Юрагида йўлбарс ётган аёл


     Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида “Юрагида йўлбарс ётган аёл” саҳна асарининг премъераси бўлиб ўтди. Унда асосий ролни журналист Баҳринисо Норжигитова ижро этган. 
— Ҳалима опани яхши таниганим, кўп ҳамсуҳбат бўлганим шоирамизнинг қиёфасини яратишга қўл келди, — дейди у. — Шеърларини яхши кўриб ёд олиб юрардим. Хассос шоирамизнинг образини саҳнага олиб чиқишни қай даражада уддалай олдим, буни томошабинлар айтади.
     Асар сценарийси ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев қаламига мансуб. Воқеалар ўтган асрнинг эллигинчи йиллари ўрталаридан бошланиб, то бугунги кунларимизгача давом этади. Боёвут тумани, “Тараққиёт” колхозидаги Умматқул ота хонадонидаги жамалаксоч, 6-7 ёшли қизалоқ Ҳалима отаси ўқиётган “Алпомиш” достонини жон қулоғи билан тинглаб уйқуга кетади. Кичик ёшидан китобга меҳр қўяди. 15 ёшларга кирган пайтида онасининг “бу қанақа китоблар” деган саволига “Бу Ойбек, бу Миртемир, буниси Зулфия. Мана бу Пушкин, бу Лермонтов. Булар Межелайтис, Расул Ҳамзатов. Онажон, мен бу китобларни бошдан-охир ёд олдим. Синаб кўрасизми? Хоҳлаган киобингиздан ўзингиз истаган саҳифани очиб, бир қатор ўқинг, мен давом эттириб кетаман” дейди. 
     Асар ҳаётий воқеликларга асосланган. Унда республикамизнинг илк раҳбарларидан Шароф Рашидов, Сирдарё вилояти обком секретари Носир Маҳмудов, “Сирдарё ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Исмоил Сулаймоновлар Ҳалима Худойбердиева ижодига эътибор қилиб, қўллаб-қувватлаганлари, ижодкорнинг ҳаёт йўлларидаги машаққатлари, ғаму ташвишлари, оналик изтироблари ўз аксини топган. Мактаб ўқувчилари ролини эса Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ихтисослашган ижод мактаби ўқувчи қизлари ижро этишган.
     “Юрагида йўлбарс ётган аёл” асари ҳозирча мутахассислар ҳукмига ҳавола қилинди. Ўйлаймизки, яхши таклиф ва мулоҳазалардан сўнг янада сайқалланиб саҳнага қўйилгач, театр репертуари ҳаммани қизиқтирадиган яна бир асар билан бойийди.

Баҳор Холбекова










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот