ЭРКИН УСМОНОВ ФЕНОМЕНИ


     Бугун бир ажойиб дўстимни эслагим келди. Чунки, роппа-роса етти йил аввал, худда шу бугунги кун 4 декабрда вафот этганди. 
     У ҳақда бир эсдалик мақола битганман. 

Озод МЎЪМИН ХЎЖА
ЭРКИН УСМОНОВ ФЕНОМЕНИ
(мақола)

     Янги йил киргандан сўнг, бир неча кун ўтгач, эрта тонг туш кўрдим: Ёзувчилар Уюшмаси аъзолари Дўрмон боғига ўхшаган бир масканга йиғилаётган эканлар. Сал вақтлироқ бориб, дарахтлар тагига, бир нечта ижодкорлар йиғилиб турган жойга борсам, у ерда оқ куйлак ва оқ шим кийиб турган Эркин Усмоновга кўзим тушибди. У ҳам мени пайқаб, юзланибди: “Қалайсан, Озод?” У билан ҳол-аҳвол сўрашгач, савол берибман: “Абдуллакани кўрмадингми, яқин кунларда?” “Ҳа, бир суҳбатлашгандим...”, дебди у. Шундан сўнг, мен бир иш ёдимга келиб, ундан узоқлашибман. Беш-олти қадам юрмасимдан, йўлда турган ёзувчи Асад Дилмурод мени тўхтатибди. “Озод! Ҳозир ким билан гаплашдингиз?”, сўрабди у. “Кўрмадингизми, Эркин Усмонов билан!” “Ахир, у вафот этган-ку! Сизнинг бўшлиқ билан суҳбатлашаётганингизга ажабландим...” Мен елкамни қисибман ва ҳайратланиб, ўйлаб қолимбан: “Дарҳақиқат, дўстим бу дунёни бир ой илгари тарк этган эди-я... Нега у менинг кўзимга кўринди, суҳбатлашди, бошқалар эса уни пайқашмади?..”  
     Уйғонгач, бу тушнинг мағзини тушунишга уриндим. Зеро, вафот этган кимсанинг руҳи бежиз сизни безовта қилмайди. Хулосага келдимки, мен адабиёт оламидаги дўстим Эркин Усмонов ҳақида ўз фикрларимни баён этишим, унинг қандай инсон ва қандай ижодкор бўлганлигини ўз тушунчамда бу борлиққа ҳавола этишим даркор.              
    Эркин Усмонов билан ХХ асрнинг 80-йиллари бошида танишгандим. Ўша пайтларда у Радиокомитетда ишларди. Қандайдир руҳий яқинлик бўлса керакки, онда-сонда суҳбатлашадиган, камдан кам бўлса-да, учрашиб турадиган бўлиб қолдик. Ўша пайтларда мен Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Физика-техника институтида илмий ходим эдим. Лекин,  фантастик асарлар ҳам ёзар, уларни чоп этдиришга уриниб юрардим. Бир ҳолатни айтиб қўйишим керакки, биз ҳаётга умуман бошқача қарайдиган инсонлар эдик. Эркин жуда эмоционал, атроф муҳитдаги жараёнларга таъсирчан, қизиққон, тадбиркор бўлмаган ижодкор эди. Шунинг учун, турли воқеа-ҳодисаларга баҳо беришда унда ақлий нуқтаи назарга қараганда, руҳий-эмоционал муносабат кучлироқ эди. Буни, унинг ўзи ҳам биларди. Ана шу ҳолатга –иккаламизнинг ўртамиздаги фарқга, у, 90-йилларнинг бошида ўзининг кичик ҳажвий ҳикоячаси – “Физик ва лирик қиссаси”орқали хулосасини келтирганди. Асар кичик бўлгани учун, уни шу ерда келтираман.
      ***
     ФИЗИК ВА ЛИРИК ҚИССАСИ
     Осмоннинг остида, ернинг устида икки дўст бор эдилар. Бири – лирик, бири – физик. Физик анчайин вазмин, совуққон ва дилидагини тилига чиқариб ташлайверадиган шарттаки одам эди. Лирик эса аксинча, анчайин бўш-баёв ва кўнгилчан, ҳар бир нарсани ўзига олаверадиган инсон эди. Бозор иқтисодиётига ўтиш машаққатлари аввало ана шу Лирикнинг қиёфасида акс эта бошлади. Кунларидан бир куни у дўсти – Физикка ҳасрат қилиб қолди.  
     – Яқин ўртада бозорга тушдингми, дўстим? Битта сигарет фалон пул-а? “Карвон” сигарети нима деган нарса? Илгари биров текинга берса, чекмасдим. Шуям чайқовчиларнинг қўлида яхшигина нархда! “Кент”га ўхшаганларидан чекай десанг, чўнтагингнинг чанги чиқиб кетади. Ҳайрон бўлиб қолдим... 
     Физик пинагини бузмай деди:  
     – Камроқ чекиш керак, дўстим, камроқ чекиш керак!..    
     Лирик, шу-шу, чекмайдиган бўлиб қолди. Кунларидан бир кун у яна дўстининг ҳол-аҳвол сўрашига жавобан ҳасратини тўкиб солди:  
      – Асти сўрама, қайси куни меҳмонлар келадиган бўлиб қолди, тузукроқ ароқми-коньякми олай деб дўконга кирсам, нархини кўриб, эсхонам чиқиб кетди!..
      Дўсти хотиржам оҳангда маслаҳат берди.   
      – Камроқ ичиш керак дўстим, камроқ ичиш керак!..
      Лирик, шу-шу, ичкиликдан ҳам юз ўгирди. Бир кун келиб, унинг яна ҳасратидан чанг чиқди.   
      – Тушликда ошхонага чиқсам, ошпаз бир порс лағмонни нон-чойи билан палон сўм дейди-я! 
      Физик ўзига хос совуққонлик билан деди:  
      – Поль Бреггни ўқигансан, дўстим, “Очлик – мўъжизадир” деган ғояси бор. Умуман, камроқ ейиш керак дўстим, камроқ ейиш керак!  
      Орадан бир ҳафта ўтди. Иккала дўст яна учрашиб қолишди. Лирик одатдагидек дийдиёсини бошлади. 
      – Яшашнинг маъноси қолмади. Қайси куни тузукроқ костюм-шим олай деб дўконга кирсам...   
      – Эгнингдаги-чи? – дўстининг сўзини бўлди Физик. 
      – Э, бу мардикорнинг жомакорига ўхшаб қолди-ку, – бош чайқади Лирик.    
      – Унақада камроқ кийиш керак, дўстим. Камроқ кийиш керак! – маслаҳат берди Физик. 
      Лирик дўстининг маслаҳатларига амал қилиб, чекишни ҳам, ичишни ҳам ташлади. Овқат емай, янги кийим киймай қўйди. Ва кунларнинг бирида, афтодаҳол, дўстининг ҳузурига кириб келди. 
      – Тамом бўлдим, дўстим! – деди у йиғламсираб, – Мазам йўқ. Дори олиб ичай десам, нархи осмонда! Ололмадим...    
      – Камроқ касал бўлиш керак, дўстим. Камроқ касал бўлиш керак! – деди Физик одатдагидек хотиржам оҳангда.
      ...Орадан анча вақт ўтди. Лирикнинг қаттиқ тоби қочиб, батамом ётиб қолди. Физик дўстини кўргани борди. Лирик аранг ўрнидан қўзғалиб, кўзларида ёш билан дардини тўкди.  
      – Ҳаммаси тугади, дўстим! Адойи тамом бўлдим... Яшагим келмай қолди!     
      – Ҳа, камроқ яшаш керак, дўстим. Камроқ яшаш керак! – жавоб берди Физик ҳамдардлик билан...
        ***  
      Бу, икки, турлича фикрлайдиган инсонлар муносабати берилган кичик асар шаклан ҳажвий, мазмунан эса трагикдир. Ўша 90-йиллар бошидаги ҳаётимизни шундоққина кўрсатиб берган, фақат маошгагина турмуш кечирадиган одамларнинг чуқур тушкунлик ҳолатида яшаганликларининг тасвиридир. Шу, бир қоғозга сиғгулик ҳикояда қайта қуриш даврининг совуқ,  инсон борлиғига даҳшат солувчи, умидсизликка ундовчи жиҳатлари жуда катта маҳорат билан битилган. Бу битикда айтилмаган, аммо сезгир инсон қалби ўзи англаб оладиган жиддий трагедия мавжуд.            
      Яна бир қизиқ воқеачани айтаман. Ўша даврда “Радио”даги ҳамкасблари ундан сўрашибди: “Сизнинг энг яқин дўстингиз ким?” Бизнинг турлича инсонлар бўлишимизга қарамай, Эркин менинг номимни айтибди. Улар ҳайрон бўлишибди: “Қандай қилиб? Ахир, уни ойда-йилда битта кўрасиз, тез-тез учрашиб турадиган қанча яқин синфдошларингиз, ҳамкасбларингиз бор-ку?!” Эркин ўз сўзида туриб олибди. 
     Очиғи, ўзим ҳам ўшанда таажжублангандим... Лекин, кейинчалик жуда қадрдон бўлиб кетдик. Боз устига, “Биз сенинг энг яқин дўстларингмиз!”, деб юрган йигитлар тасодифан кўчада юз берган тўс-тўполонда унинг бир ўзини рақиб томоннинг муштларига рўпара қилиб, жуфтакни ростлаб қолишибди. Бундан, у жуда надомат чекканди ва ўша, кейинчалик узр сўраб келган “дўст”лардан узоқлашганди.   
     Қандай одам ёзувчи бўлади? Шу савол назаримда кўпчиликни қизиқтирса керак. Аксарият, унга жавоб битта: Яратган Зот юқтирмаса, ижодкор бўлиш мушкул. Бу имконият барчага ҳам берилмаган. Бундай касб эгалари фақат шу вазифа билан Ер юзига келадилар. Ва буни қалб даъвати орқали ҳис қиладилар. Баъзан, ижодкорлик бўйнига тушган зот бошқа йўлга ҳам кириб кетиши мумкин. Аммо, у, вақт келиб, ўзининг асосий йўналишига тушиб олади. Эркин Усмонов ҳам мактабни битиргач, негадир Чет тиллар институтига ўқишга кирган. Бироқ, таълимни тугатгач, ўзини инглиз тили мутахассиси бўлиб эмас, ёзувчи сифатида дунёга келганлигини, мендан фарқли ўлароқ, дарҳол англаб етди ва шу соҳага дадил қадам қўйди. Ва умрининг охиригача тиним билмай ижод қилди. У қаерда ишламасин, Ўзбекистон радиоқўмитасидами, “Ўзбектелефильм”дами ё “Театр” журналидами, кечки пайт уйига қайтгач, овқатланиб олиб, тунги икки-учгача беш-олти соат ухлаб оларди, сўнг то нонушта вақтигача ижод уммонига шўнғирди. Ёзувчининг деярли барча асарлари шундай вақтларда битилган.
     Дунёда ижодкорлар хилма хил. Уларнинг ҳар бирининг ўз иқтидори, ўз дунёқараши ва яшаш жараёнида олган билимлари асосида ўз асарларини битади. Кимдир ўзи ўсиб-улғайган муҳитдаги одамлар, уларнинг турли муаммолари ҳақида, кимдир жамиятимиздаги иллатлар тўғрисида, бошқа биров тарихимизни гавдалантиришга уриниб, айримлар сиёсатбоп асарлар битадилар. Ҳар бир ёзувчининг, ҳар бир шоирнинг ўз ўрни ва ундан баҳра оладиган ўз ўқувчиси мавжуд. Чунки, ўқувчилар ҳам хилма хилдирлар.     
     Сир эмаски, аввал бошқа асарларда кўп марта қайта-қайта баён этилган фикрларни сал бошқачароқ тарзда олдинга суриб битилган асарлар, турмуш икир-чикирлари тасвирланган ҳикоя ёки қиссалар айрим адабиётшунослар ёки ихлосмандлар томонидан обдон мақталади, кўкларга кўтарилади, ўзбек адабиётида янгилик,  деб эълон этилади. Шунингдек, жуда ўртамиёна ижод намуналари кўплаб мавжудки, уларнинг муаллифлари ўзларини даҳо ёзувчи сифатида ўйлашларини яширишмайди. Холбуки, ҳар қандай янги асар янги ғояларни илгари суриши, янги маълумотлар бериши, турмушни, одамнинг ўзини яхшилашга ундайдиган фалсафага йўғрилган бўлиши лозим. Шунинг учун, бундай талабларга жавоб бермайдиган бадиият намуналари, ўз вақтида ҳайбаракаллачилар ёрдамида минг мақталсалар ҳам, вақт элагидан ўта олмайдилар. 
      Юқоридаги фикрларни баён этишимдан мақсад шуки, Эркин Усмонов, ана шундай адиблардан фарқли равишда, ҳамиша янги ғоя, янги шакл, янги йўл қидириб ижод қилганлигини, аммо унинг асарлари ортиқча таҳлил қилинмаганлигини, уларга етарли баҳо берилмаганлигини таъкидлашдир. Бунинг сабаблари нима? Улар турличалар. 
       Биринчиси, адабиётшунослар кейинги йилларда ўзбек адабиётида пайдо бўлаётган барча асарларга ҳам эътибор бера олмаяптилар. 
       Иккинчиси, ёзувчи айрим ҳамкасбларига ўхшаб “тадбиркор”лик қилмаган, яъни бирон-бир танқидчи билан дўстлашиб, ўзининг асарлари ҳақида мақолалар ёздирмаган. 
       Учинчиси, турли йиғинларда минбарларга чиқиб, сўзамоллик билан адабиёт аҳли ва бошқа доиралар эътиборини ўзига жалб эта олмаган. (Холбуки, давримизда бирор тайинли асарлар ёзгани номаълум, лекин “сиёсат”ни қотирадиган кимсалар буюк ижодкор сифатида омавий ахборот воситалари орқали элга танилтириладилар, юксак унвонларга эга чиқадилар).     
       Тўртинчиси, амалдорларга хушомад қилишни, керакли жойларда, керакли вақтда пайдо бўлишни билмас эди. 
       Ахир, ҳақиқий ёзувчи шундай бўлиши керак эмасми? Нега у ўз асарларини, ўз истеъдодини шундай йўллар билан юқори доираларга тан олдириши лозим? Асосийси, уни ва унинг асарларини халқ билса, шавқ билан ўқиса етарли эмасми? Умуман олганда, худди шундай. Бироқ, бундай зотлар реклама қилинмаса, ижодининг ютуқлари барчага тушунтирилмаса, бу ҳам яхши эмас. Чунки, ўқувчилар ҳар бир ёзувчи ёки шоирнинг қандай эканлиги тўғрисида объектив маълумотга бўлишлари шартдир. 
      Мен ушбу адибнинг ижод жараёнидаги ана шу камчиликни қисман бўлса-да, тўлдириш мақсадида, ана шу мақолани битмоқдаман. Сарлавҳани “Эркин Усмонов феномени” деб қўйдим. Феномен – “камдан кам учрайдиган ҳодиса” маъносини беради, тахминан. Ҳа, мен ўз зиммамга масъулиятни олиб, шу ёзувчининг ижодини феномен даражасида деб ҳисоблашимни баён қиламан ва буни исботлашга уринаман.
     Фақат бир шартни айтиб қўйишим лозим: бу битикларим орқали ёзувчи Эркин Усмоновнинг ижодини адабиётшунослар ўрнига таҳлил қилмоқчи эмасман, балки ўзимнинг шахсий, хусусий фикр-мулоҳазаларимни баён этмоқчиман. Мен фақат унинг айрим қадамлари ва бир – икки асарларининг катта аҳамиятга эга эканлигини, булар эса феномен даражасига чиққанлигини таъкидлайман, холос. Назаримда, келажакда, кимдир, бирор чуқур фикрловчи адабиётшунос унинг дунёсини ҳар тарафлама ўрганиб, уларнинг ҳақиқий кучли адабиёт эканлигини профессионаллик билан ўқувчиларга ҳавола қилади деган ишончдаман.  
    Эркин Усмонов ёзувчи сифатида Ўзбек адабиётида янги йўналиш яратган адибдир. Ҳар қандай ижодкор ҳам бундай шарафли ишни амалга оширолмайди. Умуман олганда, янги йўллар, янги ерлар, янги ўлкалар  очувчиларни пионерлар деб аташади. Шундан келиб чиқиб, айтганда,  бу  адиб – пионер адибдир. Нега? Чунки, у Даҳшат ва Мистика йўналишини шакллантира олди. Ҳамда бу жабҳада самарали  ижод қилди. 
      Эркин Усмоновнинг нашр этган асарлари мўл – улар жуда турли жанрларда битилган: реалистик проза, драматик пьеса, ҳажвия, эсдаликлар, миниатюралар, ҳужжатли мақолалар. Аммо, мен унинг фақат икки китобига эътибор бермоқчиман. Чунки, улар, ҳеч бир шак-шубҳасиз, ижодкорни Ўзбек адабиёти тарихида қолдирадилар. Биринчиси, 2008 йилда “Шарқ” НМКда босилган “Ажал хиёбони” тўплами, иккинчиси эса 2011 йилда худди шу нашриётда чоп этилган “Марҳум кеч соат саккизда келади” номли китобидир. 
     Бу тўпламлардаги асарлар мистика ва даҳшат йўналишлари бўйича битилганлар. Хўш, ушбу ёзувчини домига тортган жанрнинг қандай ўзига хос томонлари бор? Аввало, мистика сўзининг мағзини чақайлик. Бу ибора юнон тилидаги “мистикос”дан олинган бўлиб, сирли, яширин маъноларини беради. Атрофимиздаги реаллик, бир қараганда оддий кўринади. Одатда, инсон ўз кўзи билан кўрган, эшитган ва танасининг бошқа аъзолари билан ҳис қилган воқеликкагина ишонади. Қадимдан шундай бўлиб келган ва ҳозир ҳам деярли шундай. Аммо, XXI асрда Ер юзидаги тараққиёт шу даражага етдики, биз шу кунларда кўзимизга кўринмас электромагнит тўлқинларнинг мавжудлигига ишонамиз. Акс холда, радио, ТВ, уяли телефон алоқалари буларсиз вужудга келмас эди. Бу – энг оддий ва яққол мисол. Шунингдек, кўпчилик, ўзга одамлар томонидан сизга тиланадиган яхши ёки ёмон тилакларнинг кучи мавжудлигига ишона бошлаяптилар. Чунки, одамнинг онгида ҳам фикр юритиш жараёнида электромагнит тўлқинлар тарқаладилар ва атроф муҳитга таъсир кўрсатадилар – бу фанда жуда кўп тажрибалар воситасида исботланган. Замонавий тиббиёт масканига боринг – у ерда сизга, энг аввало магнит резонансли томография қилишингиз ёки ультратовушли текширувга киришингиз зарурлигини айтадилар. Ушбу жараёнлар ҳам фақат танамиз аъзоларидан тарқалувчи кўзимизга кўринмас тўлқинлар ва уларни “ўқий олувчи” қурилмалар ёрдамида ўтказилади. “Йўқ, мен бунга ишонмайман, чунки уларни ҳис қилмаяпман!” деган нодон ўз соғлиғига нотўғри ташҳис қўйилишига сабабчи бўлади ва унинг соғайиши албатта мушкулашади. Демак, танамиз, вужудимиз ҳис қила олмайдиган табиат сирлари мавжуд экан.
      Мен ўзимдаги адабиётлар ва интернетдаги ахборотлар воситасида мистика жанрининг жиҳатларини ўргангач, шундай хулосага келдимки, бу йўналишда битилган асарларда бизнинг реаллигимиздаги воқеотлар, бошқа, тўрт мучамиз билан ҳис қила олмайдиган сирли ҳодисалар билан уйғунлаштириб баён қилинади. Демак, мистика замонамиз ривожланиши билан бирга одимлаётган жанр экан, деган хулосага келиш мумкин. 
Ҳозирги пайтда мистика йўналиши жаҳон адабиётида ва кино санъатида жуда катта бўлакни эгаллаган. Шахсан мен тан олган Альфред Хичкок ва Жон Карпентерларнинг йигирманчи асрнинг 60 – 80 йилларида олган фильмлари ҳозир классик асар бўлиб қолганлар. Бутун ривожланган мамлакатларда бундай санъатга қизиқиш ғоят улкан. Асосий сабаб, унинг ўқувчини сирли, ғайри оддий воқеалар қаърига тушириб, онгига қаттиқ туртки беришидир. 
      Мен яна бир нарсани аниқладим – мистика икки хил бўлар экан. Биринчиси, оддий мистика. Бунда қандайдир сирли воқелар ҳикоя қилинади, улар албатта ўқувчини асар ниҳоясига етгунча ҳаяжонда ушлаб турадилар. Иккинчиси, фалсафий мистика. Бунисида, сирли ва ҳаяжонли воқеалар фалсафий ечим билан тугалланади ва ўқувчига қандай хатти-ҳаракатлар фалокатга олиб боради-ю, қанақалари бахтга, эзгу мақсадга эриштиришини бадиий воситаларда кўрсатиб беради. Назаримда, бу иккала йўналиш ҳам яшашга хақли.
