Дилмурод Масаидовга табрик
Ўзбекистон Давлат драма театри ва кино актёри, режиссёр - Дилмурод Масаидовни таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан табриклаймиз! Дилмуродга соғлик, узоқ умр, ишларига ривож, театр ва кинодаги актёрлик ҳамда режиссёрлик фаолиятига улкан ривож ҳамда муваффақият тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот учун: Дилмурод Сайдуллаевич Масаидов 12 Февраль куни Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. Аммо гувоҳнома 28 куни олингани сабабли, ҳужжатга кўра таваллуд топган санаси 28 Февраль кўрсатилган.
Ўзбекистон Давлат драма театрида 1999 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Унинг театр саҳнасида ижро этган роллари актёрлик санъатининг ноёб намунаси сифатида театршунослар томонидан эътироф этиб келинмоқда. Жумладан: “Қайтар дунё”да Мухтор, “Эзгулик йўлида”да Абдумурод, “Отасининг қизи”да Эркин, “Жийдалилар”да Ўрмонқул, “Герострат”да Адвокат, “Борса келмас”да Гендалф, “Мувозанат”да Юсуф, “Бахт эшик қоққанда”да Каттабек, “Отелло”да Дожь, “Вафодор”да Ҳасан, “Давлат болалари”да Одил, “Хос навкар”да шоҳ, “Аяжонларим”да раис, “Медея”да Ясон, “Аскар ва Малика”да Аскар, “Чодир хаёл эртаклари”да Корфармон ва яна бошқа ўнлаб образларни яратиб, маҳоратли театр актёри даражасига эришган. Д. Масаидов театр саҳнасидаги ижодий изланишлари билан бир қаторда кино санъатида ҳам бир қанча ранг-баранг ролларни ўзига хос тарзда ижро этиб келмоқда. Шулардан: “Қор аёл”да Инод муаллим, “Афғон”да Абдулла, “Сардор-2”да Шерқўзи, “Дев билан пакана”да Қассоб, “Ёдгор”да Сотволди, “Фидойилар”да Ўғил, “Геолог” да Овчи, “Юлдузингни бер осмон”да Абдулфотих ва яна бошқа бир қатор образларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
У кинорежиссёрлик фаолиятида ҳам ўз иқтидорини намойиш этиб, “Адвокатлар”, “Бемор”, “Мерсквич”, “Ажинатол”, “Кутилмаган қўнғироқ”, “Геолог”, “Қўқон шамоли” сингари фильмларни суратга олиб, истеъдодли режиссёр сифатида кино ихлосмандлари назарига тушган.
Дилмурод Масаидов яратган “Қўқон шамоли” фильми телевидение, кино, санъат ва маданият соҳаси вакиллари учун ташкил этилган “Олтин кабутар” тақдимотида “Энг яхши бадиий фильм” ва “Энг яхши режиссёр” номинацияларида ғолибликни қўлга киритган.
2022 йил Беларус пойтахтида 7-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Листапад халқаро кинофестивалида режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган “Aёл қисмати” бадиий фильми “Инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятлар мавзусининг долзарблиги учун” номинациясида махсус мукофотга сазовор бўлди. Фильм Сурияда жангарилар томонидан алданиб, озодлик сари қийин йўлни босиб ўтган аёл ҳақида ҳикоя қилади.
2022 йил 1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган «Қўрқут ота» туркий халқлар кинофестивалида режиссёр Дилмурод Масаидовнинг адашиб Сурияга кетган ватандошларимизни юртимизга қайтариш юзасидан амалга оширилган махсус операция ҳақида ҳикоя қилувчи «Аёл қисмати» бадиий фильми эса «Энг яхши бадиий фильм» номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Сценарий муаллифлари Дилмурод Масаидов ҳамда Сардор Ҳамроев.