САНЪАТКОРНИНГ САЛОМАТЛИК СИРЛАРИ


САНЪАТКОРНИНГ САЛОМАТЛИК СИРЛАРИ
Таниқли актриса Гуласал РАҲМОНОВА:
«УЙИМИЗДА ТАБОБАТГА АЛОҚАДОР ҚЎЛЛАНМАЛАР ЖУДА КЎП»

МАЪЛУМОТ
     24 сентябрь куни Бухоро шаҳрида таваллуд топган.
     2008 йили Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг мусиқали драма актёрлиги факультетини тамомлаган.
     2008 йилдан буён Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ишлаб келмоқда.
     Оилали, 2 фарзанди бор.
     Оилада эпчил бека, суюкли ёр, меҳрибон она, жамиятда эса ўз ўрнига эга бўлган бугунги қаҳрамонимиз Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актрисаси Гуласал РАҲМОНОВАдир.
    У театрдаги фаолияти давомида қатор спектаклларда турфа образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган санъаткорлардан бири. У «Осмонга сиғмаган қуш»да Зарина, «Қайчи қудалар»да Осиё, «Хонума»да Сона, «Ой онам, қайнонам»да Маша, «Осмондаги ҳулкарим»да Дилбар образларини маҳорат билан гавдалантирган.
Кейинги пайтда «Журналист», «Ташхис», «Катта хонадон», «Галдир» каби телесериалларда, шунингдек, теленовеллаларда роллар ижро этяпти.
     Актриса билан айни кундаги фаолияти ва саломатлик сирлари тўғрисида гаплашдик.
— Гуласал, билишимча, турмуш ўртоғингиз Илҳом Атамирзаев ҳам санъаткор, битта институтда таҳсил олгансиз, битта даргоҳда ишлайсиз. Бошқа санъаткорлар билан партнёр бўлиб роль ижро этишга муносабатларингиз қанақа?

— (кулимсираб) Ҳақиқатан шундай, бирга ўқидик, бирга ишлаяпмиз. Албатта бу ҳам санъаткор аёл учун катта бахт. Турмуш ўртоқ билан бир саҳнада туришнинг ўзгача шукуҳи, ўзига яраша завқи ва гашти бор. Бироқ ҳар доим бирга саҳнага чиқишнинг имкони йўқ. Чунки баъзи асарларда менга ёки турмуш ўртоғимга мос образ бўлмаслиги мумкин. Ана шунда бошқа актёр билан партнёр бўлишимизга тўғри келади.
     Санъатнинг ичида бўлганимиз учун бу ҳолатни иккаламиз ҳам тўғри тушунамиз. ЁМОН кўз билан қарамаймиз ёки ғашимиз келмайди. Ҳар доим ролимиз яхши чиқиши учун бир- биримизни қўллаб-қувватлаймиз, маҳорат билан ижро этишимиз учун мадад бўлиб турамиз.
     «Бир-бирингизни саҳнада рашк қилмайсизми?» дея сўрашганида, турмуш ўртоғим: «Биз саҳнада роль ижро этаётганимизда касбимиз деб қарасак ва касбимизни ҳурматласак, ҳеч қачон тушунмовчилик ва қизғанишлар юзага келмайди», деб жавоб қайтарганлар.

«КЕЙИНГИ ПАЙТДА ШИФОКОР ҚАБУЛИГА БОРИШИМГА ТЎҒРИ КЕЛАЯПТИ»

— Шу ўринда саломатлик сирларингизни айтинг. Шифокор кўригига охирги марта қачон бордингиз? Шифокорлар ҳақида юрагингизда қандай сўзлар бор?
— Очиғини айтсам, шифокор кўригига боришни жуда яхши кўраман, дея олмайман. Негадир шифокорлардан қочиб юраман. Оилавий поликлиникага ҳам асосан фарзандларимга ҳомиладорлик давримда борганимни айтмасам. қолган пайтларда боришни истамасдим.
     Бироқ кейинги пайтда шифокор қабулига боришимга тўғри келяпти. Сабаби, Зайнаб ролимдан кейин юрагимнинг тез ураётгани, безовталанишидир. Шу ролни ижро қилганимдан кейин кардиологияга тез-тез бориб даволаняпман.
    Шифокорлар менинг ёшимда юрагим бундай урмаслиги кераклиги ва бундай уколлар олмаслигим лозимлигини айтишяпти. Лекин мен ролимни бошқача ижро этолмайман, яъни ёлғондан ўйнай олмайман. Саҳнага чиқишим билан, ўзим истамасам-да, Зайнаб руҳимга кўчади ва юрагим ўз қинидан чиқиб кетади. Спектакль тугагач, гримхонамга келиб дориларимни ичаман. Уйимга боргач яна дори қабул қиламан. Ана шундан кейин юрагим тинчланмаса яна кардиология бўлимига йўл оламан. Минг афсус, шундай қилишга мажбур бўляпман.

«ЮМШОҚ НОН ЎРНИГА БИРОЗ ҚОТГАН НОН ЕЙИШНИ АФЗАЛ КЎРАМАН»

— Юрагингизни мустаҳкамлаш учун бошқа анъанавий тиббиёт усулларидан фойдаланмаяпсизми?
— Шифокорларимиз кечқурун туршакни ювиб, майиз билан аралаштириб, устига қайнаган сув қуйиб, истасангиз наъматак қўшиб термосга дамлаб, эрталаб турганингизда наҳорда ва кун мобайнида ҳам шундан ичиб юринг, деб тайинлашди.
     Бундан ташқари, кўнглингиз тортганича кун давомида туршак шимиб юринг, дейишди. Яна чойга кийик ўти гиёҳидан солиб ичишни тавсия этишган. Бу қон босимини меъёрда сақлашга ёрдам беради. Эрталабки чойда бир пиёла илиқ қайнаган сувга лимон шарбати ва асал солиб ичишни канда қилмаяпман.
— Саломатликка алоқадор қандай нашрни ўқиб борасиз?
— (кулимсираб) Айнан битта нашр десам ёлғон бўлади. Авваллари ҳар қандай нашр қўлимга тушса гўзалликка оид саҳифасини қидирардим. Кейинги пайтда қўлимга газета олсам, саломатликка бағишланган мақола қидиряпман. Юрак, буйрак, жигар саломатлигини нималар мустаҳкамлаши, нималар бу тана аъзоларимизга ёқмаслигини билишга қизиқяпман.
     Уйда юмшоқ нон ўрнига бироз қотган нон ейишни афзал кўраман. Яқинда қотган нон жигар учун фойдали эканлигини ўқиб қолдим. Онамнинг жигарлари бироз қийнашини билганим учун уларга дарҳол қўнғироқ қилиб, ўқиган мақолам ҳақида айтдим. Газеталар ва ижтимоий тармоқлардан ўқиганларим асосида ўзим секин-аста тўғри овқатланишга риоя этиб. бир бўлак қора нон ейишни бошладим.
     Тушликда нон емайман, кечқурун таом ўрнига салатлар тановул қиляпман ёки олма, сабзи, қизил лавлагидан шарбат тайёрлаб ичяпман. Қизил лавлагини жуда яхши кўраман. Гоҳида фақат шу сабзавотнинг ўзидан салат тайёрлаб, унга озгина ёнғоқ ва қизил ловия қўшаман. Булар куч- қувват беради ва саломатлигимни мустаҳкамлайди.

«ДАВОЛАШ ЖАРАЁНЛАРИДА АНТИБИОТИКЛАРДАН КОЧАМАН»

— Демак, ўз саломатлигингизни назорат қилар экансиз, фарзандларингизни-чи?
— 2 фарзандим бор, ўғлим 11 ёшда, қизим 6 да. Барча оналар каби уларнинг соғлигига жуда эътиборлиман. Улар шу кунгача кўпроқ шамоллашган. Даволаш жараёнларида антибиотиклардан қочаман. Табиий маҳсулотларга асосланган дориларни беришга интиламан. Қизим кўпроқ ширинликлар тановул қиларди, иштаҳаси йўқ эди. Табиий маҳсулотларга асосланган дори бера бошлаганимдан кейин унинг иштаҳаси яхшиланди, иммунитети мустаҳкамланди.
     Отам: «Антибиотик тирик ҳужайраларни ўлдиради», деган сўзларни кўп таъкидлаганлари ёдимда туради. Организм ўзи курашса, иммунитет унга мослашади. Антибиотик ёрдамида иммунитетни «ўлдириш» мумкин. Отам халқ табобатига қизиқадилар. Уйимизда табобатга алоқадор китоблар, қўлланмалар жуда кўп. «Шифо-инфо» газетаси албатта бор. Менга ҳам қайси гиёҳ қандай хасталикка даво эканлиги ёзилган қўлланмани совға қилганлар. Болалик чоғларимизда бизни чўлга олиб чиқиб кетардилар. Биронта гиёҳнинг суратини кўрсатиб, мана шуни қидиринглар дердилар. Агар инсоннинг кўнгли айниётган, лекин қайт қилолмаётган бўлса, исириқнинг майда қора уруғини ичиши керак, дердилар. Бир марта кўнглим айнияпти десам, отам ҳатто менда шуни тажриба қилиб кўрганлар. Кейин олхўри ва анор қонни тозалайди, кўнглингиз тортганча енглар, деб ўргатганлар.
     Фарзандларим ва ўзим барча меваларни жуда яхши кўрамиз. Шу боис уйимиздан олма, узум каби ҳўл мевалар аримайди.
— Қай тарзда дам олишни, ҳордиқ чиқаришни афзал кўрасиз?
— Албатта тоғ қўйнига боришни ёқтираман. Лекин ҳар доим ҳам бунинг имконияти йўқ. Ҳар бир инсон ўз вақтида дам олиши керак. Чунки организм жуда чарчаса ҳам иммунитет тушиб кетар экан. Юрагим безовталаниб шифокор қабулига борганимда: «Юрагингизни жуда чарчатиб қўйибсиз, энди вақтида дам олишга урининг», дейишди.
     Шу боис ҳар бир инсон ўз иммунитетини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши зарур деб ўйлайман ва ўзим ҳам шунга риоя этишга интиламан.
ТАВСИЯ ВА МАСЛАҲАТЛАР

     Беҳи шарбати ёки компоти жигар учун жуда фойдали ичимликдир. Бундан ташқари, жигар карамни ҳам яхши кўрар экан. Жигари саломатлигини ўйлаган ҳар бир инсон шуларни истеъмол қилиб тургани маъқул.
     Юзида сепкиллари бор қизларимиз 2 қошиқ петрушка шарбатини 1 ошқошиқ қуюқ қатиққа аралаштириб 15 дақиқага юзга суртиб қўйсалар, юзларини оқартиради. Шунингдек, офтобда куйган юзларни яхшилайди.

Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.
 Манба: «ШИФО-ИНФО», 2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот