ҚАРҒИШГА ҚОЛГАН КЕЛИНЧАК


     Қишлоғимизда юз берган бу мудҳиш воқеани одамларимиз ҳали кўп йиллар эслаб юришса керак. 
    ...Саодат оилада етти фарзанднинг олтинчиси эди. Етти фарзанд ва еттитаси ҳам қиз. 
     Саодат аввал мактабнинг тўққизинчи синфини битирди, сўнг туман марказидаги коллежда тикувчилик ҳунарини ўрганиб келди. Аммо ҳар кўчасида ўзининг чевар тикувчиси бор қишлоқда иш топиш осон эмас эди. Ва Саодат бекор қолди. Яхшиям Нодир тоғасининг хитой тегирмони бор экан, кунда-кунора бориб уч-тўрт соат ёрдамлашиб келади. Бунинг эвазига тоғаси ҳар замонда уйга бир қоп-ярим қоп ун ташлаб кетади. Бироқ бу асосийси эмасди.
     Асосийси — қиз келажагини ўйлаб хавотирга тушарди. 
     Тўнғич опа Ҳусния қўшни қишлоқлик бир полвонга анча йиллар бурун эрга текканди. Бир фарзандли бўлгач (буни қарангки, Ҳусния ҳам қиз кўрди) қўли югурикроқ бўлиб қолган полвон почча — орадан нима гап ўтган, номаълум —  хотинини куппа-кундузи олиб келиб, уйига ташлади-кетди. Ҳаттоки ўзи кириб ҳам ўтирмади.  
     Умри далада кетмон чопиш билан ўтаётган Носир отанинг бўлари бўлди, аммо “миқ” этиб оғиз очмади.
     Раҳима хола бир-икки қўни-қўшниларнинг далдаси-ю, ақл ўргатиши билан у ер-буерга чопди. Аммо бир наф бўлмади. Худди шундай бўлишини олдиндан билгандай Полвон ҳатто хотини билан расмий қайддан, яъни ЗАГСдан ҳам ўтмаган экан. 
     Кейинги фарзанд бўлмиш Ўғилойнинг бир кўзи ғилайроқ эди. Шу сабаблими, унга тузук-қуруқ совчи ҳам келмади. Бир-икки сўраб келган хотин қўйган ёки хотини ўлган одамга беришга эса ота-онанинг ори келди. 
— Нима бало, — деб ғудранарди баъзан Носир ота бир кафт ўткир носни тилининг тагига ташлаганча кетмонини кўтариб далага йўл олган чоғида, — қишлоқди қиз босиб кетганма...
     Дарҳақиқат, қишлоқни қиз босиб кетгани рост шекилли, учинчи фарзанд Меҳринисо мактабни битириб, уч йил далада ишлаб қўйди ҳамки, биров остона қоқиб келмади.
   Аммо тўртинчи фарзанд Бахтигул бало эди. Бир амаллаб вилоят марказидаги пединститутга ўқишга кириб олганди. Бахтини ўқишидан топди қизи тушмагур. Ўзи билан ўқийдиган бир йигит билан суйишиб қолибди. 
     Бахтигулни икки марта сўраб келишди. Ота-она рози бўлайлик деса, бу ёқда икки қиз мўлтираб ўтирибди. Ўғил бўлсаям билинмасди. Аммо қиз боланинг иши оғир бўларкан...
     Охири Носир ота тенг-тўшларига, хеш-уруғларига, қишлоқ оқсоқоларига маслаҳат солди. Раҳима хола қишлоқнинг кайвони аёллари уйига чопди.
     Хуллас бир қарорга келинди: “Тенги чиқса текинга бериб юбориш керак қиз болани... Катталарининг ҳам пешонасига ёзилгани бордир...”
     Бахтигул-ку, бахтини топиб кетди. Аммо икки опанинг пешонасига ёзилгани ҳадеганда чиқавермади. Бу ёқда тўнғич Ўғилой қизчаси билан шу ерда...
     Тор уй жанжалхонага айланди-қолди. Қизлар асабий...
     Бешинчи фарзанд Фариданинг ёши ҳам йигирма иккига бораяпти. Лекин... Шундай бир пайтда олтинчи қиз Саодат уйида тинчгина ўтирса ҳам бўларди. Ахир у бор-йўғи йигирма ёшга қадам қўйганди. 
  Қишлоқда “қизвечер” деган маросим бор. Ўзимизча айтсак, “қизлар мажлиси” бўлар. Лекин буни “қизлар мажлиси” деб аташга тил бормайди. Чунки турмушга чиқаётган қизнинг ҳовлисида камида юз кишига мўлжалланган стол-стул ўрнатилади. Дастурхон ажойиб қилиб безатилади. Шу стол-стулларга қизга синфдош йигит-қизлар, яқин қариндош-уруғларнинг бўйи етган йигит-қизлари келиб ўтиришади. Ҳатто қишлоқда бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетган биронта отарчилар гуруҳи ҳам буларнинг хизматида бўлади. Еб-ичиш рисоладаги тўйдан қолишмайди.
   Кейинги пайтларда бу “қизвечер”ларга куёв ҳам уч-тўртта ўртоғи билан келиб қатнашадиган бўлди. Ишқилиб, тўй ўз номи билан тўй-да. Ичкилик дарё бўлиб оққан, ўртада бир гала йигит-қиз ер тепиниб, осмонга чанг кўтариб рақсга тушган, чекка-чеккада маст бўлиб қолган йигитлар бир-бири билан ёқалашган, бола-бақра дастурхондан гоҳ оғзи очилган ичимликни, гоҳ қаттиқ печеньени олиб қочган...
     Декабрь ойининг бошлари эди. Саодат собиқ синфдоши Лоланинг қиз базмига борган маҳал шаҳардан куёвжўра бўлиб келган беш-олти талаба қаторида ўтирган иккита толиба қизни ҳам кўриб ҳайрон қолди. Лола шаҳарда ўқиётган қўшни қишлоқлик Қаҳҳор исмли йигитга турмушга чиқаётганди. Қаҳҳор тўйига йигитлар билан бирга қўшиб гуруҳида ўқийдиган қизларни ҳам чақирган экан. Куёвжўралар аввалига тўрдаги столда сипогина ўтиришди. Аммо тўй қизиган сайин улар ҳам қизий бошлашди.  Эҳтимол улар ўтирган жойларида, пластмасса стулда совуқ ейишгандиру, ўйнаб, бироз исиниб олишмоқчи бўлишгандир. 
    Давра рақсга тушаётганларга тўлди. Саодат ҳам дугоналари қатори ўртага чиқиб, шўх мусиқага ўйинга тушди. Саодат азалдан рақсга суяги йўқ қизлардан эди, яъни мусиқа садолари эшитила бошласа бас, беихтиёр бадани жимирлаб, томирларига иссиқ қон югурарди. У жуда чиройли ўйнарди. Саодатнинг берилиб рақс тушаётганини кўрди шекилли, талаба йигитлардан бири яқин келиб, энгашганча унинг қулоғига гапирди:
— Ўйинни бопларкансиз аммо-лекин. Хореографияда ўқийсизми?
     Йигитнинг оғзидан оппоқ ҳовур кўтарилди. Саодат бош ирғаб қўя қолди. 
— Омон, — деб таништирди ўзини талаба. Сўнг, қиздан садо чиқмагач, қўшиб қўйди: — Сизнинг расмингизни чизишим керак экан. Ўйнаётган ҳолингизда. Сизнинг гўзаллигингиз, чиройли рақсингиз қоғозга муҳрланиб, авлодларга қолиши керак. Гўзалликни хор қилманг. Авлодлар сизни кечирмайди. Мени ҳам. 
    Саодат яна индамади. Аммо бу жингалаксоч, пўрим кийинган, кўзлари чақнаб турган, сал гавдаси чайқалишидан аллақачон кайф қилиб улгурган йигитга қизиқсиниб қаради. 
— Мен бўлғуси рассомман, — деди Омон куёв йигит  ўтирган томонга ишора қилиб. — Қаҳҳор билан ўқийман. 
    Саодат бош ирғаб қўйиш билан кифояланди. Шу маҳал уларнинг ёнига талаба қизлардан бири, силлиқ сочларини елкасига ташлаб олган, жинси шим-кофта кийгани яқинлашди ва йигитга ўқрайиб қараб, ингичка терилган қошларини керган кўйи:
— Омон ака, етар, — деди.  
— Ўзингиз ўйнамагандан кейин бошқаларга халақит берманг-да, — деди Омон дарҳол қиз томонга ўгирилмасдан ҳам. Сўнг яна Саодатга мурожаат қилди: — Бу Нигина. Курсдошим.  
Саодат яна бир бор бош ирғаб қўйди. 
— Ўла қолса тўйда рақс тушмайди, — дея қизга таъриф бера кетди Омон. — Билмайман, қасам ичганми нима бало. Ўтираверади.
— Омон ака!
— Бориб ўтираверинг! — деди йигит жаҳл билан, аммо яна қиз томонга ўгирилмасдан. — Мен совқотдим. Сал исинмоқчиман. Бағрингизга босиб иситмаганингиздан кейин ҳеч бўлмаса ўйнаб исинишга рухсат этинг, хоним. 
     Нигина деганларининг ранги бўзарди. Сўнг қиз жаҳл билан ортга ўгирилди-да, рақс тушаётганлар издиҳомини бир амаллаб ёриб ўтганча ўзи ўтирган жой томонга кетди.
— Хафа бўлдилар, — истеҳзо билан гапирди Омон. 
— Нима, у юрадиган қизингизми? — дабдурустдан сўраб қолди Саодат. 
     Бу савол қандай қилиб оғзидан чиқиб кетди, ўзи ҳам билмайди. 
— Шунақа десам ҳам бўлади, тўғрироғи, шунақа эди, — деди Омон Саодатга тик қараб. — Шу бугунгача. Шу соатгача. Энди тамом! Нима, унинг ёнида тўнкага ўхшаб музлаб ўтиришим керакми? Ўртага чиқиб ўйнашга ҳаққим борми? Бор!.. Мен эркин қушман. Ҳеч кимга жиловимни тутқазиб қўймаганман... Менга хўжайинлик қилишларини ҳам истамайман... Аммо-лекин, — Омон Саодатга ялтоқланиб қаради, — рақсни тешиб қўяркансиз. Мен албатта сизнинг расмингизни чизишим керак. Қойил. Гап йўқ!  
— Чизинг бўлмаса, — деди Саодат кулимсираб. Ва йигитга тик қаради. Гўё бошқа бир нима айтмоқчидай. 
     Омон сал ҳушёр тортгандай бўлди. Сўнг дарров ўзини ўнглаб олишга уринган кўйи деди:
— Жон деб чизардим-у, ёнимда қоғоз-қаламим йўқ-да. 
— Фақат қоғоз-қалам бўлса етадими?  
     Қиз бу саволни қандайдир нозланиброқ айтди. Йигитнинг бадани қизиб кетди.
— Ҳа, фақат қоғоз-қалам ва... холироқ жой. Бу талотўпда ишлашим қийин менинг...
     Саодат бирдан рақсдан тўхтади ва тўйхона устига ёпилган палаткага осилган беш юзлик лампочкага қараб бир лаҳза ўйланиб тургач, деди:
— Қоғоз-қалам топилади... Лекин холи жойни топиш қийин-ов бизнинг қишлоқда. 
     Ҳа, қиз “қийин-ов” деди. “Қийин” ёки “мумкин эмас” демади. Бунинг устига бу сўзни чўзиб, бошқачароқ маъно бераётгандай тарзда айтди. 
     Омон типирчилаб қолди:
— Лекин расмингизни боплаб чизган бўлардим. Асрларга етарди-да ўзиям. “Титаник”ни кўрганмисиз?
     Қиз бош ирғади:
— Телевизорда. 
— Э, телевизорда энг зўр жойини олиб ташлашган. Йигит қизнинг расмини чизган жойини. Мен ўшанақа қилиб чизоламан...
     Қиз яна ўйланиб қолгач:
— Шам ёруғиям бўладими? — деди. 
— Бўлаверади, — деди ҳовлиқиб. 
     Худди шу аснода Омон бўйнини чўзиб атрофга, тўғрироғи Нигина ўтирган стол томонга ғолибона қараб қўйди.
   Йигитнинг назарида, Нигина бу манзарани, яъни Омоннинг чиройли қиз билан бемалол гаплашиб турганини кўриб, роса жиғибийрон бўлиши, рашк ўтида қовурилиши, охир-оқибат эса келиб ўзи узр сўраши керак эди. Аммо тўп-тўп бўлиб рақс тушаётганлар куёв ўтирган столни булардан тўсиб қўйишганди.
— Ундай бўлса... беш минутлардан кейин орқамдан боринг, — деди Саодат бир нимага аҳд қилгандай. — Мен қоғоз-қалам тайёрлаб қўяман. 
     Омон ҳатто оғиз жуфтлаб улгуролмади — қиз енгилгина ортига ўгирилди-ю, илдам қадам ташлаганча даврани тарк этди. 
     Сал-пал ҳушёр тортган Омон иккиланиб қолди. Зеро, йигит берилиб рақс тушаётган қизга шунчаки гап отган, унинг асосий мақсади Нигинанинг рашкини келтириш, шу йўл билан уни қайириб олиш эди. 
     Бироқ энди бу қизнинг ортидан бормаслик ҳам ноқулай; нима деб ўйлайди...
     Бирон беш дақиқадан кейин Омон биров бўйнидан судраётгандай ноилож қиз юрган йўлдан бориб, ташқарига чиқди. Томошабинларнинг зич сафини бир амаллаб ёриб ўтган Омон девор ортига ўтиб, тош тўкилган йўлгача етгач, енгил нафас олди ва энди ортига қайтмочи бўлиб турган эдики...
     Қоронғиликдан овоз келди:
— Мен бу ердаман...
   Бу Саодатнинг овози эди. Бу овозда аллақандай жониқиш, хавотир ва қувонч оҳанглари бордай эди. Йигит худди сеҳрлангандай овоз келган томонга юрди. Сув солинган катта цистерна ортилган тележка ортидан чиқиб келган Саодат индамай йўл бошлади. 
    Йигит унга эргашди.
   Осмонда юлдузлар бодроқдай сочилиб ётарди. Атрофда қиш нафаси. Қиз олдинда, йигит ортда, анча юришди.
   Ниҳоят қиз устига хашак ортилган томи бир томонга қийшайиб қолган уй ёнидаги тўхтади ва ҳеч иккиланмасдан эшикни очиб, ичкарига кирди.
     Юраги пўкиллаб кетган Омон унга эргашди. Бу тегирмонхона эди. Саодат токчада турган шамни ёқди.
     Сўнг қўлидаги иккита қора қалам ва битта оқ қоғозни Омонга тутқазгач, ўзи бориб ҳужра четидаги каравотга бориб ўтирди-да:
— Марҳамат, чизаверинг, — деди. — Кўрайлик-чи, авлодларни ўзингиздан рози қиладиган қандай асар яратар экансиз?
     Омоннинг боши айланиб кетди. Қизиган буғдой иси. Ним қоронғи хона. Қаршисида ғамзали жилмайиб турган гўзал қиз...
     Омон аста юриб борди ва маст одамдек чайқалиб, қизнинг устидаги қалин жемперини еча бошлади.
— Нима қилаяпсиз? — деди йигитнинг қўли баданига текканда бутун вужуди титраб кетган, аммо жойидан жилмаган қиз.  
 — Ҳаммаси... ҳаммаси... — дея олди титраб-қақшаётган йигит базўр, — ҳаммаси ўша кинодагидай бўлади...  Мен яланғоч танани чизишим керак... 
     Шу пайт токчадаги шам бир липиллаб ўчди ва нима қилаётганини идрок этолмаётган Омон қизнинг устига ўзини ташларкан, ютоқиб шивирлади:
— Сизни яхши кўраман...
     Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтди.
     Ўрнидан туриб, шамни бир амаллаб ёққач, сочилиб ётган кийимларини кияётган Омон ғичирлоқ каравотда юм-юм йиғлаётган, елкалари силкиниб-силкиниб кетаётган яланғоч қизга бир муддат шуурсиз тикилиб турди-да, сўнг:
— Йиғламанг... — деди. — Мен номард эмасман... Сизга уйланаман...
     Тўй томонга икковлон бирга қайтишди. Ёнма-ён. Улар тўйхонага яқинлашган ҳам эдиларки, қаршиларида кимнингдир қораси пайдо бўлди. 
     Юраги шувиллаб кетган Омон жойида таққа тўхтади. Дарҳақиқат, бу Нигина эди...
     Қизни кўрган Саодат аллақандай безбетлик аралаш қониқиш билан Омоннинг пинжига суқилди. 
     Гарчанд атроф қоронғи бўлса-да, Омон қизнинг кўзлари нафратдан ёниб кетганини кўргандай бўлди. 
— Биз... — дея сўз бошлади Саодат.
     Аммо Нигина уни гапиртиргани қўймади.
— Кўраяпман, — деди қиз ғазаб ва нафратдан қалт-қалт титраган кўйи. — Кўр эмасман... Лекин... — Нигина тўсатдан пиқиллаб йиғлаб юборди. Сўнг шартта ўгирилиб, тез-тез юриб қоронғулик қўйнига сингиб кетаркан: — Иккаловингниям бир умр қарғаб ўтаман... — дея олди, холос... 
     Омон турган жойида ҳайкалдай қотиб қолди.
     Саодат беписанд оҳангда гапиришга уринди:
— Қарғишинг ўзингга... 
     Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, қаҳратон январь ойининг сўнгги кунларидан бирида тўй бўлиб ўтди. 
     Омон ваъдасига вафо қилувчи йигит сифатида Саодатнинг уйига совчи юборди. Саодатнинг опалари уйда ўтириб қолгани ҳолда...
     Хуллас, тўйга розилик берилди. Одатда, бизда тўйлар асосан ёзда, мева-чева пишиқчилиги пайтида, аниқроғи август ойида бўлиб ўтарди. Бироқ бу тўй тезликда ўтказиладиган бўлди...  
Қиз базми совуққина ўтди. 
     Нимагадир одам кам бўлди.
     Балки бунга куннинг совуқлиги сабаб бўлгандир. 
     Мен ҳам тўйда ҳамқишлоғим Омоннинг куёвжўраси сифатида иштирок этдим. 
     Ўшанда ўз кўзларим билан кўрдим: жўрамнинг шашти пастроқ эди. Нуқул айб иш қилиб қўйгандай пастга қарагани-қараган. Келинчак Саодат эса аксинча: шўх-шодон, атрофга мағрурона боққан...
     Ишқилиб, келинни олиб келдик. Айтиб ўтганимдай, қаҳратон совуқ кунлардан бири эди. 
Кириш дарвозаси ёни музлаб ётибди. Шу ерга каттагина олов ёқишибди. Совқотган ҳайдовчилардан бири оловга бир банка керосин қуйиб юборганди, гулхан янада кучайди.
     Худди келасола базм столига чиқадигандай келинчакларнинг оппоқ либосини кийиб, устидан пальто ташлаб олган, бошига фата кийишни ҳам унутмаган Саодатни янгаси қўлидан ушлаганча шу олов атрофида айлантира бошлади. Яъни “келин салом” удуми адо этила бошланди. 
     Сўзга чечан янгалардан бири тоб ташлаган доирани пақиллатиб чалганча ора-сира “Фалончига салом... пистончига салом” деб турди. Саодат эгилиб, салом бериб турди.  
  Мана шунда мен чалғиган эканманми ё кўзим бошқа ёқда эдими, ишқилиб, кейинчалик менга айтиб беришларига қараганда фожиа бундай содир бўлган. Саодатнинг оёғи музга тойиб кетганми ё ўзи кескинроқ ҳаракат қилганми, ишқилиб, келинчакнинг ҳарир либоси оловга жуда-жуда яқин бориб қолгану, бирдан повиллаб ўт олган!.. То жон-пони чиқиб кетган янгаю томошабинлар ўзларига келиб олгунларига қадар келинчак улкан олов оғушида қолган...
   Шифокорларга раҳмат, Саодатнинг жонини сақлаб қолишди. Фақат унинг кўкрак, бўйин териси ва юзининг бир қисми буришиб-тиришиб қолди...
  Ғамдан, пушаймонликдан адойи тамом бўлган, ҳар кун, ҳар соатда севгилиси Нигинанинг “Иккаловингниям бир умр қарғаб ўтаман...” деган машъум сўзлари ёдига тушаверганидан ақлдан озгудай аҳволга тушган Омон барибир Саодатга уйланди. 
     Орадан икки ойдан сал кўпроқ вақт ўтди... 
     Нигина ўқишни ташлаб, олис Қорақалпоғистондаги қишлоғига жўнаб кетди.
     Омон хотинини шаҳарга кўчириб келди. Улар ижара уйда яшай бошлашди. 
    Шундай кунларнинг бирида Омоннинг ўқишдан чиқиш вақтини кўзлаб бораётган Саодатни катта кўчада машина туртиб ўтиб кетибди.
     Айтишларича, Саодат энди узоқ вақт шифохонада даволаниши керак экан...

Абдуқаюм ЙЎЛДОШ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот