Топганимиз, йўқотганимиз


     Ўзбекистон халқ шоираси - Ҳалима Худойбердиеванинг 1968 йилда чоп этилган «ИЛК МУҲАББАТ» номли шеърий тўпламидан. "Топганимиз, йўқотганимиз". Музаффар Муҳаммадназар ижросида.

 

Фақат омад камдан-кам жуда, 
Юрамиз биз топиб, йўқотиб. 
Гоҳо ясоғлиқ от устида, 
Гоҳ пиёда, чангларга ботиб. 
Яшилланар умр дарахтимиз, 
Сарғаяр ҳам бевақт ёғса қор. 
Шундай, гоҳо тожу-тахтлимиз, 
Гоҳ кечириб бўлмас гуноҳкор. 
Изҳори дил қиладир қушлар, 
Биз уларни этмасмиз писанд. 
Овунтирар бизларни тушлар, 
Оҳ, у тушлар гоҳ берадир панд. 
Гоҳ қип-қизил гулларга кўмиб, 
Бир олам бахт йўллайдир олам. 
Сипқорармиз кўзимиз юмиб 
Зардоб тўла қадаҳларни ҳам. 
Гоҳ кулиб, гоҳ қўл силтаб, куйиб 
Ўтказармиз бунинг барини. 
Ҳаётнинг шан марҳамати-ю 
Рутубатли алдоқларини. 
Оқарганда сочлар эслаймиз 
Сархуш баҳор, куз ўтганини. 
Кимларнидир рад этганмиз биз, 
Кимлар бизни рад этганини. 


1967 йил 8 июнь