Дилдора Кунузоқовага табрик!
Хонанда, гоҳида мунгли, дардли, гоҳи шўх-шодон қўшиқлари билан мухлислар қалбидан ўрин олиб келаётган - Дилдора Кунузоқовани туғилган куни билан табриклаймиз!
Дилдорага энг аввало, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат тилаймиз! Барча орзулари рўёбга ошишига тилакдошмиз!
Маълумот: "Дилдоранинг саньат соҳасидаги ютуқларга эришишининг, саҳнада танилишининг ўзи бўлгани йўқ. Бунинг учун у ҳаётнинг оғир зарбалари ва оғриқларини, оғир синовларини енгишига, сабот ва чидам ила кўплаб жарроҳлик амалиётларига бардош беришига тўғри келди. Унинг орзуларга тўла қалби бундай катта синовларни матонат ила енга олди.
- 2001 йилда мудҳиш йўл ҳалокати содир бўлди. Самарқанддан Навоий вилоятига қайтаётган енгил автомашина Камаз русумли юк машинасига келиб урилди. Енгил машина ичидаги йўловчилар ўша ондаёқ воқеа жойида ҳалок бўлдилар.
Оллоҳнинг мўъжизаси ила фақат 16 ёшли Дилодорагина тирик қолди. Аммо унинг аҳволи жуда оғир, қаттиқ шикастланиш туфайли унинг умуртқа ва оёқлари синган, бош шикастланган, оғир жароҳат олган эди.
Дилдора ўн йил тўшакка михланди. Оғир азоблару оғриқлар, 28 марта жарроҳлик амалиётлари ҳаётга ташна ёшгина Дилдорадан фақат чидам ва сабот, юксак ирода талаб қилар эди.
Дилдоранинг матонатли иродаси ҳаётнинг ана шундай оғир ва азобли синовларига бардош бера олди. Оллоҳнинг марҳамати ила унинг кўзларида яна нур жилваланди,юраги мавжли тепа бошлади. Оғриқлар чекина бошлагач у дардларини сўзга кўчирди, улар шеърга айланди. Шеърларини куйга солиб хиргойи қилди, қўшиқ куйлаб, беморларнинг кўнгилларига нур олиб кирди, чўғ олиб кирди, уларни ҳам яшашга чорлади. Унинг жарангдор овози ҳаёт қўшиғига, яшаш қўшиғига айланди.
Бугунги кунда Дилдора Кунузоқова яшашга, санъатга чанқоқлиги, Ватанга, ота-онага, яқинларига меҳру садоқати туфайли оиласи бағрига қайтиб, кўнгил кечинмаларини қўшиқ қилиб, мухлислар қалбини забт этиб келмоқда.
Бошқалардан фарқли ўлароқ, хонанда таёқда юрсада, бировга боқиманда эмас. У куйлайди, меҳнат қилади, шеърлар ёзиб, қўшиқлар яратади. Шеърларига ўзи куй басталаб, уларни қўшиқ қилди. Унинг жарангдор овози, хиргойиси ҳаётга бошлади.
Унинг орзуси ва эзгу мақсади АҚШда бўладиган мураккаб жарроҳлик амалиётларига ўз меҳнати ва изланишлари орқали маблағ тўплаб, соғайиб кетишдир".
Маръям Аҳмедова.