Усмон Носир – ўзбек шоири, таржимон, драматург. 30 йилларнинг бошларидаёқ у ўз дунёқараши орқали ўзбек шеъриятига янгича оқим олиб кириб, унга ўз ҳиссасини қўшган шоир сифатида танилган. Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган вилоятида туғилган. Москвадаги Кинематография институтининг сценарий факультетида (1929 – 30) ва Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг тил ва адабиёт факультетида бир мунча муддат таҳсил олган (1933 – 34). Бўлажак шоирнинг илк шеъри “Ҳақиқат қалами” бўлиб, 1927 йилда “Янгийўл” газетасида чоп этилган. Усмон Носир 1931 йилда “Норбўта” номли достонини ёзган. 1932 йил унинг илк шеърий тўплами “Қуёш билан суҳбат” дунё юзини кўргач, кетидан бирданига икки китоби – “Сафарбар сатрлар” ва “Тракторобод” нашрдан чиққан. 1935 йил “Юрак”, 1936 йил эса “Меҳрим” китоблари омма эътиборига ҳавола этилиб, шеърият ихлосмандларини ҳаяжонга келтирган. Москва газеталари иштиёқ билан: “Шарқда Пушкин пайдо бўлибди”, дейишган. Унинг асарлари турли тилларга таржима қилинган, шеърлари ва достонларини ёд олишган, у томонидан қилинган А. Пушкиннинг “Боғчасарой фонтани” ва М. Лермонтовнинг “Иблис” романининг таржимаси эса бебаҳо саналган. Усмон Носир ўзининг драматургик асарлари билан кенг жамоатчиликни ҳайратда қолдирган вақти унинг ёши бор-йўғи 18 да бўлган, масалан, “Назиржон Халилов” саҳна асари. Бир йилдан сўнг эса “Зафар”, “Ғалаба” ҳамда “Душман” каби саҳна асарлари пайдо бўлган. 21 ёшида “Атлас” номли саҳна асарини ёзган. Булар ёш ўзбек драматургиясида ўзгача ҳодиса бўлиб, ўз даврининг энг долзарб мавзуларини акс эттирган. 1937 йилнинг 27 январь куни Усмон Носир адабий фаолиятининг 10 йиллик юбилейи кенг нишонланган. Бироқ байрамдан ярим йил ўтиб, Ёзувчилар уюшмасида ёш шоирнинг “хулқ-атвори” муҳокама қилинган мажлис бўлиб ўтган. Йиғилишдан икки кун ўтиб, 14 июль куни эндигина 24 ёшга тўлган Усмон Носир Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилган ва ҳибсга олинган. Бу воқеа 1937 йилнинг 13 июлида бўлиб ўтган. Усмон Носир “халқ душмани” тамғаси билан сургун қилинган. Энди уни қамоқ ва лагерлар кутарди. 1943 йил у ҳозирги Кемерова вилояти ҳудудидаги Сибир лагерларида бўлган. 1940 йилнинг 20 августида Усмон Носир Магадандан Сталиннинг номига ариза ёзишга журъат қилиб, унда ўз ишини “кўриб чиқишларини” сўраган. “Халқ отаси”га қамоқда ўтириб ҳам, “шеърий роман”, учта саҳна асари ва бир қатор шеърлар ёзгани ҳақида хабар берган: “Мен ҳали ёшман ва ғайратга тўламан! Мен халқнинг фаровонлиги учун ижод қилишим керак! Мен айбсизман!”, дея қайд этган шоир. Ушбу аризани Сталин кўриб чиққан. Ўзбекистон ҳукуматига Усмон Носирнинг аризасини кўриб чиқишни буюрган. 1944 йилнинг охирларига келиб, ҳайъат гуруҳи тузилиб, унда профессор Боровков, шоир Мақсуд Шайхзода ва ўша вақтда “Қизил Ўзбекистон” газетасининг бош муҳаррири Сиддиқ Ражабов бўлган. Ҳайъат Усмон Носирни айбсиз билиб, уни оқлашган. Афсуски, шоир бу вақтга келиб, оламдан кўз юмганди. Шоир умрини қамоқхоналарда азоб-уқубатда ўтказиб, 1944 йилнинг 9 март куни 32 ёшида вафот этган ва 15 март куни Суслов қишлоғидаги (ҳозирги “Первомайское”) қабристонга дафн этилган. Усмон Носир ўзидан кейин кичик бўлса-да, жуда бой мерос қолдирган ва халқнинг юрагида яшашда давом этмоқда.