“Пуанкаре” бадиий фильми учун ГРАН-ПРИ!


   Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги “O‘zbektelefilm” давлат муассасаси  Ватанимиз мустақиллиги байрамини хушхабар билан кутиб олмоқда. 
   Болгария Телевидение, кино ва интернет коммуникациялари Академияси (АТКИК) номидан муассасамизга хат келиб тушди. Хатда айтилишича, Академия кинофестивалнинг халқаро ҳакамлар ҳайъати танлов натижаларини эълон қилган ва  танловда  “O‘zbektelefilm” телемаҳсулотлари бўлган “Она сурати”,  “Ҳаёт қўшиғи” телесериаллари ҳамда “Пуанкаре” ва “Репетиция” бадиий фильмлари кинофестивалнинг лауреатлари ва финалчилари қаторидан жой олиб,  телесериаллар ва бадиий фильмлар номинациясида мукофотларга номзод бўлишган, “Тунда ёлғиз” болалар фильмига эса иштироки учун махсус диплом белгиланган. 
   Кино-телефестиваль ташкилотчилари бош мукофот совриндорларини олдиндан эълон қилишган. Унга кўра,  кинофестивалнинг халқаро ҳакамлар ҳайъати режиссёр Музаффархон Эркинов томонидан суратга олинган, адиб Абдуқаюм Йўлдошев қаламига мансуб “Пуанкаре” бадиий фильми учун ГРАН-ПРИ –  “Бадиий фильм учун энг яхши режиссёрлик иши”, шунингдек, “Бадиий фильм учун энг яхши операторлик иши” ва “Бадиий фильм учун энг яхши сценарий” мукофотларини тасдиқлашган.
   Хатда хабар қилинадики, 2024 йилнинг май ойида бўлиб ўтган кино-телефестивалнинг таъсисчилари йиғилишида  Болгария Кино, телевидение ва интернет Академияси (Болгария), Европа аудиовизуал санъат ассоциацияси (Болгария – С. Македония), Париж Европа кино Академияси ESRA Скопье аудиовизуал санъат университети (Скопье – Париж – Нью-Йорк)  томонидан “O‘zbektelefilm” давлат муассасасининг олий тоифали кинорежиссёри Музаффархон Эркиновга “ФАХРИЙ АКАДЕМИК”унвонини бериш ҳамда уни алоҳида нишонли диплом билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. 
2024-йилнинг 11-сентябрида бўлиб ўтадиган кино-телефестивальнинг ёпилиш маросимида  юқорида айтилган унвон, диплом ва бошқа ютуқлар ўз эгаларига топширилади.
   Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда “O‘zbektelefilm” давлат муассасаси ҳурматли режиссёримиз Музаффархон Эркиновни, асар муаллифи - Абдуқаюм Йўлдошевни ва барча ижодкорларни юксак мукофотлар билан табриклайди. 
   Барчамизга Ўзбекистонимизнинг Мустақиллик байрами муборак бўлсин!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот