Шоҳида Исмоиловага табрик!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино актрисаси – Шоҳида Исмоиловани таваллуд куни билан чин қалбимиздан табриклаймиз!
Устоз санъаткор, халқ суйган ва ардоқлаган ижодкор – Шоҳида Исмоиловага узоқ умр, мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик тилаймиз. Ижод йўлларида бундан-да кўпроқ ютуқларга эришишларига тилакдошмиз.
Маълумот: Шоҳида Исмоилова 2000 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган.
Актриса ўз ижодий фаолиятини 1980 йил Ўзбек давлат драма театрида бошлаган.
1987 йилдан Миллий театрда актёр сифатида фаолият кўргазмоқда.
Шоҳида Исмоилова Ўзбек Миллий Академик драма театрда саҳналаштирилган 50 га яқин спектаклларда турли характердаги сермазмун образларда намоён бўлган. Жумладан: "Ўткан кунлар” спектаклида Кумуш ролини саҳнага биринчи бўлиб олиб чиққан. "Юлдузли тунлар” спектаклида Хонзодабегим, "Меҳробдан чаён”да Гулшан, "Отелло”да Дездемона, "Мирзо Улуғбек”да Феруза, "Бахтли гадолар”да Анжелика, "Алла”да фарзандсиз аёл, "Кундузсиз кечалар”да Солиҳа, "Усмон Носир”да Холамбиби, "Омонат дунё”да Латофат, "Андишали келинчак”да Оқойим каби ўта мураккаб ва характерли бош ролларни катта маҳорат билан ижро этиб келмоқда.
У театрдаги фаолияти билан бир қаторда кино соҳасида ҳам сермаҳсул ижод қилиб, 40 дан зиёд кино ва видеофильмлар ҳамда миллий сериалларда турли-туман ролларни ўйнаган. "Ўткан кунлар”фильмида Хушрўй, "Олтин тулпор дуоибади”да Шоҳида, "Телба”да она, "Фарёд”да Саиднинг онаси ҳамда миллий сериаллардан: "Домла”да Сожида, "Чархпалак”да Мастура, "Имом Ал-Бухорий”да Бухорийнинг онаси, "Оила”да Ойдин, "Қайтар дунё”да Ойниса, "Туташ тақдирлар”да Зебо, “Шайтанат”, “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси”, “Келгинди куёв”, “Ташландиқ”, “Тавба”, “Фарзандим”, “Туташ тақдирлар”, “Муқаддас бурч”, “Ҳақиқат куни”, “Чашма”, “Зирапча”, “Сўнгги лаҳза”, “Пойга”, “Рангсиз тушлар” каби кўплаб фильм ва сериалларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Шоҳида Исмоилова 1999 йили "Андижон баҳори” халқаро театрлар фестивалида "Кундузсиз кечалар”спектаклидаги Солиҳа роли учун "Энг яхши аёл роли ижрочиси” номинацияси ғолиби бўлган.
Республика хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган "Йил аёли – 2011” кўрик-танловининг шаҳар босқичида муваффақиятли иштирок этиб, сертификат билан тақдирланган.
Шоҳида Исмоилова Ўзбек Миллий академик драма театри қошида 2010 йил "Тасанно” болалар театр студиясини ташкил этган. 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар театр студиясида машғулотлар олиб борган. Студия ўз фаолияти давомида "Қорбобони қутқаринг”, "Шелкунчик”, "Байрам саргузаштлари”, "Элчигул”, "Буратино” каби асарлар саҳналаштириб, театр мутахассислари ва томошабинлар олқишларига сазовор бўлган. "Тасанно” болалар студияси Республикамизнинг барча вилоятларига сафарлар уюштириб, у ердаги болалар пансионатлари, дам олиш масканлари, меҳрибонлик уйларида ўз дастурлари билан фаол иштирок этишган.