Моҳигул Ҳамраевага табрик
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «O‘zbektelefilm» давлат муассасаси бош режиссёри – Моҳигул Ҳамраевани таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз! Моҳигул Ҳамраевага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!
Маълумот: Моҳигул Хушвақтовна Ҳамраева 1971 йилнинг 8 октябрь куни Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. 1997 йил Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтининг (кундузги) бўлимини "Телевидение режиссёрлиги" мутахассислиги бўйича тамомлаган. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида 1997 йилдан фаолият юритмоқда. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbektelefilm” давлат муассасаси бош режиссёри вазифасида 2013 йилдан буён ишламоқда.
Моҳигул Ҳамраева саҳналаштирувчи режиссёр сифатида 2008-2022 йиллар давомида «Меҳмонжонлардан айланай», «Орзулар фасли», «Ёдгор», «Дугонажонлар», «Шоҳсупа» («Ғурур»), «Дарахтлар қўшиғи» ва «Қўриқхона» номли миллий сериалларни саҳналаштирган. Ушбу сериалларда халқимизнинг бой анъаналари, урф-одатлари, маданий меросимиз акс эттирилган. 2015 йилда X Халқаро «Спорт ва кино телевидениеда» фестивалида «Шоҳсупа» («Ғурур») телесериали «Энг яхши телесериал» номинациясида ғолибликни қўлга киритган.
М. Ҳамраева ўз маҳоратини оммавий байрамлар режиссурасида ҳам синаб кўриб, 2007 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Универсал жанг» бўйича VIII жаҳон чемпионати, «Шарқ якка кураши ва жанг санъати» III Тошкент халқаро фестивали ҳамда «Кикбоксинг» бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақаларини саҳналаштирди. Унинг мазкур йўналишда олиб борган ижобий ишлари Универсал жанг Федерацияси Президенти томонидан муносиб бахоланиб, тегишли диплом билан тақдирланган.
У 1997 йилдан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидаги педагоглик фаолияти давомида институтнинг ўқув театрида «Хайрлашув оқшоми» (В. Тендряков), «Муҳаббат қўшиғи» (Тоғай Мурод), «Алвидо, болалик» (Тоҳир Малик) спектаклларида саҳналаштирувчи режиссёр; «Етти фарёд» (А. Кассона), «Аяжонларим» (А. Қаҳҳор), «Шоҳ Эдип» (Софокл), «Қирол Лир» (В. Шекспир), «Қор маликаси» (Е. Щварц), «Мария Стюарт» (Ф. Шиллер), «Кузнинг биринчи куни» (Ў. Умарбеков), «Оққушлар заминда» (С. Сирожиддинов), «Айиқ», «Юбилей» (А. Чехов), «Қирмизи олма» (Э. Хушвақтов), «Бир қанотлилар» (И. Турсунова) каби кўплаб асарлар диплом спектаклларида иккинчи режиссёр сифатида талабаларга тўғри йўл кўрсатиб келмоқда.