Шеъриятга ошифта кўнгил
Музаффар Муҳаммадназарни анчадан бери танийман. Ажойиб инсон, яхши дўст. Аммо мен ҳозир Музаффарнинг онажонлари ҳақида гапирмоқчиман. Малоҳат опа билан, афсуски, реал ҳаётда кўриша олмадик. Насиб бўлмади, аммо буни иккаламиз ҳам жуда истаган эдик. Телефон орқали гаплашганмиз холос. Малоҳат опа шеърларимнинг чин мухлисаси эдилар. Ҳар сафар ўзларига ёққан шеъримни каналда ўқисалар, албатта қўнғироқ қилиб, шеър ҳақидаги фикрларини ҳис-ҳаяжонга тўлиб гапирардилар. Кўп шеърларимни аудио қилиб ўқиганлар! Жуда ёқимли, қўнғироқдек овозлари бор эди опанинг. Кўзингиз билан кўрмаган одамингиз ҳақида жўяли бир фикр билдириш қийиндир, эҳтимол. Аммо мен бир нарсани аниқ биламанки, шеъриятга, адабиётга чин маънода ошно қалблардан ёмонлик чиқмайди. Улар ўта самимий, оқкўнгил, меҳрибон, кўнгил кишилари бўладилар. Бу менинг шахсий фикрим, албатта. Уларни ранжитиб қўйиш қанчалик осон бўлса, бир оғиз сўз билан кўнгилларини осмонга кўтариб қўйиш ҳам шунчалар осон! Улар кўзлари ёниб турадиган, ичлари йиғласа ҳам суҳбатдошига кулиб қарай оладиган иродаси кучли инсонлар бўлишади. Айнан ана шундай тасаввур қилардим Малоҳат опани.
Кутилмаган хасталик Малоҳат опани орамиздан олиб кетди. Касалхонада оғир ётган кунларида ҳам қўнғироқлашдик. Оғир дард азобларини сездирмасдан кулиб гаплашдилар ўшанда ҳам. Сиз билан албатта кўришамиз ҳали, - дедилар. Аммо афсуски, дийдор қиёматга қолди. Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин сизни, азиз опажоним!
Малика Тавфиқ (САЛИМОВА)