Муҳаммадали Абдуқундузов таваллуд топган кун


  Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори, Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино актёри  - Муҳаммадали Абдуқундузовни таваллуд топган куни билан қутлаб, аввало соғлик-саломатлик, узоқ умр, ижодий ютуқлар тилаб қоламиз!

  Маълумот: Муҳаммадали Абдуқундузов 1952 йилнинг 14 июль куни Фарғона вилоят, Ўзбекистон туманидаги Яйпан қишлоғида таваллуд топган. 
   Актёрлик касбига ҳавас уни Тошкент Давлат санъат институтига етаклаган. Институтни муваффақиятли тугатган ижодкор бир гуруҳ фидойи ёшлар билан Сурхондарёга, Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрига йўлланма олган.
  Актёр ушбу театр саҳнасида ўн икки йил сидқидилдан ижод қилиб, изланди, роллар ўйнади ва спектакллар саҳналаштирди. Шу йиллар давомида ижодкор жаҳон ва ўзбек драматургиясининг энг сара намуналарида ўзига хос, бадиий жиҳатдан етук образлар галереясини яратди. Муҳаммадали яратган образлар кучли темпераменти, жўшқинлиги, самимийлиги билан томошабинни мафтун этади. Қаҳрамонона руҳда ижро этилган Фердинанд («Макр ва муҳаббат», Шиллер), Давронбек («Ватан ишқи», Зиннат Фатхуллин ва Уйғун), Паратов («Сепсиз қиз», Ост¬ровский), Шокир («Кўрмайин босдим тиконни», Иззат Сул¬тан), Алибек («Сарвиқомат дилбарим», Чингиз Айтматов), Андрей («Барча билан яккама-якка», Александр Гельман), Муса Жалил ("Номаълум кун", Диас Валеев) образлари актёрнинг ўзбек театри ривожига қўшган катта ҳиссаси сифатида эътароф этилди.
    Айниқса, машҳур адиб Сайд Аҳмад қаламига мансуб «Уфқ» драмасидаги Икромжон образини актёр юксак маҳорат ва истеъдод билан талқин этди. Ушбу спектакль ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида театр репертуарининг файзи бўлиб турди. Асар муаллифи ижодкорнинг катта маҳоратини эътироф этиб шундай сўзларни битган эди: «Муҳаммадали! Қоғоздаги Икромжонга жон киритиб, унга ҳаёт бағишладингиз, бундай иш фақат забардаст санъаткорнинг қўлидан келади. Раҳмат». Икромжон роли 1975 йили Ўзбекистонда «Йилнинг энг яхши эркак роли» номинацияси бўйича бош мукофотга сазовор бўлди.
  Муҳаммадали Абдуқундузов 1986 йилда Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга таклиф этилди. Отахон театрда актёр яратган дастлабки образ драматург Владлен Дозорцевнинг «Сўнгги қабул» асаридаги Ермаков бўлди. Унинг ушбу театрдаги даст¬лабки образлари ўзбек театрига ўзига хос ижро услубига эга бўлган санъаткор кириб келганидан далолат беради. Таниқли кинорежиссёр Латиф Файзиев театрда Иззат Султон қаламига мансуб «Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари» спектаклини саҳналаштиришга киришганида ҳеч иккиланмай Қодирий ва Отабек образини Муҳаммадалига топширади. Актёр ўзига бўлган катта ишончни оқлаш учун туну-кун изланди, зеро битта саҳна асарида иккита катта образни яратиш ундан бор куч ва маҳоратини ишга солишни тақозо этарди. Ҳар бир образнинг ўзига хос характерини топиш, тушуна бориш, уларни ранг-баранг бўёқларда ифода этиш ўта мураккаб вазифа эди. Ижодкорнинг тинимсиз изланишлари ўз самарасини берди. Отабек ва Қодирий образлари мухлислар тилига тушди. Актёр театр саҳнасида мустаҳкам иродали, фалсафий мазмунга эга бўлган фожиавий ҳамда драматик образлар яратишда катта муваффақиятга эришди. Ўзбек («Бахтли гадолар», Гоцци), амир Умархон («Тахликали дамлар», Салоҳиддин Сирожиддинов), Ҳусайн Бойқаро ("Алишер Навоий», Уйғун ва Иззат Султон), Султонали («Меҳробдан чаён», Абдулла Қодирий), Пўлат («Ёрқиной», Чўлпон), Саркарда («Кориолан», Шекспир), Жуманов («Қатағон», Ў.Ҳошимов) образларини актёр ўзбек миллий театрининг энг яхши анъаналарига суянган ҳолда ижро этди ҳамда муваффақиятга эришди.
    Шоир ва драматург Усмон Азим қаламига мансуб «Кундузсиз кечалар» спектаклида яратилган Чўлпон образи санъаткорнинг сўнгги йилларда яратган энг салмоқли образларидан бири сифатида қайд этилди. Актёр Чўлпоннинг ички дунёсини, унинг орзу армонлари, дарду аламларини ўта нозиклик билан тасвир этади. Санъатшунослик номзоди, профессор Тоир Исмоилов: «Спектаклдаги энг муваффақиятли образ актёр Муҳаммадали Абдуқундузов яратган Чўлпон образидир. Театр саҳнасида оташнафас шоирнинг нурли образи кашф этилган» деб ёзса, санъатшунослик доктори Муҳаббат Тўлахўжаева «Актёр, характерида жиловланган куч, зиёлилик, ички маданият жўш урган инсон сиймосини гавдалантирган Муҳаммадали Абдуқундузов Чўлпон образини поэтик теранлик ва ҳиссий жўшқинлик билан тўлдиришга муваффақ бўлган» дея эътироф этади.
    Ушбу спектаклнинг «Андижон баҳори» (1999) ҳамда «Мустақиллик тимсоли» (2001) фестивалларида Бош мукофотга сазовор бўлиши ҳамда актёрнинг «Энг яхши эркак образи учун» номинацияси бўйича мукофот олиши ҳам ушбу эътирофларнинг бежиз эмаслигини таъкидлаб турибди. Актёрнинг Ўзбекистон телевидениесидаги видеофильмларда яратган образлари уни ҳар бир ўзбек хонадонининг азиз санъаткорига айлантирди. Айниқса Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи асосида яратилган «Бобур» кўп қисмли видеофильми унга катта шуҳрат келтирди.
    Муҳаммадали Абдуқундузов ижросидаги Бобур Мирзо оғир, вазмин, чуқур ўйга ботган, ўткир нигоҳли, гапириш оҳангида маҳзунлигу мағрурлик, ҳазинлигу ўктамликни мужассам этган инсон сифатида гавдаланади. Актёр ижро этган Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» асаридаги Алишер Навоий, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» асаридаги Чўлпон, Тамилла Қосимованинг «Увайсий» видеофильмидаги Амир Умархон сиймолари ҳам томошабинлар қалбида чуқур из қолдирди. «Бобур» ва «Кеча ва кундуз» видеофильмлари Покистон ва Туркия телевидениелари орқали ҳам намойиш этилди. Ўзбекистон Мустақиллигининг ўн йиллигига бағишлаб суратга олинган «Асрларга тенг ўн йил» ва Ўзбекистон Конституциясига бағишлаб яратилган «Адолат қомуси» бадиий-публицистик фильмларидаги бошловчи образлари ҳам ижодкор ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Актёр «Ўзбектелефильм» студиясида буюк аждодларимизга бағишлаб суратга олинган «Баҳовиддин Нақшбанд», «Имом Термизий» ҳамда «Ал-Фарғоний» каби фильмларга юксак маҳорат билан овоз берди, ўзбек миллий театр санъати ютуқларини Франция, Германия каби мамлакатларда муносиб намойиш этди.
    Муҳаммадали Абдуқундузов кино соҳасига ҳам салмоқли улуш қўшиб келмоқда. Жумладан, у бугунга қадар “Нажотим сен”, “Фарёд, “Фарёд 2”, “Тавба”, “Жигарбандим”, “Қиз кўнгли”, “Сўнгги бор”, “Асрагил”, “9 рақамли бемор” “Исломхўжа” фильмлари, “Бобур”, “Лайли ва Мажнун”, “Кеча ва кундуз”, “Увайсий”  видеофильмлари ва кўплаб миллий сериалларимизда яратган образлари орқали халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган.  
    Муҳаммадали Абдуқундузов Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирининг ўринбосари (1996 йил), «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Бош директори (1998 йил), Театр ижодкорлари уюшмаси раисидир. Мустақиллик байрамлари тантаналари, «Наврўз» умумхалқ байрамлари, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Чўлпоннинг юбилейлари, Хиванинг 2500 йиллиги, «Алпомиш» достони яратилганлигининг 1000 йиллиги, Ўзбекистон қўшиқ байрами тадбирлари, «Офарин» йилнинг энг яхши ижодкори танлови, «Наврўз», «Андижон баҳори» ва «Ҳумо» ёшлар театрлари фестивалларини, Ўзбекистонда Украина, Тожикистон, Қирғизистон маданияти кунларини ўтказишда фаол иштирок этди.
    Муҳаммадали Абдуқундузовнинг миллий театримиз ривожига қўшган ҳиссаси муносиб тақдирланган. Ижодкор 1983 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1997 йилда «Ўзбекистон халқ артисти», 1999 йилда «Қорақалпоғистон халқ артисти» фахрий унвонларига, 1997 йилда эса Халқаро Бобур мукофотига сазовор бўлди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот