Ижодкорлар ёшлар даврасида


  Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 133-умумтаълим мактабида “Шеърият ва ёшлар” мавзусида ижодий учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқулова, журналист - Музаффар Муҳаммадназар “Парвоз” тўгараги тингловчилари билан суҳбатда бўлди. 
  Мулоқот аввалида шоиранинг ижоди ҳақида маълумот бериб ўтилди. Шундан сўнг, Фароғат Худойқулова адабиёт, шеърият олами ҳақида ёшларга тушунчалар берди. Китобга меҳр қўйишга, кўпроқ бадиий асарлар ўқишга чорлади. Бугунги олинган билим келажак учун мустаҳкам пойдевор эканлигини айтиб ўтди.  Ўзининг ижодий хотиралари билан ўртоқлашди. 
- Мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғибочиларнинг фаолияти йўлга қўйилиши катта аҳамиятга эгадир, - дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Феруза Темирова. – Илк учрашувдаёқ ўқувчилар ўзларининг маҳоратларини кўрсатишга интилишди. Ижод дунёсининг сирларидан сабоқ олишди.
  Эркин мулоқот тарзида кечган суҳбатда 4-, 5-, 6-, 7-, 8-синф ўқувчилари жам бўлишди. Суҳбат давомида шеъриятга қадам қўйган ўқувчилар борлигига гувоҳ бўлдик. Мазкур мактабнинг 6-синф ўқувчиси Абдулвосит Омонов “Ҳошимжон”, 8-синф ўқувчиси Моҳинур Азимқулова ўзининг “Эркинликка не етсин”, “Меҳр кутган қора кўзлар”, “Ўзбегим қизлари”  номли илк шеърларидан ўқиб берди. Бир гуруҳ ўқувчилар Ўзбекистон халқ шоирлари ва Қаҳрамонлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф шеърларидан парчалар айтишди.  
  Ўзларининг ижод намуналарини тақдим этган ўқувчиларга Фароғат Худойқулова шеър машқ қилишнинг сирлари ҳақида тавсиялар берди. Ёшлардан илҳом олган шоира ҳам шеърий лаҳзаларни давом эттирди. 
  Давра суҳбати якунида тўгарак аъзоларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган китоблар улашилди. Учрашувдан эса адабиётга, шеъриятга ихлосманд истеъдодли ёшларимиз кўплигидан қувониб қайтдик.


Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот