Онангизга қўнғироқ қилинг


 

 

Бир инсон бор дунёга арзир,
Тоғдек бардош, осмондек сабр,
Ҳозир эмас, ҳозироқ, ҳозир,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Югуртирсин замона зайли,
Юрибсизку ул зот туфайли,
Боягина кўргансиз, майли.
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Жон томирин узган сизни деб,
Уйқуларин бузган сизни деб
Умри ўтар ўғил-қизни деб,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Ишларингиз юрса-юрмаса,
Вақт югурик кутиб турмаса,
Боролмайсиз, жилла бўлмаса,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Қўлингизга қарамайди у,
Моянангиз сўрамайди у,
Соғинчингиз энг буюк қайғу
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Неча дўстни йўқлайсиз ҳар кун,
Бола-чақа, бағрингиз бутун,
Майли, лоақал илтифот учун,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Кўнгли ярим, бор умиди сиз,
Сизсиз бутун дунёда ёлғиз,
Ич-ичидан йиғлайди унсиз,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Шугинадан азизроқ ким бор,
Чекмаганми етарли озор,
Керак бўлса бир кунда юз бор,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Деманг давлат иши ўйинми,
Тирикчилик эгди бўйинни,
Беш дақиқа топиш қийинми,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Болам дея тун-кун дуода,
Умрингизни тилар Худодан,
Ҳолин қилманг баттар гадодан,
Онангизга қўнғироқ қилинг.

Юргандирлар деманг соғ-омон,
Бугун борлар, эртага гумон,
Пушаймоннинг сўнгиси ёмон
Онангизга қўнғироқ қилинг.

 

Малика Салимова шеъри. Малоҳат Мирзомуҳаммад қизи ижросида ўқилди.