Зуҳра Ашуровага табрик
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек миллий академик драма театри ва кино актрисаси – Зуҳра Ашуровани таваллуд топган куни билан чин юракдан муборакбод этамиз!
Зуҳра Ашуровага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!
Маълумот: Зуҳра Ашурова 1961 йилнинг 16 Сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Қибрай туманида туғилган. Миллий театрда 1983 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. 2000 йили "Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган артист”, 2016 йили Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган.
Зуҳра Ашурова театрда саҳналаштирилган 100 га яқин асарларда турли хил характердаги мураккаб ролларни ижро этган. У театр саҳнасида намойиш этилган жаҳон ва ўзбек классикаси ҳамда замонавий асарларда бир қатор образлар галереясини яратиб, бугунги кунда театрнинг етакчи актёрларидан бирига айланган.
Зуҳра Ашурова томонидан ижро этилган "Армон” спектаклидаги Лаура, "Апельсин ишқи”даги Никетта, "Ҳаётдан тўйган тун”даги Баян, "Тун албатта ўтади”даги Амалия, "Соҳибқирон”даги Бибихоним, "Увайсий”даги Нодирабегим, "Ёрқиной”даги Ёрқиной, "Муҳаббат султони”даги Лайли, "Меҳробдан чаён”даги Раъно, "Ўткан кунлар”даги Офтобойим, "Яраланган оққуш ноласи”даги Зебо, "Йиғлама қиз”даги Қумри, "Кундузсиз кечалар”даги Солиха, "Энг сулув келинчак”даги Гулбарчин, "Андишалик келичка”даги Муниса, "Нексия”даги Нилуфар, "Уйқусиз кечалар”даги Моҳира, "Тортадурман жабрини”даги Фароғат каби бош роллари ўзининг психологик теранлиги ва мазмунан чуқурлиги билан эътиборга лойиқ. У яратган образлар мантиқий чуқур таҳлилий талқини билан спектаклнинг умумий режиссёрлик ечимининг аниқ кўринишида муҳим роль ўйнайди. Актриса истеъдоди юракка ва руҳга етадиган бир тарздаким, бу ҳол санъатимиз учун жуда қадрлидир.
Зуҳра Ашурова кинофильмларда, телевидение ва радиода ижро этган 30 дан зиёд образлари билан эл орасида истеъдодли санъаткор сифатида танилган.
Телевидение хазинасида сақланаётган "Бобур” видеофильмида Хонзодабегим, "Лайли ва Мажнун”да Лайли, "Шаҳзода ва канизак”да Гулжаҳон, "Иймон”да Озода, "Балои нафс”да Назокат, "Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси”да Латофат образлари санъат ихлосмандлари қалбидан мустаҳкам ўрин олган. Актриса, шунингдек, "Турмуш чорраҳалари”, "Одамлар орасида" туркумидаги видеофильмларда, "Осмондаги болалар”, "Муҳаббат синовлари”, "Нотаниш”, "Жодугар”, "Ҳижрон”, "Кореялик келин”, "Виждон” фильмларида мунис аёлларимиз сиймосини кўрсатган. Ўзбекистон радиосидаги "Ўткан кунлар” радиоспектаклида Кумушбиби ва бошқа радиопостановкаларда бир қатор ёрқин образлар яратиб, томошабинлар ва радиотингловчилар меҳрини қозониб келмоқда.