ОНА, СИЗСИЗ ҚИЙНАЛИБ ҚОЛДИМ


Олам асли ўтгувчи йўлак,
Кимдир келиб, кимдир тарк этар.
Кимда армон, кимдадир тилак,
Шоҳ ҳам ўтар, гадо ҳам ўтар.
Қисмат экан, ўйланиб, толдим,
Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Борингизда юрдим ғам емай,
Ўйламасдим яхши ёмонни.
Ўстирдингиз, бизни сен демай,
Ким ўйлайди, мен бағри қонни.
Донишмандга айланиб қолдим,
Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Сиз мен учун, мен эса сиз деб,
Шоду ҳуррам яшар эдик биз.
Ярим кўнгил билан, болам деб,
Фариштага ўхшар эдингиз.
Соғинчларда ўртаниб ёндим,
Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Куним ўтар, қайнар қозоним,
Улғаймоқда дилбандларим ҳам.
Бир Сиз йўқсиз, боғи хазоним,
Юрагимда кетмайдиган ғам.
Нолаларга ўралиб қолдим,
Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Нетай, дардлар чекканингизда,
Бўзладиму даво топмадим.
Тунлар бедор кутганингизда,
Пойингизга кириб ётмадим.
Тушларимда опичиб олдим,
Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Фидо бўлар эдим, қайтсангиз,
Бир умрга кафтда тутардим.
Қанча умрим бўлса борини,
Она, Сизга садқа этардим.
Ёдингизга бойланиб қолдим,
Она, сизсиз қийналиб қолдим


Онаси бор одам қаримас,  
Болам, деса, болдай ёқарди.
Юрагимдан қайғу аримас,
Тупроқ силаб, сочим оқарди.
Билмай қолдим, ғафлатда қолдим,
Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Топса бўлар, молу давлатни,
Қурса бўлар, кошоналар ҳам.
Кўзга суртинг пойи жаннатни,
Онангизга йўламасин ғам.
Шукур, онам дуосин олдим,
Оҳ, онамсиз қийналиб қолдим.

Она, сизсиз қийналиб қолдим...

  Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира, "САОДАТ" журналининг Бош муҳаррири.
   Изоҳ: Мунаввара Усмонованинг Онажони ҳаёт. Умрлари зиёда бўлсин, илоҳим. Бу шеърни шоира раҳматли хонанда - Шуҳрат Қаюмовнинг Онаси вафот этганда, унинг илтимосига биноан ёзган ва у вафотидан аввал охирги концертида ушбу шеърни қўшиқ қилиб ижро этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот