Томошабин маънавияти чўлоқланса...
Тасаввур қилинг. Сиз замонавий театрнинг томоша залида ўтирибсиз. Саҳнада спектакль кетяпти. Артистлар жон-жаҳди билан берилиб, ҳаётий воқеаларни саҳнада акс эттиришяпти. Аммо, шу пайт орқада ўтирган томошабинлардан кимдир ҳуштак чалади. Ёки қайсидир маданиятсиз одам артистларнинг бирор қилиғидан завқи келиб, "оҳ-ҳо" деб юборади. Бошқаси эса еб турган олмасини саҳнага қараб отади... Диққатингиз бўлиниб, ўша томошабинга норози бўлиб қарайсиз. Журъатингиз етса, танбеҳ бериб, томошани бўлмай жим ўтиришга чақирасиз. Агар тушунадиган инсон бўлса, ўзини йиғиб олади. Бироқ, аксинча бўлса-чи? Асабингиз бузилиб, қандайдир маданиятсиз инсоннинг бемаънилигидан ранжиб, кўнгил ёзиш, ҳордиқ чиқариш ҳақидаги орзуларингиз ҳавога учиб, кайфиятсиз ҳолда театрни тарк этасиз... Артистлар ёш авлодга ҳар томонлама ўрнак бўлиш, ўзининг инсоний фазилатлари, қилинган яхши ишлари билан ибрат бўлишга арзийдиган инсонлар образини саҳнада яратиш мақсадида саҳнага чиқишади. Ҳатто салбий қаҳрамонларни акс эттиришдан ҳам асосан шу мақсад кўзланади. Лекин, театрга спектакль ёки концерт томоша қилиш учун келганлар бу ердаги ўзлари ўтирган курсини аяшлари, намойиш этилаётган спектаклларга маданият юзасидан ёндашиб, томошалар пайтида инсонийликнинг, одобнинг оддий этикетларига риоя қилишлари ҳақида билишармикан?
– Ўтган йили янги йил байрами кунлари эди. Кичкинтойларнинг қишки таътил кунларида карнавал-шоу дастуримизни намойиш этаётган эдик, – дея сўз бошлади театрнинг ёш артистларидан бири. – Қаҳрамоним Қорқизни кўриб ёқтириб қоладиган ва қўшиқ айтиб орқасидан чиқиб кетиши керак бўлган саҳнани намойиш этаётганимизда, томошабинлар орасидан кимдир менга қарата олма отса бўладими? Олма менга тегмаган бўлса-да, ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. Ролимдан чиқиб, танбеҳ беролмасам, ёки нега бундай қилганининг сабабини сўралмасам... Минг афсуски, бундай ҳолат туманларга борганимизда ҳам юз беради.
Ҳақиқатдан ҳам саҳнага отилган олма ёки бошқа бир буюм, ёки ножоиз айтилган сўз роль ижро этаётган санъаткорга салбий таъсир кўрсатади. Артист сўзларини эсидан чиқариши ёки эсанкираб қолиши мумкин. Қолаверса, у ҳам инсон. Ўзига яраша асаби бор. Наҳотки, буюм отган ўсмир шу ҳақда ўйлаб кўрмаса?
Кейин театр ва кино залларида кишининг энсасини қотирадиган яна шундай ҳолат бор. Саҳнада томоша бошланган, томошабинлардан айримлари бемалол чақчақлашиб ўтиришади. Ёнидагиларга эшиттирмай, ўзаро пичирлашиб, томоша воқеаларини муҳокама қилишаётган бўлишса, буни тушуниш мумкин. Аммо писта чақиб, меҳмонда ўтиргандай бор овозида гаплашиб, кулишиб ўтирадиган, кейин уялмай, виждонлари азобланмай писта пўчоқларини ўзлари ўтирган жойга сочиб ташлаб кетишларини қандай изоҳлаш мумкин?
Бир куни худди шундай ҳолатга дуч келдим. Писта чақиб, бемалол полга ташлаётган ёшгина қизга танбеҳ бердим. Шунда у: "Мен бу ерга чипта сотиб олиб кирдим. Ерга писта пўчоғини ташласам, нима қилибди? Керак бўлса, фаррош супуриб олади-да," – деди безрайиб. Унинг сурбетлигини, гапларимга парво қилмаётганини кўриб (тўғрироғи, томошани бузгим келмай!), мажбуран қизнинг ёнидан узоқлашдим.
– Энг ёмони айрим томошабинлар резина сақичларини ерга ташлашлари ёки курсиларнинг ёнбошига ёпиштириб кетишларидир, – деганча куйинди театр ходимларидан Фотима опа. – Айрим пайт кетма-кет томошалар бўлиб қолса, йиғиштиришга зўрга улгурамиз. Писта пўчоғининг дастидан оёқ босишга жой қолмайди, ишонасизми? Гоҳида эса оёқ остидаги қимматбаҳо гиламларга ёпишиб қолган резина сақичларни пичоқ ёрдамида қириб олишимизга тўғри келади. Бу эса ўз-ўзидан гиламларнинг сифатига таъсир қилади.
Ҳаммамизга яхши маълумки, театр – халқнинг маънавий мулки. Уни биздан кейинги авлод вакилларига ҳозирги обод ва гўзал ҳолида топшириш – бурчимиз. Бу оддий ҳақиқатни англаб-англамасдан уни хароб қилишга, бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Олий ва ўрта таълим билим юртларида маънавият дарслари ўтилиши – ҳаммамизга яхши маълум. Театр ёки бошқа кўнгилочар масканларда мана шу каби салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида шу дарсларга "Театр одоби" ёки "Томошабин маданияти" деган соатларни киритиш керакмикан, деб ўйлайман. Ўшанда фарзандларимиз маданият даргоҳларида ўзларини қандай тутиш лозимлигини, томоша пайтида нималар қилиш мумкин ва нималар қилиш мумкин эмаслигини ўрганишармиди?
Агар бу мавзуда гапирадиган бўлсак, гапимиз яна анча чўзилади. Хулоса сифатида айтаманки, бу ҳаммамиз ўйлаб кўришимизга арзийдиган жиддий муаммо. Юртимизда ёш авлод маънавиятини юксалтиришга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётган шу даврда, биз бу мажбуриятни фарзандларимиз онгига ҳам сингдира олишимиз керак. Токи улар санъат ва маданият даргоҳларига томоша қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида борган пайтларида юқоридаги каби ножоиз қилиқлардан тийилсинлар. Инсон гўзал фазилатлари қаторида одоб ва ахлоқи, жамоат орасида ўзини муносиб тута олиши билангина таҳсинга лойиқ бўлишини ёшларимиз тушунишлари лозим.
Моҳигул НАЗАРОВА – Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудири.