– Сизни ҳам мумтоз қўшиқлар, ҳам замонавий эстрада йўналишини уйғунлаштира олган хонанда сифатида биламиз. Илгари Сизнинг ижронгизда кўплаб янги қўшиқлар тинглар ва интиқиб кутардик. Бугунги кунда ижодингизда бироз чекиниш бўлгандек.
Янги қўшиқлар яратаяпсизми? Мухлисларингиз Сиздан янги тароналар кутишаяпти. Агар сир бўлмаса, янги клип олдираяпсизми, янги қўшиқлар устида ишлаяпсизми?
– Албатта, ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон ижод қилишдан тўхтамайди деб ўйлайман, чунки, унинг юрагидаги санъатга бўлган иштиёқ бунга асло йўл бермайди.
Мен ҳам бироз танаффус қилган бўлсам-да, бир дам ҳам ижод қилишдан тўхтаганим йўқ.
Янги қўшиқлар яратилиб келинмоқда, насиб қилса, янги клиплар олиш ниятидамиз.
– "Муҳаббатни чиқаргандир чидаганга" деб номланган қўшиғингиз ўз вақтида жуда оммалашиб кетганди. Шу қўшиғингизнинг ёзилиш тарихи хусусида гапириб ўтсангиз.
– Бу қўшиқни бастакор Алишер Расулов билан биргаликда яратганмиз. Клип олиш жараёни деярли бир неча ойлар давом этган. Эътибор бериб кўрилса, 4 фасл жамланган бу клипда. Ҳозирги бир кунда олинган клиплардан фарқли ўлароқ, бу клип меҳр ва муҳаббат билан олинган. Балки шунинг учун ҳам халқ ичида жуда оммалашгандир.
– Сизни мухлисларингиз севиши тушунарли, аммо шахсий ҳаётда ўзингизни севиш ва севилиш бахтига мушарраф бўлдим, деб ҳисоблайсизми?
– Албатта, аслида бу дунёни муҳаббат тебратади. Ватанга, ота ва онага, ёрга, фарзандга ва ҳоказоларга бўлган меҳр ва муҳаббат туфайли буюк ихтиролар, кашфиётлар, санъат асарлари яратилади. Бу бахт менга ҳам насиб қилган, албатта.
– Чиндан ҳам клипингиз ўзгача меҳр билан яратилгани ва қўшиғингиз юракларнинг туб-тубига етиб борадиган даражада таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Ота-онангиз санъаткор бўлишингизга тўсқинлик қилишмаганми?
– Авлодимизда санъаткорлар чиқмаган бўлса ҳам, лекин, ёшлигимдан мусиқага бўлган иштиёқимни сезган ота-онам мени болалигимдан мусиқа мактабига беришган ҳамда менга имкон даражасида шароит яратиб, ҳар томонлама қўллаб келганлари учун ҳам, бугунги кунда айнан санъат соҳасида ижод қилиб келаётганим бежиз бўлмаган бўлса керак деб ўйлайман.
– Ҳақиқатан, Ота-Онанинг фарзандга шароит яратиши, меҳр-муҳаббати уни ижод қилишга янада ундайди. Санъатга алоқадор бўлишмаса-да, демак санъатсевар инсонлар оиласида ва муҳитида ўсиб-улғайган экансиз. Ҳозир улар ҳаётми?
– Раҳматли ота-онам санъатни ва санъаткорларни жуда ҳурмат қилишар эди, минг афсус, ҳозир улар ҳаёт эмаслар...
– Худо раҳмат қилсин.... Ярангизни янгилаган бўлсам, узр! Майли, ўтганларни хотирлаш ҳам савоб...
Мусиқага бўлган иштиёқингиз болалигингиздан баланд бўлган бўлса, мусиқа мактабида қандай ўқиганингиз ўз-ўзидан равшан, аммо мактабда бошқа фанларни ҳам бирдек ёқтирганмисиз? Айнан қайси фанларни ёқтиргансизу қайси бирларига ҳушингиз бўлмаган?
– Мактаб ва олийгоҳни фақат аъло баҳолар билан битирганман. Қизил диплом эгасиман. Ёшлигимдан жуда тиришқоқ бўлганман. Ҳамма фанларни аъло даражада ўқисам ҳам, асосан, ижтимоий фанларга иштиёқим баланд бўлган.
Шу сабабли, Низомий номли ТГПУ мактабгача тарбия факультетига ўқишга кириб, ўқишни қизил диплом билан битирганман. Асли касбим бўйича, мен боғча мудираси бўлиб ишлашим керак.
– Унда касбингиз тақозосидан келиб чиқадиган бўлсак, кичкинтойлар билан тез тил топишиб кетоласизми? Ўзингизни боғча мудираси сифатида қандай тасаввур қиласиз?
– Ҳа, жуда тез тил топишиб кетаман, чунки, қаерга борсам, кичкинтойлар ҳам атрофимдан нари кетишмайди. Уларнинг даврасида худди ёш боладек бўлиб, ўзим ҳам дам оламан. Менимча, мендан яхши боғча мудираси чиққан бўларди, деб ўйлайман.
– Менимча ҳам шундай. Имижингизга алоҳида эътибор қаратасиз, Сизни айнан фотомоделларга ўхшатаман. Ҳозирги кунда кўпгина хонандаларимиз фильмларда ҳам суратга тушишмоқда. Сизга ҳам кинода роль ўйнашни таклиф қилишса, ўйнармидингиз? Ўзингизни актриса сифатида тасаввур қила оласизми?
– Таъриф учун раҳмат. Менга бундай таклифлар жуда кўп бўлган, лекин, мен рад жавобини берганман. Негаки, ҳар ким ўз касбининг ҳақиқий эгаси бўлиши ва ўз ишини бажариши лозим деб ўйлайман.
– Мухлисларингизга ва сайтимиз фойдаланувчиларига тилакларингиз?
– Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Бағри кенг, меҳмондўст, санъатсевар халқимизни уйларида фақат яхши кунлар ва тўйлар бўлсин! Биз санъаткорлар доим уларнинг хизматида булайлик! Юртдошларимиз, мухлисларим, Muzaffar.uz сайтининг ижодкорлари-ю фойдаланувчиларига Бахт ва Омад тилайман!
– Сизга ҳам энг эзгу тилакларимиз ҳамроҳ бўлсин! Сиздан янги-янги тароналар кутиб қоламиз! Ижодингизга улкан муваффақият тилаймиз! Ҳамиша ҳозиргидек латофатли, меҳрибон, оқила, камтар ва хушовоз бўлиб юринг!
Музаффар Муҳаммадназар суҳбатлашди.
2017 йил.