Шеър ҳақида шеър ёзиб туриб гапирсанг...


Хосият Рустамова: “Шеър ҳақида шеър ёзиб туриб гапирсанг...”

- Ассалому алайкум, Хосият опа, аввало, суҳбатга розилик берганингиз учун раҳмат. Албатта, ижод борасида сиздек дилбар шоира билан суҳбат қуриш биз учун мароқли. "Афросиёб" газетасида юртимизнинг забардаст шоиру ёзувчилари билан доимий суҳбатлар бериб боришни йўлга қўймоқдамиз.
- Раҳмат, суҳбатга чорлаганингиз учун ташаккур. Ижодий гурунгларни мен ҳам севиб мутолаа қиламан. Имкон қадар, саволларингизга жавоб беришга ҳаракат қиламан.
- Ўзингиз ҳам шу соҳа вакилисиз, “Китоб дунёси” нашри юртимиз зиёлиларининг севимли газетасига айланиб улгурган. Ижтимоий тармоқларда баъзи ижодкорларнинг "Китоб дунёси"да ижодий ишларим эълон қилинмаяпти, деган эътирозларини учратдим. Айтингчи, ушбу нашр материалларни қандай саралайди, ҳайъат аъзолари ким, умуман, "Китоб дунёси"га қандай жанрдаги материалларни қабул қиласизлар?
- Таҳририятга келган ва келаётган ҳеч нарсага бефарқ эмасмиз. Фақат талабимиздан ташқарига чиқолмаймиз. Машҳур ёзувчи Уильям Фолкнернинг "Адабиётда ёзувчи эмас, асар муҳим", деган гапи бор. "Китоб дунёси" ҳам шу қоидага амал қилади... Почтамизга кўнгилдагидек қўлёзмалар келганда байрам қилишимизни кўринг... Бир биримизни табриклашимизни кўрсангиз... Сабаби, эртага газетамизни кутаётган ўқувчиларимизнинг юз ифодалари кўз олдимизда туради. Бизга завқ берган, ҳаяжонга солган асар уларни ҳам бефарқ қолдирмаслигини биламиз. Газета ҳам инсоннинг юзига ўхшаркан... Ҳар нарсани чаплагинг келмас экан. Энди айтинг-чи, бизни ҳайратга солмаган асар ўқувчини ҳаяжонлантирармикан? Ижодий ходимлар ҳақида гапирсам, яқиндан бери Ўзбек насрини севимли ёзувчимиз Шойим Бўтаев кўряптилар. Жуда истеъдодли таржимон Шаҳноза Раҳмонова Жаҳон адабиётини, Магистр қизимиз Муяссар Ибрагимова Шеъриятни кўриб боришяпти. Газетамизга масъул ва дизайнер - шоир Шавкат Одилжон. Публицистика билан эса таҳририятимиз раиси Кўчқор Норқобил танишиб чиқадилар. Бизниям баъзан таниш-билишчилик қилгимиз келади, кўча-кўйда, кўз - кўзга тушганда жилмайиб ўтгимиз келади. Аммо, яна ўша гап... Юзимиз... Ва кундан кунга янада яқин бўлиб бораётган ўқувчиларимизнинг норози қиёфалари бунга йўл қўймайди! Адабиёт ҳеч қачон кечирмайди!
- Ҳа, сара асарлар, албатта ўқувчисини топади, тўғри. Бир қатор шеърий китобларингиз чоп этилган. Уларнинг сарлавҳаси кўпроқ эътиборимни тортади: “Август”, “Осмондаги уй”, “Ридо”, “40:0”... Бундай номларни танлашингизга нима сабаб, оригиналликка интилишми ёки...
- Шеър ҳақида шеър ёзиб туриб гапирсанг... Столдан қаддингни кўтаролмай, адойи тамом бўлаётганингда гапирсанг... ва шу пайт сочларингни оқараётганини сезсанг, томирларингни чиртиллаб узилаётганини эшитсанг! Сўнг... шундай кунларда китобларингни номлари ҳақида ўйласанг! Айтмаслик ёки гапирмаслик учун тузукроқ баҳонаям тополмайман. Оргиналликка интилганмидим? Йўқ, менимча. Хаёлимга келган, холос. Мен ҳамиша ўша пайтда хаёлимга келган нарсани Ўзи юборган, деб ўйлайман ва ким нима деса ҳам ўша фикримга суяниб туравераман. Баьзи номлар устида сал норози бўлинган вақтлар бўлди, юзимни қаттиқ қилдим, кўзларимни олиб қочдим...
- Бу эса ўз навбатида сизга кўплаб мухлисларни ато этди, шеърларингиз севиб ўқилишига сабаб бўлди, менимча. Хосият опа, ижодкор жуфтликлар камдан кам учрайди. Турмуш ўртоғингиз ҳам сизга ҳамкасб, маслакдош инсон. Нима деб ўйлайсиз, икки ижодкорнинг бир-бирини тушуниши, англаши, тил топишиши қийин эмасми? Сабаби ижод аҳли кўнгли нозик, бир оз инжиқликларга эга бўлади... Жуфти эса сабр-тоқатли, эътиборли бўлишини истайди. Ёки ижодий муҳитда яшаш завқлироқми?
- Холбуки, мени шоир деб баҳолаб, савол бераётган экансиз, тан олишим керак, мени Кўчқор Норқобилнинг талаблари шоир қилди. Мен ёзаётган вақтимда йиғлайман қўрқиб, шу инсоннинг олдида юзимни шувит қилма, дейман! Баъзан мақтангим келади, зўр ёзсам, мени мақтасалар, дейман. Шеъримни ўқиётганларида юзларидан кўз узмайман, тикилиб туравераман... ўша лаҳза билиб оламан кимлигиму нима ёзганлигимни... Улкан муҳаббат билан севсанг ва уни Сендан баландлигини ҳис қилиб турсанг... ҳаммаси яхши бўлади!
- Бахтингизга кўз тегмасин! Рус шоирларини севиб ўқишингизни сезаман. Буни таржималарингиздан пайқаш мумкин. Кимларнинг ижоди сизни мафтун қилади? Китоб жавонингиздаги севимли асарларни бизга ҳам ошкор қилсангиз.
- Китоб ўқиганимда хаддан ташқари ҳаяжонланаман. Ҳозир ўлиб қоладигандек бўламан баъзан. Ҳаммаси ихтиёрингдан ташқарида бўлаётганга ўхшайди... Чеки-чегараси йўқ осмону бир кафтгина ер. Ҳаётим шу қадар кичкина кўринадики, ховучимга олсам йўқ бўлиб кетадигандек... Мана шундай ҳолатда китоб ўқимоқнию омон қолмокни ва чексиз бахтиёр бўлмоқни тушунтириб беролмайман. А. Пушкин, Л. Толстой, Ф. Достоевский, М. Булгаков, Г. Флобер, И. Тургенев, Ж. Жойс, Х. Картосар, В. Набоков, О, Бальзак, И. Бунин, А. Камю, Ф. Кафка, В. Биков, М. Цветаева, А. Ахматова, О. Мандельштам. Т. Морисон.... Буларни тугатиб бўлмайди. Ва яна зинапоя шаклида ёзилмайди ҳам. Бир чизиқда... юлдузлар шаклида тасаввур қилиш мумкин.
- Гуллар шаҳри Наманганнинг қизисиз, пойтахтда ижод қиласиз. Она қишлоғингиз, ота-онангизнинг сизни шоира бўлиб танилишингизда албатта, ҳиссаси катта. Келинг, бир болаликка саёҳат қиламиз... Кичкина Хосият ким бўлишни орзу қиларди?
- Болалик. Қачондир ёзган эдим, “Кўрдим – болалигимни - кўмиб ташлабди хазон”, деб. Негадир болалик ҳақида ўйласам, Онамнинг китобни яхши кўрганларию, мен Онамни китобдан рашк қилганларим хаёлимга келади. Болалик тассаввуримда Онам китобларни биздан кўра кўпрок яхши кўрардилар. Табиийки, чидолмасдим! Китобларини йиғилган кўрпачалар қатига яширардим. Онам сезардилар шекилли, сўрамай қидирардилар... Мен эса без бўлиб тураверардим! Кейинроқ китобнинг таъмини мен ҳам тушуниб қолдим. Тонггача китоб ўқийдиган бўлдим. Эртага мактаб йўқми, деб жаҳллари чиқарди дадамнинг. Онам эса индамасдилар. Шундай вақтларда ўзимни "Евгений Онегин"даги Татьяна деб ҳис қилардим. Биз ўша пайтларда маҳаллада янги хўжалик бўлиб, кўчамизнинг бошидаги крандан сув ташиб ичардик. Мен эрталаблари қўшиқ айтиб, қишлоқи ойимқиз - Маша бўлиб сувга кетардим...
-Хосият опа, шогирдларингиз борми? Умуман, сиздан ижодий сабоқ истаб келган ёшлар билан муносабатингиз қандай? Ёки ижодкор учун устоз керак эмас, деб ҳисоблайсизми?
- Тўғриси, бировни шогирдим дейишга уяламан. Устоз билан шогирднинг вазифаси, бурчлари бордир балки, билмадим. Кимдир мендан маслаҳат сўраса, билганларимни бажонидил баҳам кўраман. Аммо, менинг ўрганадиганларим уларникидан кўра кўпрок бўлсачи?!
- Янги нашримиз ва ўз мухлисларингизга тилакларингизни кутиб қоламиз.
- Юртимиз тинч бўлсин, аввало. Тинч юртда инсонлар китоб ўқийди, ижодкорлар қалам тебратади. Ана шу бахтдан айирмасин. “Афросиёб” газетаси ҳам муштарийларнинг севимли нашрига айлансин. Мароқли суҳбат учун сизларга ҳам ташаккурларим. Соғ-омон бўлинглар.
- Раҳмат, ижодингиз бундан-да юксак бўлсин!

 

Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди.

Манба: "Афросиёб" газетаси. 2017 йил