Меҳрибонлик уйидаги ўғрилик


     – Олиб келган нарсаларингни қайтариб ташлаб кел. Менга етимларнинг ҳаққи керак эмас. Одил Гулноранинг қўлидаги сумкани жаҳл билан тортқилаб олди. Елим сумка йиртилиб, ичидаги сариёғ, гўшт, ширинликлар ерга тўкилди.
– Нега унақа қиласиз-а, дадаси? Ахир етимхонага ҳар хил одамлар келиб, хайр-эҳсон қилиб кетади. Егулик кўплигидан музлаткичнинг эшиги ёпилмай қолди. Шунга ошхонадагилар оз-оздан бўлишиб олдик, – деди Гулнора ердаги ширинликларни битта-биттадан териб оларкан.
– Бу етимларнинг ризқи. Бугун эрта, тугасин, дегани эмас. Сенларни қўлларингни болта билан чопиш керак. Шунда ўғирлик қилишдан олдин ўйлайсан. Бор, дедим, сенга, қаердан олган бўлсанг, ўша ерга ташлаб кел, ўшқирди Одил хотинига қўлини пахса қилиб.
– Ахир дадаси, қандай қилиб қайтариб олиб бораман.
– Мен буни билмайман. Илгари ҳам сенга кўп бора айтганман.
  Гулнора эрининг кўнгли учун уйдан сумкадаги егуликларни кўтариб чиқиб кетди-ю, муюлишдаги дўконга кириб, таниш сотувчига арзон нархга пуллади. Пулни чўнтакка уриб, бироз кўчада айланиб юриб, сўнг уйига қайтди.
Гулнорани сумкасиз кўрган Одилнинг кўнгли хотиржам тортди. Елкасидан бир юк ағдарилгандек бўлди. 

* * *

   Одилнинг болалиги оғир кечган. Ўн ёшга етганида онаси оғир касаллик туфайли оламдан ўтиб, отаси бошқа аёлга уйланиб, қорасини кўрсатмай кетди. Уч бола қариндошларнинг қўлида сарсон-саргардон қолишди. Қариндош-уруғлар болаларни бир-бирларига ошириб, олти ойгача қараб туришди. Ҳар кимларнинг эшигида сарғайиб юрган гўдакларнинг тақдири ҳақида қайғурган маҳалла оқсоқоли Ёрмат ота болаларнинг тақдирини ҳал қилишга киришди.
 Бир неча йилдан буён бефарзанд яшаётган эр-хотиннинг дарвозасини бориб тақиллатишга мажбур бўлди.
– Шу болаларни кўнгли ўксимасин, ўз қарамоқларингга олсаларинг, ҳужжатларни тўғрилашга ўзимиз ёрдам берамиз. Савоб ишга қўл урсаларинг, худойим сизларга ҳам фарзанд бериб қолармиди, –деди оқсоқол аёлга умид билан юзланиб. Ахир оз эмас, кўп эмас ўн тўрт йилдан буён фарзанд кутасизлар. Зора...
– Етим бола боқсанг оғзи бурнинг қон бўлар, етим қўзи боқсанг оғзи бурнинг мой бўлар, деган мақол биздақалар учун топиб айтилган, – деди оила бошлиғи раиснинг сўзларини бўлиб. Ҳозир бу болалар меҳр ва эътиборга муҳтож. Аммо кун келиб улғайгач, кўзлари очилиб, ўз отасини излаб топади. Биз эса сарфлаган маблағимизга куйиб қолаверамиз. Ундан кўра кутганимиз афзал. Ўзимизга бериб қолар...
– Майли, ноумид бўлманглар. Оқсоқол шундай, дея умидсиз ҳолда маҳалла биносига қайтди. Болаларнинг тоға ҳамда аммаларини йиғиб, мажлис ўтказди. Ота-боболаримиз ҳаётидан турли мисоллар, панд-насиҳатлар келтириб айтиб ўтди. Бир болага етти маҳалла ота-она, сизлар бегона эмассизлар, ўз жигарларинг. Марҳум аёл опангиз, синглингиз бўлса, ношуд ота акангиз ёки укангиз бўлади. Катталарини меҳрибонлик уйига жойлаймиз. Ҳеч бўлмаса кенжатой гўдакни бирорталаринг боқиб олинглар. Ҳали у жуда кичкина, она меҳрига зор, – деди қариндошларни инсофга чақириб. Ҳамма бошини эгиб, бир нуқтага термулиб, жимгина ўтираверди. Оқсоқолнинг барча ялинишу, уринишлари бефойда кетди. 
   Болаларни васийлигига оладиган одам топилмагач, маҳалла фаоллари кенгашиб, уларни меҳрибонлик уйига топширишди. Ўшанда Одилнинг кенжатой укаси Ориф бир ярим яшар гўдак эди. Ака-сингилларни ёшларига қараб турли хоналарга жойлаштиришди. Одил тарбиячиларга синглим ва укам билан бир хонага жойлашайлик, деб ялинди, бу мумкин эмас, дейишди. Одил ҳар куни укасидан хабар олгани кириб туради. Янги келган энага унга Орифнинг ёнига киришни тақиқлаб қўйди. Саломат исмли ўрта ёшли бу аёл жуда баджаҳл, сал нарсага асабийлашиб кетадиган одати бор экан. Одил ҳар куни ойнадан мўралаб, укасини кўриб кетадиган бўлди. Бир куни...
   Ўшанда қиш фасли эди. Укасининг йиғи овозини эшитиб Одил ҳовлига югуриб чиқди. Не кўз билан кўрсинки, иштонсиз, яланғоч Орифни Саломат муздек краннинг тагига ташлаб қўйиб, ўзи хонасига кириб кетибди. Крандаги сув вишиллаб оқиб, боланинг ҳамма ёғини шалаббо қилар, сувдан қўрққан Ориф чириллаб йиғларди. Одил югуриб бориб укасини қучоқлаб, курткасига ўраб олди. 
– Ҳай, ҳай, ҳай, яна югуриб чиқдингми. Уканг, иштонига катта иш бажариб қўйибди. Хоналарни ҳиди тутиб кетмасин, деб ташқарида ювдим. Бер тоза иштонини кийдириб қўяй.
   Одил укасини бағридан қўйиб юбормади. Саломат важоҳат билан болани тортар, Одил бермайман, деб дод соларди. Ҳовлидаги бақир-чақирни эшитган директор чиқиб, воқеани кўрди-ю Саломатни қўлидан судраб, дарвозадан улоқтирди.
– Сендек маҳлуқни ишга олган мен аҳмоқман. Йўқол, кўзимга кўринма! Илойим тирноққа зор бўлиб ўтгин.

* * *

   Ўша воқеадан кейин Орифнинг ўпкаси қаттиқ шамоллаб қолди. Бола бу дардни кўтара олмади. Укасининг вафотидан сўнг Одил одамови бўлиб қолди. Ҳеч ким билан гаплашмас, болаларга қўшилмас, фақат сурат чизарди. У ота-онаси билан бахтиёр яшаган кунларини хотирлаб сурат чизади ва ёстиғининг тагига беркитиб қўяди. Айниқса, укасини кўтариб турган онасини суратини чизишдан ҳеч ҳам эринмайди. Улғайиб меҳрибонлик уйидан кетса ҳамки ўша воқеа хотирасидан ўчмайди. Одил газета ёки китоб ўқиса ҳам, телевизор кўрса ҳам укасининг сиймоси хотирасида гавдаланаверади. Одил уйланиб, оила қурди, иккита фарзандли бўлди. Болаларини жонидан ортиқ кўради. У бегоналарнинг болаларини ҳам яхши кўради. Ўз болаларини қандай асраб-авайласа бошқаларнинг болаларини ҳам худди шундай авайлайди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, Одилнинг хотини болалар уйининг ошхонасига ошпаз бўлиб ишга жойлашгач, хотиржамлиги йўқолди. Гулнора кунора сумкасини тўлдириб, болаларнинг насибаларидан олиб келадиган одат чиқарди. Бугунги жанжал ҳам яна ўғирланган сариёғу қаймоқдан чиқди...
   Гулноранинг ҳам қўли анчагина олғирликка келишиб қолди. Бир кун сариёғдан кесиб олса, иккинчи куни гўштнинг лахм жойидан уриб қолади. Гречка қимматлашган йили бозори анча чаққон бўлиб қолганди, бу йили картошкадан яхшигина даромад қилди. Эрининг жанжал кўтаришидан чўчиган Гулнора ошхонадан ўмарган нарсаларини опасига олиб бориб беради. Опаси уни қўшни аёлларга пуллайди. Опа-сингилларнинг бизнеси гуллаб-яшнаётган кунлар Гулнора қўлга тушиб қолди. Болалар уйининг директори Маҳсума Набиевна хоналарни айланиб юриб, ошхонадаги стол устида қаппайиб турган елим сумкани кўриб, ошпазларни сўроққа тутди.
– Бу кимники?
– Ҳамма жим. Бир-бирига маъноли қарайди. Директорнинг барча қистовлари чиппакка чиқди. Ҳеч ким бир-бирини сотмади. 
   Ўша воқеадан сўнг Маҳсума Набиевна ошхона ҳамда омборга яширин камера ўрнатди. Кўп ўтмай сир очилиб, ўғриларнинг кимлиги маълум бўлди. Гулнора билан унинг ошхонадаги шериги Саёҳатга қаттиқ огоҳлантириш берилди. 
– Бу огоҳлантириш ҳар иккисининг меҳнат дафтарчасига ҳам ёзиб қўйилсин. Улар ҳеч қачон гўдакларнинг ҳаққига кўз олайтирадиган жойга бориб ишлолмасин. Ўзларининг болалари оч қолиб, қийналсин, кейин бошқаларни тушунишади.
   Гулнора билан Саёҳатнинг тавба-тазаррулари ўтмади. Уларни ҳеч ким кечирмади. Ҳатто яратган ҳам. Гулнора ишдан бўшаганидан сўнг анчагача иш излади. Аммо ҳеч бир ташкилот унга эшигини очмади. Меҳнат дафтарчасини қўлига олган раҳбарлар унга хавотир ва ачиниш билан қараб қўйишарди.
    Бир куни овқатланиб ўтириб Гулноранинг томоғига миттигина суяк парчаси тиқилиб қолди. Жон талвасасида нафас ололмай, ғужанак бўлиб ётган хотинининг оғзига Одил сув тутди, қаттиқ нон чайнатиб кўрди бўлмади. Кафти билан елкасига қаттиқ-қаттиқ уриб кўрди, фойдасиз. Шпателни оғзига солиб уёқ буёққа айлантириб кўрди, суяк жойидан силжимади. Суяк парчаси томоқнинг энг нозик жойида туриб олиб уни минг кўйига ўйнатди. Сония сайин Гулноранинг мадори қуриб, холсизлана бошлади. Тез ёрдам машинасида келган шифокор уни шифохонага олиб кетди. Томоқдаги суяк парчаси операция йўли билан олиб ташланди. Гулнорани операция қилган жарроҳ кўзини очгач унга азоб берган суякчани кўрсатди.
– Мана шу суяк парчаси ҳаётингизни остин-устун қилиб юборди, синглим. Овқат еяётганда эҳтиёт бўлиб, шошмасдан чайнаш керак. Хўжайинингиз икки кундан буён шу ерда, менимча туз ҳам тотгани йўқ. Бечора сиздан роса хавотир олди. 
   Шу топда меҳрибонлик уйидаги болаларнинг косасидан ўмарган лахим-лахим гўштлари Гулноранинг кўз олдига келиб кетди.
   Кечиринглар, мени болажонларим! деди астагина пичирлаб. Чин кўнгилдан, пушаймон бўлиб айтди. Буни фақат Одил эшитди.

Нигора РАҲМОНОВА.

Манба: "Оила ва жамият" газетаси.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот