Адаштирилган келинчак


 

Адаштирилган келинчак

 

     Бу воқеани менга бир дўстим айтиб берган эди.

     Унинг ўзидан унча катта бўлмаган акаси бор. Шунинг учун тўйлари бир кунда бўлган. Энг қизиғи, ака-укаларга эгизак опа-сингилларни келин қилиб олиб беришган. Ҳаммаси ўша кундан бошланган.

          –  Бир куни, – дея гап бошлади ўртоғим, – уйимизга меҳмон келадиган бўлиб қолди. Ойим мени бозорга тушириб юбордилар. Тўй ўтгандан бери уйимиздан одам аримай қолган эди.

Бозордан қайтсам, ҳовлида иккита бир хил либос кийиб олган, юзларига рўмол ташлаган келинчаклар юрибди. Рости улардан қайси бири хотиним эканлигини ажрата олмадим. Таваккал, ошхонага кириб кетганининг орқасидан юрдим. У мени пайқамади шекилли? бемалол ликобларни артишда давом этди. Қувлигим тутиб, рўмолининг бир учидан тортган эдим, “вой” деди-ю, “Зуҳра ташқарида эди” деса бўладими. Бир хижолат бўлдим, бир хижолат бўлдим. Шу-шу бир неча ҳафта ўтгунча бир-биримиз билан гаплашмай юрганмиз.

Эгизакларнинг бир-бирига қуйиб қуйгандек ўхшаши бир мени қийнайдиган муаммоми десам, акам ҳам мендан баттар аҳволда экан. Бир куни иккаламиз сўрида ўтирсак, “Ука, менга қара, ҳеч шу иккаласини бир кўришда фарқлай оласанми?” деб сўраб қолди. Сир бой бермай жим турганимни кўриб, “Овозини айтмаса, жим турганда ҳеч ажрата олмайман” деди.

Орамизда дадамизга жуда осон. Ажратиб, қийналиб ҳам ўтирмайдилар. Гоҳ Зуҳра қизим деб Фотимага, Фотима қизим деб Зуҳрага гапириб кетаверадилар. Улар ҳам бунга ўрганиб қолишган.

Мана орадан йиллар ўтиб, бизнинг савдойимиз болаларимизнинг ҳам бошига тушиб ўтирибди. Ҳали икки ёшга тўлмаган ўғлим ва акамнинг қизчаси опа-сингил бир ерда ўтирган бўлишса уларни умуман фарқлай олишмайди. Гоҳ унисига, гоҳи бунисига “ойи” лаб хархаша қилаверишади.

 

Охунжон ЭСАНОВ, Самарқанд вилояти

 

Касбий сир

 

     Ҳар бир касбнинг ўзига яраша сир-асрори бор. Мисол учун, тиғ ушлаган шифокор яхши овқат тайёрлай олмаслиги мумкин. Ёки қўли гул дурадгорнинг нина ушлашга уқуви етмайди. “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деган гап ҳам бежизга айтилмаган экан.

Яқинда дўстларимиз билан дам олишга борадиган бўлиб қолдик. Йўл узоқ. Манзил яқин бўлсин деб у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб кетяпмиз. Шу пайт тўғридан келаётган машиналардан бири чироғини ёқиб-ўчириб ўтиб кетди. Рулда ўтирган ҳамроҳимиз ҳам қўлини кўтариб, “раҳмат” ишорасини қилди.

– Танишингизми? - деб сўрадим азбаройи қизиққанимдан.

– Йўқ, танишим эмас. Йўлда назоратчилар борлигини билдириб, “эҳтиёт бўлинг” ишорасини қиляпти, – деди.

Ҳайрон бўлдим. Аввал бунақасини эшитмаганим учун ҳеч ишонгим келмади. Танимаган, билмаган одамлар бир-бирини имо-ишоралар орқали тушунса-я. Мени ҳайратланаётганимни кўрган дўстимиз гапини изоҳлаган бўлди.

– Бунинг қийин жойи йўқ. Йўлда юрган ҳар бир ҳайдовчи ноодатий сўзлашув услубини ёддан билади. Масалан, чироқни ёқиб-ўчириш – йўлда назоратчи борлигини, қўлни тўртбурчак қилиб кўрсатиш – радарни, бир бармоқни ойнадан чиқариб кўрсатиш – битта жойда назоратчи борлигини, иккита бармоқни чиқариш эса – иккита жойда назоратчи борлиги билдиради. Ишонмасангиз ҳозир исботлаб бераман.

У шундай деди-да, ён ойнани тушириб, бир бармоғини тепага кўтарган эди қарши йўналишдан келаётган машина ҳайдовчиси ҳам қўлини силкиб, бош ирғаб қўйди. Ана халос! Шунақаси ҳам бўлар эканда.

Йўлда юришда гап кўп экан. Нима бўлган тақдирда ҳам ҳамиша йўллари бехатар бўлсин!

 

Элнур ОҚҚЎЗИЕВ, Қарши тумани.

 

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА тайёрлади.