Мен учун оғир


     Ўзбекистон халқ шоири - Ҳалима Худойбердиеванинг 1973 йилда чоп этилган «ОҚ ОЛМАЛАР» номли шеърий тўпламидан. 

Мен учун оғир 

   Музаффар Муҳаммадназар ижросида.

 

Тақдир улаганда умрлар занжирин — 
Ногоҳда рўпара бўлдик иккимиз. 
Тушунмай яширин қалбларнинг сирин, 
Ҳиссиз, йўл бошидан бирга тушдик биз. 


Буни тилим билан олмасам ҳам тан — 
Биласан, юрагим бегона эди. 
Уларни мен бу тун, қуёш ботганда, 
Эсдалик дафтарга ёзяпман энди. 


Кўзимни чирт юмиб сени эсласам, 
Қийнайди ўтмишнинг ўкинчи, дарди. 
Беихтиёр қалқир кўзларимда нам, 
Ўйлайман: «Севарди, севсам бўларди». 


Биласан, йўқ эди дилимга ҳоким, 
Уни ўзга биров этмаганди жалб. 
Мағрур, қушдай эркин эдим ва лекин, 
Шунингдек сенга хам беролмадим қалб. 


Тушдай ўтиб кетди бугун ҳаммаси. 
Юракни фойдасиз ўртамоқ нечун. 
Ўтди, аммо дилда қолди, чамаси, 
Азоби, ўзим рад қилганим учун. 


Бу чигал хатони тузатолмайман, 
Тундай юрагимни очаман тунга. 
Энди-ку сенга қўл узатолмайман, 
Хайрлашолмайман ҳам мангу-мангуга. 


Нурли тонг оқарар, тун бўлар охир, 
Сенга тилакларим шу тонг каби оқ. 
Қизиқ, гоҳ бахтинг ҳам мен учун оғир, 
Бахтсизлигинг эса, яна оғирроқ! 


1971 йил 6 май










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот