Журналистикада образ тушунчаси
Нилуфар УМРЗОҚОВА
Журналистикада образ тушунчаси
Инсоният дунёни ўзгартириш жараёнида ғаройиб мўъжизалар яратдики, XX асрнинг ана шундай ихтироларидан бири телевидениедир. Бугунги кунда илм-фан тараққиётида аниқ ва гуманитар фанларни ўзида мужассамлаштириб тараққий этган ва этаётган зангори экрансиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин.
Пьер Рондер «Телевидение ҳақидаги мулоҳазалар»ини I аср аввал шундай бошлаган: «Истасам бутун дунё уйимга келади, бугунги кун телевидениеси шундай мўъжизакор қудратга эга»{1}.
Замонавий медиа муҳитида телевидение ҳар бир хонадонга кириб бориш каби улкан имкониятга эга экан, у қизиқишлари ва фикрлари турлича бўлган томошабинлар аудиториясини қамраб олиб, таъсир кўрсатувчи энг кучли воситалардан бирига айланди. Телевидение – журналистика билан бирликда санъатнинг ҳам хусусиятларини ўзида мужассам этиб, ҳар бир кўрсатув – экран тилида реал ҳаётнинг кўзгуси сифатида акс этади.
Тележурналист, телевидениенинг муҳим хусусияти бўлган синтетиклигидан фойдаланиб, ҳар қандай мавзуни экран орқали ёритиб бера олади. Образлилик – тележурналистиканинг муҳим ва зарурий жиҳатидир. Телевидение контекстида томошабин образини бадиий истеъдод ила нозик ҳис қилиш журналистнинг касб маҳорати сифатида ҳисобга олиниши лозим.
«Образ» тушунчасини маълум бир илм-фан доирасида очиб бериш жамият учун ҳам, тадқиқотчилар учун ҳам мунозарали бўлиб, уни дунё воқеаларини ёритишдаги ёндашув нуқтаи назаридан кўриб чиқиш талаб этилади.
Объектдаги образ – тасвирлаш нуқтаи назаридан объективдир. Лекин шакл жиҳатидан у ҳамиша субъективдир{2}. Шакл жиҳатидан субъектив бўлгач, биз образни филологик, психологик ва ижтимоий йўналишларда турлича тасвирлаш имкониятига эгамиз.
Филологик тадқиқотларга кўра, образ тушунчаси «бадиий ва адабий ижоднинг табиати, шакли ва вазифасини белгиловчи – эстетиканинг асосий тушунчаси»{3] деб талқин қилинади. Ушбу ҳолатда образ тушунчаси, кўпинча муайян бадиий образ нуқтаи назари орқали ифода этилади.
Кўпгина тадқиқотчилар, «образ» тушунчасини муаллифнинг ижодий дунёқараши билан реал воқеликни идрок этиш нуқтаи назари ва унинг шахсий талқини билан боғлайдилар{4}.
Н. Д. Арутюнованинг таъкидлашича, «Инсон онгида аниқ образ яратишда кўпинча «олам ва ҳаётни беихтиёр тадқиқ этиш механизмлари» иштирок этади». Тадқиқотчи «образ» интуиция орқали шаклланади, деб аниқлик киритган{5}.
А. Эбру бўлса, «кенг маънода олганда образ тушунчаси – мавзунинг онг орқали акс этишидир ёки тасаввурдаги ҳодисаларни индивидуал тасвирлаш» деб, ҳисоблайди{6}.
Илмий ишларда оммавий ахборот воситалари томонидан шакллантирилган медиобразнинг ўзига хослиги таъкидланган. Баъзи тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга асосланиб, эмоционал ва рационал ғоялар йиғиндисини медиаобраз деб атайдилар. Бошқалар эса, «медиаиндустрия томонидан оммавий аудиторияга тақдим этилган махсус образ» деб, аниқлик киритадилар{7}.
Т. Н. Галинская бу тушунчага кенгроқ ёндашади: «медиаобраз» – медиамаконда яратилган барча матнлар (профессионал журналистлар, блогерлар, ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар ва бошқалар)нинг воқелик тасвиридир»{8}. Олимнинг фикрича, тор маънодаги «медиаобраз» тушунчаси журналист томонидан воқеаларни босқичма босқич структуралаш жараёнида яратилади, кенг маънода эса «медиаобраз» коммуникатор ва реципиентлар ўртасидаги икки томонлама жараён доирасида реал воқеани тўсатдан ва эркин яратишни назарда тутади.
Медиаобраз, одатда, сиёсатда бошқа одамлар томонидан яратилган шахс ҳақидаги фикрни шакллантиришда қўлланилади. Медиаобразлар сиёсат ҳақида тасаввур уйғотиб, сиёсатчининг имижи яратилишига хизмат қилади. Шундан сўнг улар сиёсат оламининг вакиллари образида намоён бўладилар. Сайловчиларнинг жамият ҳаётига дахлдор вакиллар билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлмаслиги учун сиёсий образлар яратилади. Шу билан бирга, медиаобраз томошабинларга арбобнинг эфирдаги имижи орқали таъсир қилади.
Телевизион образ медиаобразнинг таркибий қисми бўлиб, унинг баъзи умумий жиҳатларини ўзида мужассам этган.
Телевизион образ – журналист томонидан ҳодисалар, жараёнлар ва инсонлар аро муносабатларда объективлик, холислик ва очиқликка асосланган маъно ва мазмун билан суғорилган, экран асарининг ғоявий-эстетик режасига мос келадиган ва унинг ўзига хос вазифаларини ҳал этишга ҳисса қўшадиган реал воқеаларнинг намойиш этилишидир{9}.
Телевизион образлар телелойиҳаларнинг вербал ва визуал равишда эфирга узатилиши сабаб ёдда қолади, шунингдек, бу образлар асосидаги тасвир, сўз ва овоз синтези уларнинг томошабинбоплиги, ишончлилиги ва кенг аудитория учун мўлжалланганлигини кўрсатади. Кўпинча илмий нашрлар, турли каналларнинг хабарларида қисман синоним бўлган «образ» ва «имиж» тушунчаларида семантик чалкашлик ёки уларнинг ўрнини алмаштириш мавжуд. Шундай экан, тушунчаларнинг бундай қабул қилиниши оммавий ахборот воситалари аудиторияси онгига ҳам сингади.
«Образ» ва «имиж» тушунчаларини мазмун жиҳатдан қамраб олиш ва уларнинг ҳар бирини ўз ўрнида қўллаш жуда қийин вазифадир. Бугунги кунда «имиж» атамаси нафақат имижеологияда, балки журналистика, коммуникация назарияси, сиёсатшунослик, социология ва бошқа фанларда қўлланилади ва шу билан бирга ҳар бирида ўз талқинига эга. Бу тушунчанинг илмда нисбатан «янги»лигини, шу билан бирга кўп маънони англатишини ҳисобга олсак, ягона таърифи йўқ. Бундан ташқари, мутахассислар бир-бирига яқин атамалар («стереотип», «бренд», «репутация» ва бошқалар)нинг мазмунини фаол муҳокама қилмоқдалар, бу эса «имиж» тушунчасининг моҳиятини аниқлашни қийинлаштиради.
Сўнгги йилларда илмий дунёқарашнинг кишилар ички ва ташқи қиёфалари орқали бир-бирларига таъсир кўрсатиш механизмини эгаллашда ёрдам берадиган янги соҳаси – имижология (қиёфашунослик) вужудга келди. Луғатларда, «имиж» сўзи француз ёки инглиз тилида – image – образ, кўриниш деган маънони англатади.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида эса шундай таъриф берилган: Имиж (инглизча image, лотинча imago – тимсол, кўриниш) – шахс, ҳодиса, нарсани оммалаштириш, реклама қилиш ва ҳ.к. мақсадларда одамларга ҳиссий-руҳий таъсир кўрсатишни кўзлаб шакллантириладиган қиёфаси; тарғиб қилиш воситаларидан бири (масалан, сиёсий арбоб имижи). Қайд этилган маълумотларда таъкидланишича, «имиж» тушунчаси «образ» каби серқирра маънога эга. Ихтисослашган адабиёт манбаларидаги таърифларда «образ» ва «имиж» тушунчаларидаги дастлабки ва муҳим фарқни аниқлаймиз. Уларда, у ёки бу «образ»ни яратишдан фарқли равишда, оммавий ахборот воситаларида «имиж»ни шакллантиришнинг прагматик ва фаол механизмлари очиб берилади.
Юқорида аниқлаганимиздек, «образ» телетомошабин онгининг интуитив, норационал қисмига мурожаат қилиб «таассурот» яратади.
Олимларнинг кўпчилик қисми «имиж» тушунчасини тавсифлаб, онгли равишда уни моделлаштирилган образ деб таърифлайдилар.
«Образ» ва «имиж» тушунчаларини асосий жиҳатларини аниқлаб, қуйидагиларни қайд этиш мумкин:
Образ
Имиж
- Интуитив жиҳатдан шаклланган тасаввур
- Мақсадли шаклланган тасаввур
- Таассурот - Ўзига хос ташқи хусусиятлар йиғиндиси
- Аудитория фикрини субъектив ифодалаш
- Мавжуд бўлган (кўпинча ташқи) фазилатлар
- Беқарор, тартибсиз ўзгаришларга қарам - Доимий, барқарор сифатлар мажмуи
«Образ» тушунчасидан фойдаланиш вақтида муҳим бўлган бу фарқларни ўрганишда, телеэфирлар тизимида уни яратиш механизмларидаги хусусиятларини кўриб чиқамиз.
Таъкидлаш керакки, имиж кўп ҳолларда сиёсатшунослик, психология, социология, жамоатчилик билан алоқалар бўйича илмий изланишларда таҳлил қилинади. Шу боис, оммавий ахборот воситаларида маълум бир имиж яратилишида, аввало, сиёсатшунослар, жамоат арбоблари ва етакчилар, шунингдек, сиёсий партиялар вакиллари, дипломатлар, PR ходимлари манфаатдор. Сўнгги йилларда давлат имижи ҳам юқори босқичга кўтариляпти.
«Қайд этиш керак, давлатнинг ижобий имижи ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолият самарадорлигини оширувчи энг омил муҳим ҳисобланади»{10}. Шунингдек, Б.С. Алимов илмий-назарий қўлланмасида таъкидлаяптики, глобаллашув даврида оммавий ахборот воситалари ахборот маконига ва у орқали мамлакат имижига бевосита таъсир этувчи қурол сифатида юзага келади.
«Образ» ва «имиж» тушунчаларини фарқлашда ноформал ёндашув ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра «имиж» атамаси кўп ҳолларда амалий-утилитар тушунча сифатида қўлланилса, «образ» назарий ва услубий атама сифатида ифодаланади. Шунингдек, Ю.А. Благова «образ» ва «имиж» тушунчаларининг хусусиятларини аниқ фарқлаш мумкин эмаслиги ҳақида фикр юритар экан, имижни шароитга қараб ёки мақсадли шаклланувчи сунъий яратилган қиёфа сифатида кўриб чиқишни таклиф қилади{11}.
Кўпинча, «имиж» тушунчасига ташқаридаги, реал воқеаларни акс эттирувчи объект атрибутлари сифатида аниқлик киритилади. Оммавий муҳитда ушбу ҳолатни ўрганувчи мутахассисларни мисол келтириш мумкин.
Юқорида айтилганларни барчасини инобатга олган ҳолда, биз телевидениедаги ҳодиса ёки персонажнинг портретини яратишда «образ» атамасини қўллаш кўпроқ мос келади деб, ҳисоблаймиз. Телебошловчи учун эса, «имиж» тушунчасини қўллаш одатга айланган.
Ҳозирги замонда оммавий ахборот воситалари, айниқса, телевидение тадқиқотчиларга замонавий визуал маданият воситасига урғу бериш учун, фаол равишда визуал образларни яратиб, эфирга узатмоқда.
Журналистик фаолиятнинг асоси – ҳодисаларни ёритишига қарамай, замонавий телекўрсатувларнинг моҳияти образ концепциясини яратиш. Томошабин ушбу «образ» орқали воқеликни англаши, тележурналист вазиятларнинг моҳиятига чуқур кириб бориб, ижодий нуқтаи назардан маълумотларни қайта ишлашига боғлиқ. Бу контентда телевидениеда образ яратиш имкониятлари ҳақида сўз боряпти.
Телелойиҳаларда дастур қаҳрамони, иштирокчилари қиёфасини шакллантиришга катта урғу берилади. Бош қаҳрамон – кўрсатувдаги асосий образ бўлиб, моҳиятан дастур муҳокамаси, таҳлили унинг атрофида бўлади. Иштирокчилар асосий образ ва у билан боғлиқ мавзуга асосан танланади, бу кўрсатув мазмунини бойитишда хизмат қилади. Е. Галперина мулоҳазаларига кўра: «Телевидение – ўта шахсий санъат тури ва унда персонажни очиб бериш учун дастур яратувчиларнинг ўзи шахс бўлиши шарт»{12}.
Демак, телевизион образни оммага тақдим этаётган муаллиф онги, идроки, маданияти, эстетик қарашларидан келиб чиқар экан, умумий дастур шунга асосан қурилади. Журналистнинг позицияси нейтрал бўлса-да, йўналиш унинг дунёқараши асосида белгиланади ва томошабин кўрсатувдаги персонажни борича эмас, гуруҳ тақдим этганича қабул қилади.
Луғатларда «қаҳрамон» сўзининг маъносига қуйидагича изоҳ берилади: «Қаҳрамон – бу... жасорати, фидоийлиги билан ғайриоддий жасурлик кўрсатган, довюрак одам».
Тележурналистика амалиётида «қаҳрамон» тушунчаси кенг талқин қилинади: унинг шахси атрофида телевизион материалнинг композицияси қурилади. Республика ва хорижий телеканаллар кўрсатувларини таҳлил қилиш жараёнида қаҳрамон образини яратишдаги айрим умумий қонуниятларни аниқлаш имкони бўлган. Қаҳрамон оммавий ахборот воситаларининг аудиовизуал йўналишидаги маҳсулотларида аудитория учун ноанъанавий, ва албатта, жамиятга фойда келтирувчи, халқ, ижтимоий гуруҳлар манфаатини ҳимоя қилувчи сифатида тавсифланади: аниқ фуқаролик позицияси, мардлик, қатъиятлилик, юксак профессионаллик, ватанпарварлик, умуминсоний ғоялар йўлида фидоийликка тайёрлик. Баъзан салбий персонаж у ёки бу кўрсатув қаҳрамони сифатида қатнашиши мумкин. У салбий хусусиятларга эга бўлсада, ёмон одамлиги эҳтимолдан узоқ бўлиши мумкин, аммо шу билан бирга тушунчамиздаги қаҳрамон сўзига муносиб эмас. Бу шундай персонаж бўлиши мумкинки, ўз мақсади йўлида носоғлом муҳитни танлайди ёки унинг заифлигидан фойдаланувчиларга қаршилик кўрсата олмайдиган даражада ожиз. Бу тоифадаги образлар, атрофдагилар идеал деб билувчи, намуна сифатида тақдим этилувчи қаҳрамонни янада ёрқинроқ кўриниши учун ёрдамчи вазифани ўтайдилар.
Тележурналист, профессионаллар билан эмас, балки маълум бир ижтимоий табақага мансуб ёки муҳити ва шароитини тақдим этувчи турли соҳа вакиллари бўлган ижтимоий актёрлар билан ишлайдики, муайян бадиий образни жонлантириш учун, аввало, «ҳужжатли образ» тушунчасига аниқлик киритишимиз керак. Бадиий образ тўқималар асосида яратилса, ҳужжатли образ реал фактлар билан шаклланади.
Ҳужжатли образ мавжудлигини тасдиқлаш учун икки асосий омилни ҳисобга олиш муҳимдир:
- Ҳужжатли образ муаллиф билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг
тасаввури ва тажрибаси призмасидан ўтади, бу эса уни бадиий образга ўхшаш жиҳатини намоён этади;
- Телеэкрандаги маълум бир визуал ҳужжатли образни қабул қилиш
контекст ва тақдимотга боғлиқ. Мантиқий кетма-кетликка қурилган бир нечта ҳужжатли образлар бутун бир ҳужжатли фильм ёки дастур ҳақидаги тасаввурни ўзгартириши мумкин.
Экран моддий объектлар ҳаракатини намоён этишга қодир. Бу вазифанинг самарадорлиги журналистнинг телевидениенинг ифодали воситаларидан фойдаланиб, образ яратишига боғлиқ. Шундагина томошабинга бадиий ёки ҳужжатли образнинг асл контенти экран нусхасида тақдим этилади.
Экран образи яратилишида телевидениенинг визуал ва эскпрессив имкониятлари муҳим аҳамиятга эга. Айнан шу воситалар ёрдамида экран образи шаклланади, яратилади ва муҳим жиҳатлари очиб берилади.
Шундай қилиб, замонавий телевидениенинг янги талаб ва имкониятларга қандай мослашаётганини тушуниш учун, қаҳрамон образи қандай яратилаётганини англашда телевидение амалиётининг ўрни муҳим. Ана шунда тележурналист шунчаки «экран юзи» ёки маълумот манбаи эмас, балки кўпчилик учун фикри ва позицияси муҳим бўлган жамоавий шахсга айланади. Электрон оммавий ахборот воситалари аудитория билан бир бутунликда матн, аудио ва видео материалларни қабул қилиши учун алоқа муҳитини шакллантирди. Натижада, томошабинларнинг оммавий ахборот воситалари орқали олган таассуротлари секин-аста тажрибага айланиб, улардаги мулоқот одоби ва эстетик дид – маданий образ шаклланишига хизмат қилади. Бу жараёнда телевидение етакчи роль ўйнайди.
Фойдаланилган манбалар:
1. 40 мнений о телевидении.Деятели культуры и телевидении. – М.: «Искусство», 1978. – С. 4.
2. Каримова К. Р. Понятия «образ» и «имидж» в практике СМИ и научных исследованиях//Знак: проблемное поле медиаобразования. 2019. №2.- С.138.
3. Головина Е. В. Категория художественный образ в лингвистике и литературоведении // Филологические науки. Вопросы теории и практики. Тамбов, 2016. № 11 (65). – C.101.
4. См., напр.: Рахматуллин Р. Ю., Семенова Э. Р., Хамзина Д. З. Понятие образа // Исторические, философские, политические и юридические науки, культурология и искусствоведение. Вопросы теории и практики. Тамбов, 2012. № 12 (26). – C.167-170. Чапаева М. В. Проектирование имиджа: учебное пособие. Екатеринбург: Изд-во Рос. гос. проф.-пед. ун-та, 2013 и др.
5. Арутюнова Н. Д. Язык и мир человека: 2-е издание, исправленное. Москва: Языки русской культуры, 1999. – С.138.
6. Эбру А. Языковые средства создания образа политического деятеля в американских и британских СМИ: дисс. канд. фил. наук: 10.02.04: защищена 04.12.17. Москва, 2017. – С.28.
7. Богдан Е.Н. Медиаобраз России как понятие теории журналистики // Вестник Моск. ун-та. Сер. 10: Журналистика. 2007. – №4. – С. 124.
8. Галинская Т.Н. Понятие медиаобраза и проблема его реконструкции в современной лингвистике//ВЕСТНИК ОГУ №11 (160)/ноябрь.2013. – С.91
9. Хлызова А.А. Особенности методики анализа телевизионных образов//Автореф.дисс.канд. филол. наук.Екатеринбург, 2013. – С.11.
10. Алимов Б. С. Мамлакат медиа имижини ривожлантиришда миллий оммавий коммуникация воситаларининг ўрни: назарий ва амалий аспектлар. Илмий-назарий қўлланма. Тошкент: Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди нашриёти, 2015. – Б.42.
11. Благова Ю. А. Формирование международного имиджа ФРГ в мировом политическом процессе: дис. Канд. полит. наук. М., 2013. – С.22.
12. ТВ публицист. Сборник сценариев. – М.: Искусство, 1971. – С.6.