Чўлпон ёхуд Кундузсиз кечалар


   Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири - Усмон Азим қаламига мансуб "Чўлпон" (Кундузсиз кечалар) спектаклининг премьера олди намойиши бўлиб ўтди.
   Саҳналаштирувчи режиссёр - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист  - Валихон Умаров;
   Саҳналаштирувчи рассом - Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби - Бахтиёр Тўраев.
   Спектакльни Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Тожикистон халқ артисти, театрнинг раҳбари - Ёдгор Саъдиев кириш сўзи билан очиб, томошабинларга асарнинг моҳияти ва долзарб аҳамияти хусусида гапириб ўтди.
   Спектакль ХХ асрнинг бошларида Ватанимизда шаклланган жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири - шоир, драматург ва театр арбоби Абдулҳамид Чўлпон ҳаётига бағишланади.
   Жадидлар тараққиёт ривожидан узилиб қолган халқимиз ҳаётига, яшаш тарзига янгиликлар олиб кирмоқ йўлида саъйи ҳаракат қиладилар. Улар таълим, адабиётни ислоҳ қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эди. Зотан, адабиёт яшаса, миллат яшашини улар аниқ ҳис этишган. Халқни саводли кўриш учун янги усулдаги мактаблар очишган, маърифий тўгараклар ташкил этишган. Ватанни хурофотдан, босқинчилардан озод кўришни исташган ва бу йўлда қатъият ва жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишган.
    Абдулҳамид Чўлпон мана шу ҳаракатларнинг улкан вакилларидан биридир.
   Спектакльда Сталин қатағонининг қурбони бўлган буюк шоир ва улуғ ватанпарвар Абдулҳамид Чўлпон умрининг сўнгги ўн йилликдаги ҳаёти - шоир билан тоталитар замон ўртасидаги кескин кураш ўткир драматик кўринишларда акс эттирилади. Бешафқат замон Чўлпонни аввал шахсий ҳаётидан, сўнг эркин ижод қилиш бахтидан ва охири ҳаётидан жудо этиши ҳаққоний акс эттирилган.
   Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида кечган воқеалар томошабин кўз олдида озодлик ва зулм, шахс ва зўравонлик, инсон ва давр, хиёнат ва садоқат аро мангу кураш асносида ҳаяжонли, аниқ ва юракни ўртайдиган даражада намоён бўлади. Ватанга садоқат туйғуси шоирни сўнгги нафасигача тарк этмагани таъсирли тасвирланган.

Ролларда:

Чўлпон - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Асадилло Набиев; актёр - Ҳамза Хасанов;
Фитрат - Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист - Толиб Мўминов; актёр - Феруз Бурҳонов;
Файзулла Хўжаев - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Меҳриддин Раҳматов; актёр - Жамолиддин Абдужабборов;
Солиҳа - Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист - Дилноза Кубаева; актрисалар - Шаҳноза Ҳожимуродова, Маҳлиё Асқаралиева;
Аксал Икромов - актёрлар - Фарруҳ Ботиров; Аҳрор Алижонов;
Боту - актёрлар - Фарруҳ Ботиров; Аҳрор Алижонов;
Ойбек - актёрлар - Абдуллоҳ Масудов; Диёр Саъдуллаев; Тожираҳмон Нигматуллаев;
Наганли одам - актёрлар - Ғайрат Боймирзаев; Умид Турсунов ва бошқалар ижро этишган.

Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси 
матбуот хизмати.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот