Шунчаки


     Ўзбекистон халқ шоири - Ҳалима Худойбердиеваинг 1973 йилда чоп этилган «ОҚ ОЛМАЛАР» номли шеърий тўпламидан. "Шунчаки".

    Музаффар Муҳаммадназар ижросида.

 

Мен шунчаки ўйлагим келмас, 
Хаёл — шароб мисол қилсин сархуш, маст. 
Мен шунчаки куйлагим келмас, 
Овоз пардаларим чидаб берса бас.


Қўлингга тушаркан жажжи чақалоқ, 
Шунчаки севмоқда қандай лаззат бор. 
Керак чинқиртириб ўпиб, тишламоқ, 
Биз ҳам гўдакликда топганмиз озор.


Шунчаки севилмоқ — бахти қоралик, 
Тўла толе учун бу кемтик, бу кам. 
Менинг қалбим шундай севгига молик, 
Бир чарсиллаб ёнай, сўнгра сўнсам ҳам.


Оҳангга шунчаки солмасдан қулоқ, 
Таржима қилиб ёз сим садоларин. 
Ахир булоқмасмиш тоғдаги булоқ, 
Кўз ёшларимиш у ишқ гадоларин.


Шунчаки кулмоқ ҳам истеҳзодек гап, 
Бирдан қаҳ-қаҳ урай, чўчиб кетсинлар. 
Бошларига осмон тушгандай қулаб, 
Ғафлат бандалари ёқа тутсинлар.


Шунчаки йиғлаш ҳам ярашмас бизга, 
Уни эплар фақат юраги тошлар. 
Шундай йиғлай, ҳожат қолмасдан сўзга, 
Қурғоқ кўзлардан ҳам қуйилсин ёшлар.


Шунчаки ёзмоқ-чи, кўнгил тўлмайди, 
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим. 
Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди, 
Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим. 


1971 йил 20 октябрь










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот