жуда нозик. У ширин сўзнинг гадосидир. Бир оғиз ширин сўзингизга эриб кетади. Шунинг учун эркакларга шундай дегим келади:
Майли, бошлаб киринг тақдир чўлига,
Майли, дучор этинг турмуш дўлига,
Майли, тоқат қилманг каму мўлига,
Майли, қанот бўлманг ўнгу сўлига,
Майли, гоҳ чўктиринг кўз ёш кўлига,
Майли, юлдуз сепманг юрган йўлига,
Майли, гул тутқазманг ҳар кун қўлига,
Лек бефарқ қараманг аёл кўнглига!
– Бугунги кунда оталар ўз масъулиятини ҳис қилишаяптими?
– Айрим оталарни кўриб нафратланаман. Улар фарзандлари у ёқда турсин, ўзини ҳам эплаб боқолмаяпти. Хотинининг пинжига кириб, қўлига қараб ўтирибди. Оғир сумкаларни кўтариб аёли бозорда юрибди. Қани унда эркаклик ғурури, орияти? Нима дейишни ҳам билмайман ундайларни. Эркакларга қарата шундай дегим келади:
Мўъжиза яратманг майли, аёл деб,
Шундоқ ҳам бу ҳаёт ўхшар эртакка
Қўлингиздан келса, қўрғон бўлинг сиз,
Аёл зор бўлмасин, бир мард эркакка!
– Нимани яхши кўрасиз?
– Ҳайвонлардан отни. Сабаби: от инсонга садоқатлидир. Ўзи ярадор бўлса-да ўз эгасини авайлайди. Фильмни тасвирга олиш майдонларида от минишни ўрганиб олдим ва унга меҳрим тушди. Уни қанчалик эркалаб, яхши сўзлар билан сийласанг, у ҳам сенга меҳр берар экан. Фақат тилсиз жонзот, холос. У кези келса эгасини қутқариш учун душман билан ҳам кураша олади. Ўзи қурбон бўлса-да бу аҳдидан қайтмайди.
– Турмуш ўртоғингиз, оилангиз...
– Тушундим. Бизнинг факультетда Мавлуданинг дугонаси ўқирди. У тез-тез келиб турарди. Ўшанда севиб қолганман. Кейин Бекободдан Чустга келин қилиб олиб кетдик. Бироз Чустда яшагач, пойтахтга қайтдик. Икки йилдан сўнг уйли бўлдик. Бир қизим ва учта ўғлим туғилди. Набиралар кўрдик.
– Самимий суҳбат учун ташаккур.
Хонбиби ҲИММАТ қизи суҳбатлашди.
2006 йил.