      Эркин Усмоновнинг янги тўпламида ана шундай икки хиллик бор. Масалан, “Кўзойнак” қиссаси, “Узук кўзидаги жоду”, “Марҳум кеч соат саккизда келади”, “Капалак”, “Тхарад”, “Тўртинчи ҳодиса” каби ҳикоялари биринчи йўналишга мос келса, “Лифтга чиққан беш киши”, “Дўстим Горацио”, “Панжа орасидаги тилсим”, “Лаин”, “Ёғий” ва бошқа асарлар иккинчи йўналишга мансублар. Лекин, бу китобдаги ҳар бир ижод намунаси ҳар қандай шароитда ўқувчининг диққатини маҳкам ушлайди. Айниқса, мен баъзи ҳикояларни ўқиб жуда қўрқдим. Йўқ, воқеалардаги сирлилик ва ғайритабиийликдан  эмас, ҳаётида разиллик қилаётган, шайтонга бўйсунаётган, нафсига эгалик қилолмай озгина фойда учун виждонини, яқин ва узоқ одамларни сотган кимсаларнинг охир-оқибатда қандай аҳволга тушганларини, олаётган жазоларини ҳис қилиб қўрқдим. Мен, беихтиёр, ногаҳон шундай иш қилиб қўйсам, шундай аянчли ҳолатга тушаманми, деган ҳаёлларга ҳам  бордим... Ахир, ҳақиқий адабиётнинг вазифаси шу эмасми? Ҳар бир асар бизни фақат тўғри яшашга, инсофли, диёнатли бўлишга ўргатиши керак эмасми?!                   
      Мен “Марҳум кеч саккизда келади” китобини ўқир эканман, айрим ҳикоялар замонавий мистика прозаси усталари Стивен Кинг, Майкл Крайтон ва Дин Кунцларнинг даражасида битилган экан, деган ҳаёлларга ҳам бордим. Айниқса, “Лифтга чиққан беш киши” ҳикояси менга катта таъсир қилди. Бу асарнинг инсон онгига берадиган зарбаси жуда кучли. Бошқалар, мен билмадим-у, қандай хулосага келадилар, аммо мен учун ушбу ижод намунаси жаҳон адабиёти дурдоналари билан бемалол рақобатлашади.  
     Бу – ҳақиқий тасаввуф фалсафаси йўғрилган асар.   
     Эркин Усмонов тасаввуфни эътибор бериб ўрганмаган. Буни аниқ биламан. Лекин, ундаги ёзувчилик истеъдоди ва иқтидори ҳаёт қонунларини бехато аниқлашга, уларни ўқувчилар онгига ўзига хос йўл билан етказишга имконият берган. 
     Баъзан ўйлайман: яна бошқа ёзувчилар бормикан, шу мистика йўналишида ижод қила оладиган, ўзига хос даҳшатли шароитни ўйлаб топиб, унда кечадиган воқеалар орқали ҳаётнинг ҳақиқатларини баён эта оладиган?.. Пайқашимча, ҳеч ким йўқ. Умуман йўқ! Бунга сабаб нима? Фикримча, у иккита: биринчиси, бу жанрга қизиқиш ва хос билим етишмаслиги; иккинчиси, турмуш икир-чикирларини ёзиш осонроқлиги ва ўз қобиғига ўралиб ижод қилабериш. Бунинг учун, ижодкорларни айблашдан йироқман, барчанинг ўз қизиқиш доираси, ўз йўналиши мавжуд. 
       Шу кунларда ўзимга ўзим савол бераман: Ватанимизда яна бир шундай адиб вужудга келармикан? Эркиннинг изларидан кимдир юрармикан? Уни қанча вақт кутамиз? Бу эса номаълум... 
       Айни шу мавҳумлик, менга Эркин Усмонованинг ижодини Ўзбек адабиётидаги феноменал ҳодиса дейишимга мустаҳкам асосдир.  Ҳақиқатдан, унинг ижоди – оддий эмас. Бу жанрда, яна қайтараман,  унга яқин келадиган ҳеч ким йўқ. Минг афсус...  
      Кўпроқ яшашинг керак эди, дўстим. Кўпроқ яшашинг керак эди.     
6 – 31 январь 2017 йил, Уичита (Канзас шт., АҚШ) – Тошкент (Ўзбекистон).










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот