Иссиқ-совуқ қиладиган жодугар


                               

    -Ажрашасан, дедимми, ажрашасан. Битта бола билан умрингни ўтказишингни  истамайман. Келин бошқа фарзанд кўролмаса,нима қиласан у билан яшаб?

 -Онажон,нимага ундай дейсиз? Шифокорлар “даволанса, яна фарзанд кўриши мумкин,”дейишяпти...Қолаверса,мен келинингизни  яхши кўраман, деди Ражаб бўғилиб.-Бефарзанд эмасмиз,худога шукур Расулжонимиз бор-ку…

    Очиқ турган эшик олдида қайнанаси ва эрининг гапларини эшитган Назокат титраб кетди.Қўлидаги овқат ва салат билан   орқасига қайтиб,уларни стол устига қўйди-ю, ошхона эшигини зичлаб ёпди.Кичкинагина столга бошини тираганича хўрлиги келиб, унсиз йиғлаб юборди.

   Ўзи бошиданоқ қайнонаси Розия опа уни ёқтирмаган эди.Чунки у ягона фарзандига синглисининг қизини олиб беришни ният қилган экан.Розия опанинг биринчи турмуши  феълининг оғирлиги,тўғрироғи тилининг аччиқлиги туфайли бўлмай,иккинчи марта бефарзанд  одамга турмушга чиққан, бўш- баёвгина эри Аҳмад ака унинг чизган чизиғидан бир қадам ҳам чиқмас эди.

    У ўғлидан ҳам шундай итоаткорликни талаб қилганида, Ражаб  ўзи коллежда ўқиб юрган пайтларида севиб қолган гуруҳдоши Назокатдан бошқасига уйланмаслигини айтиб, оёқ тираб  туриб олди. Розия опа ўғлига яхши- ёмон гапириб кўрди, аммо Ражаб ўз сўзидан қайтмади.Охири уни  ўз измига солиш мақсадида “Унда ўзинг биласан, мен тўйингга умуман қўшилмайман,бир сўм сарфламайман ҳам,”-дейишгача борди.

  Ражаб онасига ҳеч нарса демай уйдан чиқиб кетди-да,уч кундан кейин Москвадан қўнғироқ қилиб, онасига хавотир олмаслигини,дўстларига қўшилиб Россияга кетганини айтди.Шу кетгунича икки йилга яқин кетган ўғил тўйига етарли пулни топиб келди.Мағрурлик қилиб, ота -онасидан тўйига бир тийин сарфлашларига йўл қўймади.”Онажон,-деди у -.Мен фақат Назокатга уйланаман деганман-ку,сизга.Совчи бўлиб боринг,у мени деб қанча совчиларни қайтарди.” Розия опа ўғлининг қарорига бўйсунишдан бошқа илож тополмади.

    Ихчамгина тўй бўлиб, икки севишган қалб  ниҳоят мурод мақсадларига етишди.Назокат  яхши келин бўлди.У уй-рўзғор ишларида чаққон, қўли ширин, муомаласи гўзал,истараликкина  келинчак бўлиб,Розия опа эътироз билдириш учун ҳеч қандай сабаб тополмасди.

     Назокат яхшигина тикувчи ҳам эди. Атрофдаги қўшниларнинг кийим-кечакларини бежирим қилиб  тикиб бериб тилга тушди. Қайнонаси қилдан қийиқ ахтариб, танбеҳ берса ҳам жилмайиб турадиган келинини қайнота бўлмиш Аҳмад ака ҳимоя қилар,бу эса Розия опанинг баттар жаҳлини чиқарарди. Назокат қайнанасига  умуман гап қайтармас,нима деса “Хўп,бўлади,ойижон”,дерди.Оғзидан “лаббай”,”хўп бўлади” сўзлари тушмайдиган келинини Розия опа умуман ёқтирмасди.Келинини тилёғмалик ва хушомадгўйликда айблаб,”ҳаммаларинг ўшани тарафига ўтиб олдинглар,мени борлигим бу хонадонда билинмай ҳам қолди,” деб эри ва ўғлига тўнғиллаб ҳам қўярди.

    Бу орада  Расулжоннинг туғилиши  оиладаги вазиятни бироз юмшатгандай бўлди.Розия опа набираси билан ўралашиб, бироз чалғигандай бўлди. Ўғли 2 ёшдан ошгач,Назокат  уни боғчага бериб,уйда ҳам буюртмалар оладиган бўлди.Аммо нима қилмасин,барибир қайнонасининг қовоғи очилмасди.Ражаб эса синфдошларига қўшилиб, яна бир йилча Россияда ишлаб келди.Эр- хотин  топган-тутганларини қўшиб,”Матиз” сотиб олишди.Ражаб ҳайдовчилик курсини тугатиб,киракашлик қила бошлади. Розия опа ҳамон ўғлини очиқдан-очиқ келинидан қизғанар, йўқ жойдан қандайдир камчилик топиб, жанжал қилишгача борарди.

  Бу орада Расулжон 5 ёшдан ошдиямки, Назокатнинг бўйида бўлавермади. Шифокорларга учраган эр-хотиннинг  узоқ давом этган текширувлардан сўнг эшитган ташҳислари жуда қўрқинчли эди. Назокатнинг миясида қандайдир ўсимта бор экан. Бу ўсимта ҳаёт учун ҳеч қандай хавф солмаса-да,ёш аёлнинг энди  фарзанд кўриши даргумон бўлиб, чидам билан узоқ даволаниш курслари олиши лозим экан.Шунда ҳам ҳомиладор бўлиш имконияти жуда кам эди.

     Розия опа энди учраган одамига келинидан шикоят қилар,агар суҳбатдошларидан кимдир” Битта бўлсаям набирангиз бор экан. Шукур қилинг.”-деб қолса борми, ўша одамни душман қаторида  кўрарди. Чунки у Ражабдан бошқа фарзанд кўролмагани боис набиралари кўп бўлишини орзу қилган эди.

   Бу орада у Ражабга қачонлардир олиб беришни истаган жияни Раҳима қизчаси билан эридан ажрашиб келди.Ўзининг айтишича, эри билан муросаси тўғри келмаганмиш. Розия опа жиянини ҳар кўрганида “Эҳтимол, шуни келин қилсам,шу пайт 2-3 та набирам бўлармиди? Раҳима ва Ражаб бахтли бўлиб кетишармиди?”деб ўйлаб қоларди.

  Назокатнинг касаллиги Розия опа учун айни муддао бўлди.У ўғлини келинидан ажратиб, жиянини олиб бериш пайига тушиб қолди.Синглисига бу гапни айтганида у ҳам опасини қўллаб-қувватлади.Опа-сингил қанча фолбин-у,муллаларга бориб,эр-хотинни бир-биридан ажратиш йўлларини излашди.Афсус,бу “иссиқ-совуқ”-у, дуоларнинг ҳеч қайсиси ёрдам бермади. Аксинча, Ражаб хотинини олиб Тошкентга, катта профессор-шифокорларга кўрсатишга олиб кетди.

   Ўғлининг бу иши Розия опани янада ғазаблантирди.Ўғли ва келини қайтгач,уларни жанжал билан қарши олди.Келинини бошқа туғмасликда,ўғлини эса бекорга пулларини ҳавога сарфлаб юрганликда айблади. Назокат ҳам ўзи тўлиб юрган эканми, шунча йил ичида биринчи марта қайнонасига гап қайтарди.Жанжал катталашиб қизиққон Розия опа келинининг ота-онасини чақиртирди.Қизларини олиб кетишларини,ўғлининг биргина фарзанд билан дунёдан ўтиб кетишига йўл қўймаслигини айтди.Аммо Ражаб хотини билан ҳеч қачон ажралмаслигини таъкидлаб, қайнона-қайнотасини  ширин гапириб кузатиб қўйди.

   Кеча бўлиб ўтган жанжалдан сўнг қайнонасининг бугун бироз тинчланишини кутган Назокат ўзининг янглишганини билиб,баттар йиғлагиси келди.Мана,ҳозиргина ўғлини ажрашишга қистаб ўтирганига гувоҳ бўлди. “Ойижоним,мен билан ўғилларини ажратиб,кейин тинчийдилар шекилли.Мен-ку майли.Аммо Расулжоннинг тақдири нима кечади?”Ўйлари охирига етмай туриб, ошхона эшиги очилиб, Ражаб кириб келди.

  -Назош,биласанми нима?Мен ҳозиргина онам билан бир нарсага келишдим.Биз ижарага чиқамиз.-деди у  ўйчан аҳволда.-Эҳтимол,шунда ҳаммаси ўз ўрнига тушар.

-Ия,одамлар нима дейди? Якка-ю ягона ўғилсиз.Хотинини деб ота-онасини ташлаб кетибди дейишмайдими?-шу ерда ҳам андиша қилди Назокат.

-Одамлар,одамлар…Одамларга нима ишинг бор?Оила бизникими?Сендан ажрашишни истамайман.Бошқа фарзанд кўриш ё кўрмаслигимиз фақат яратганнинг қўлида.Агар яна фарзанд кўрсак, нур устига аъло нур.Кўрмасак, демак бу ҳам пешана... Аввал баланд оҳангда гап бошлаган Ражаб кейин ўз сўзларидан таскин излагандек жимиб қолди.-Мен доимгидек киракашлик қиламан,сен ишлайсан.Худо хоҳласа,ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади...

   Назокат индамади.”Қайнонамга ёқиш учун нималар қилмадим?Аммо барибир кўнгилларида менга нисбатан меҳр уйғотолмадим.Эҳтимол,алоҳида яшасак ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетар...” ўйлади у ичида.Аммо жувон ҳали уни олдинда нималар кутаётганини билмасди.

   Кўчиб кетаётганларида қайнонаси Назокатнинг сепида келган иккита катта гиламини,чиройли чинни сервизларини, ўзи келинига деб қилган кўрпа- тўшакларини, Ражабнинг кийимларини олиб кетишига йўл қўймади.”Агар  ўғлимга кийим керак бўлса, шу ерга келиб кийинади. Кийимлари кир бўлса, шу ерга келиб алмаштириб кетади.Ўзим ювиб бераман,”,-деди безрайиб.

      Назокат  юраги ғазаб ўтида қоврилаётган бўлса-да, қайнонаси билан гап талашишнинг оқибати нима бўлишини билгани учун ҳам индамай қўяқолди.Чунки ҳозир Розия опага нимадир деб эътироз билдириш оловга бензин сепиш билан баробар  эди. Қолаверса Назокатга Тошкентдаги шифокорлар ортиқча асабийлашиш унинг соғлигига жиддий зарар етказишини, ўсимта катталашса,ҳомиладор бўлиш имконияти камайишини тушунтиришган эди.

    Шаҳар четида жойлашган кўп қаватли уйдаги 2 хонали квартирадан қўним топган ёш оиланинг осойишта ҳаёти кўпга чўзилмади.Розия опа ҳар куни бир баҳона топиб,ўғлини чақиртириб олар,гоҳо умуман қайтиб юбормасди ҳам.Назокат кўпинча Расулжон билан ёлғиз қолиб кетарди.  Гоҳо қайнона  қандайдир туҳмат гапларни топиб келиб, келини билан  жанжаллашишдан зерикмасди. Охирги пайтларда Ражаб ҳам қандайдир ўзгариб қолган, ҳаммасидан чарчаб, асабий ва ўйчан  аҳволда юрарди.Йигит икки ўт орасида қолган, онасининг  нотўғри қилиқларини кўриб турса-да, қаттиқ гапиролмас, бу ерда Назокатнинг изтироб чекаётганини кўриб баттар эзиларди.

     Куз фаслининг бошида Расулжон биринчи синфга борадиган бўлди.Уни мактабга олиб бориб келиш Ражабнинг зиммасида эди.Расулжон мактабдан кейин бувисининг уйига борар, бобоси билан турли ўйинлар ўйнаб, кеч соат бешларда уйга қайтарди. Розия опа жажжи набирасига онасини ёмонлашдан чарчамасди. Расулжон бола эмасми,ҳар куни келиб бу гапларни онасига айтиб берарди.

  -Ойижон,бувим сизни жодугар дедилар.

-Ойижон,сиз менга укача ёки сингилча олиб келолмас экансиз.Бувим сизни “туғмас хотин”-деб айтдилар.

-Ойижон,сиз дадамни “иссиқ совуқ” қилганмишсиз.Нима дегани у?

-Ойижон,бувим дадам билан сизни ажратиб,Раҳима опамни келин қиларканлар. Кейин у менга ойи бўларкан.Мен “йўқ,ўзимни ойим яхши”,-  дедим.

   Охири ҳаммаси Назокатнинг жонига тегди. Қайнонаси билан иккаласининг ўртасидаги можаролардан чарчади. Ўғли  ҳар куни олиб келаётган гаплардан безиб, эридан Расулжонни бувисининг олдига олиб бормасликни талаб қилди.Аммо Ражаб бундай қилишни хоҳламади.

 -Онам гапираверадилар,нима бу янгиликми?Шу майда чуйда гапларни деб онам набирасини кўрмасинми,энди? Ўзи биттагина набира бўлса... Мен оиламни деб сизлар билан яшаяпман-ку.Яна нима дейсан? Бу гапларга эътибор берма,-деди у қизишиб.

 -Қандай эътибор бермайман? Онангиз бизни қачон тинч қўядилар ўзи? У киши ўғлимни менга қарши қилиб  тарбиялаяптилар. Назокатнинг жаҳли чиқиб, умрида биринчи бор қайнонасидан норози бўлди.-Алоҳида яшаяпмизми, бизни тинч қўйсинлар.

   Хуллас, шу куни эр-хотиннинг ўртасидан ола мушук ўтди.Тўққиз йил бирга яшаб улар бундай жиддий уришишмаган эди.Чунки  Назокат кўп ҳолларда вазминлик қилиб, қайнонасининг кўп қилиқларини кўрмаганга, билмаганга оларди.Энди йиллар давомида юрагида йиғилган нафрат унинг чидамини емиргач, эрига қайнонаси ҳақидаги барча фикрларини тўкиб солди.Қайнонасини аслида ғийбатчи ва жиззакилигини, ўзига нисбатан ҳеч қачон меҳр кўрсатмаганлигини айтди. Эр- хотиннинг айтишуви Назокатнинг тарсаки ейиши ва Ражабнинг ижара  уйдан кетиб қолиши билан якунланди.

   Назокат эри билан ажрашмаса, қайнонаси уларга барибир кун бермаслигини англаган эди. Шу сабаб ўзи ажрашиш учун судга ариза берди. Бундан хабар топган Ражабнинг фиғони фалакка чиқди. Жаҳл устида у ҳам “Ажрашсам,ажрашавераман.Аммо нима қилиб бўлса ҳам, ўғлимни онасига бермайман,”-деб юборди.Судга борганида судья эр хотинга яхшилаб ўйлаб кўриб,кейин бирор қарорга келишларини таъкидлаб,олти ой муддат берди.

   Розия опа ўғлининг бу қарорини эшитиб, қувонганидан  терисига сиғмай кетди.Фурсатдан фойдаланиб, Раҳимани тезроқ келин қилиш пайига тушди.Синглисига  қўнғироқ қилиб, тўйга тараддуд кўриш кераклигини айтди.

  Назокат бўлса...кейинги кунларда ўзини қандайдир нохуш ҳис қилар,кўпинча мазаси бўлмай уйда ётар,ишга ҳам боргиси келмасди.Руҳиятидаги тушкунлик соғлигига  таъсир қилаётганини билиб, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилса-да, бунинг уддасидан чиқолмаётганди.Ундан хабар олишга келган онаси қизининг аҳволига куюниб,шифокорга учраши лозимлигини айтди.

  -Онажон,дўхтирга боргим йўқ...Ўлгим келяпти.Ражаб акамни қаттиқ яхши кўрарканман...-Назокат шу сўзларни айтаётиб,йиғлаб юборди.-Бекор уришдим улар билан.

-Албатта,бекор уришгансан-да,қизим.Куёвим доимо сен тарафда эди,дашном оҳангида гапирди онаси.-Ҳеч кимга маслаҳат қилмай,судга ариза берганингни қара.Расулжоннинг тақдирини ўйламадингми?

-Суд ҳам дарров ажратмас экан, онажон.Бизга ўйлаб кўриш учун муддат берди. Диванда чўзилиб ётган ёш жувон шу сўзларни айтаётиб,бирдан ўзини ғалати ҳис қилди.Жойидан туриб,деразани очди-да,тўйиб нафас олди.-Онажон,кейинги кунларда жуда тез чарчаяпман,билмадим нимага бундай? Нафас ололмай қоламан,гоҳида.

   Ўша куни онасининг қистови билан шифокори Шарифа опага учраган Назокат кутилмаган янгиликни эшитиб,қотиб қолди.Назокат қилиб келган компьютер томографиясининг суратларини кўрган шифокор унинг миясидаги ўсимта жуда кичрайганлигини айтди.

-Яқин ойлар ичида сиз ундан бутунлай халос бўласиз.Шунча даволанишингиз  беҳуда кетмабди,-деди Шарифа опа текширув натижаларини унинг касаллик варақасига қайд этаркан.-Бу организмдаги ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Ҳомиладор эмасмисиз,мабодо? Гинекологга ҳам бир учраб кетсангиз,яхши бўларди.

  Назокат Шарифа опанинг олдидан чиқди ҳамки,онаси қўнғироқ қилди.Жувон онасини тинчлантириб,аёллар шифокорига учрашиши лозимлигини,кейин керакли дори-дармонларини олиб уйга боришини айтди.

  Назокат гинеколог ҳузуридан дунёларга сиғмай, қувониб чиқди.Ростдан ҳам ҳомиладор экан! Бу нима шунча йиллик сабрига тақдирнинг мукофотимикан? Қайнонаси эшитса, бирор нима ўзгарармикан?Ражаб акаси эшитса-чи? Жувон онасига қўнғироқ қилиб, суюнчи олди-да,  шифокорлар буюрган қўшимча дармондориларни олиб,  кейин уйга боришини айтди.

    Назокат касалхона ҳовлисидаги дорихонадан  дориларни  олиб, катта дарвозага қараб йўналди. Шундоққина дарвоза ёнида  “Матиз”ига суянганча турган Ражабга кўзи тушди. “Бу ерда нима қиляптилар экан?Наҳотки,мени излаб келган бўлсалар?”- хаёлидан кечирди Назокат. Кейин ўзининг саволига ўзи жавоб топди.”Онам куёвларига қўнғироқ қилиб, янгиликни айтган бўлсалар керак.”Кўнглидаги ёруғ ҳисларга бўйсуниб, Ражабнинг олдига тезроқ бориш учун қадамини тезлатди. Эрининг қўлида ўзи севган оппоқ атиргуллардан  йиғилган  каттакон гулдаста бор эди...

                                                 

                                                             Моҳигул Назарова.

Муаллиф ҳақида

     Назарова Моҳигул Ўктамовна 1970 йилда Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида туғилган. 1994 йилда ТошДУ(ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тугатган. 1997 йилда Тошкентдаги «Ёзувчи»нашриётида «Юрагимда сўз», 2008 йилда Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида «Қалбим шабнами» номли шеърий китоблари нашр этилган. «Оила ва жамият», «Ўзбекистон овози»  ,«Бухоронома» ва «Бухоро ёшлари» газеталарида мухбир бўлиб ишлаган. Шеър ва ҳикоялари  республика матбуотида эълон қилинган. Айни пайтда Бухоро вилоят мусиқали драма театрида адабий бўлим мудири бўлиб ишлайди.