Бобур Бобомурод билан ижодий учрашув


   Ҳаёт давом этади, демак, адабиёт ҳам барҳаёт. Шеърият руҳиятнинг инъикоси, кайфиятнинг, туйғунинг оний ҳосиласи. Мулоқотда меҳр ҳам, моҳият ҳам катта. Меҳр кўзда эканлигининг боиси шу. Ҳар қандай ҳолатда ҳам маънавиятга ташна, маърифатга ошна қалбларнинг эҳтиёжини қондиришга имконимиз етарли. Дийдор бедор қалбларга, чин дўстликка пойдор, ғафлат бандасига эмас. Маърифий тадбирларнинг уюштириб турилиши чинакам элпарварлик нишонаси.
   Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, иқтидорли шоир Бобур Бобомурод билан мулоқотимиз анча мароқли ва мазмундор бўлди. Ўқитувчилар ва ўқувчилар томонидан берилган шоир шеърияти ва ҳаётий фаолияти билан боғлиқ қизиқарли саволлар, айни пайтда шоир томонидан берилган самимий жавоблар мулоқотга руҳ ва мазмун бахш этди.
  Ижодий учрашувлар рукнида Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 186-умумий ўрта таълим мактаби маъмурияти ва ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчи - Музаффар Муҳаммадназарнинг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мулоқот қаҳрамони ҳақида мухтасар маълумот бериш ўринлидир.
  Бобур Бобомурод 1968 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1991 йилда Бухоро педагогика институтининг "Тарих ва жамиятшунослик" йўналишини муваффақиятли битказган.
  Бадиий ижод билан ёшлигидан шуғулланади. Илк китоби 1996 йил 25 декабрда чиққан. Шундан бери ўндан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1998 йилдан). Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими (2010). У ҳозирда бадиий ижод ва жамоатчилик фаолияти билан машғул. Оилали, бешта фарзандини уйли-жойли қилган, бири-биридан ширин неваралар эъзозида. У мингдан ортиқ қўшиқлар матни муаллифи. Республикамизда донг таратган машҳур ҳофизларнинг ижодий барномасидаги аксарият қўшиқлар матни уларнинг қаламига мансублиги бежиз эмас. У ўйнаб эмас, ўйлаб ёзади. Мазмундор матн, образли тафаккур, ташбеҳона ибора ва ифодалар, халқ дилига яқин содда ва равон услуб унинг шеърларига умрибоқийлик бахш этади. Аслида, шоирнинг мавқеи, шеърнинг ўрни ҳам шундан иборат.
  Бобур Бобомуроднинг деярлик ҳар куни муайян таълим муассасаси, меҳнат жамоаси ва ташкилотлар билан ижодий мулоқотлари бор. Сабаби унинг барча идора ва муассасаларда қадрига етадиган садоқатли мухлислари кўп. Чунки, яхши шоир, самимий ва хокисор инсон, оқибатли дўст ҳамма жойда эҳтиромга эга.
  Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 186-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари - Ҳидоятхон Нурмуҳамедова  ўзининг қизиқарли ва маърифий суҳбатлари учун Бобур Бобомуродга педагогик ва ўқувчилар жамоаси ҳамда маъмурият номидан миннатдорчилик билдира туриб, шоирнинг келгусидаги фаолияти ва ижодиётида халқ ишонч-у эътиборини қозонишдек шараф доимо ҳамроҳ бўлишини тилади.
  Унинг олам ва одам қадри билан боғланган шеърлари асосидаги ушбу ижодий учрашув акс этган видеоёзув ҳам шоирнинг юксак истеъдодидан далолат маёғи, кафолат чироғи бўлсин деган мазмунда видеотасвирни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

  Баҳриддин МУҚИМОВ -  Нотиқлик санъати академиясининг вице президенти.
2021 йид.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот