Зулфия Исроилова (1915 — 1996)
Зулфия Исроилова (1 март 1915 йил — 1 август 1996 йил) — Зулфия номи билан танилган ўзбекистонлик шоира, журналист, таржимон, жамоат арбоби ҳамда Ўзбекистон халқ шоири (1965) ва Меҳнат Қаҳрамони (1984).
Шоир Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси. Хотин-қизлар педагогика билим юртини тугатгач (1931—1934), Ўзбекистон Фанлар қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ўқишга кирган (1935). Сўнг Ёшлар ва ўсмирлар адабиёти нашриётида муҳаррир (1938—1940), Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири (1941—1950), „Ўзбекистон хотин-қизлари“ (қаранг „Саодат“ журнали) журналида бўлим мудири (1950—53), бош муҳаррир (1954—1985) бўлиб ишлаган.
Унинг илк шеъри 1931-йилда „Ишчи“ газетасида босилган. Дастлаб 1932 йил „Ҳаёт варақалари“ шеърлар тўплами нашр этилган. Шундан кейин унинг „Темирой“ (1934), „Шеърлар“, „Қизлар қўшиғи“ (1939) шеърий китоблари эълон қилинган. Зулфий шеърий ижодининг порлаши „Уни Фарҳод дер эдилар“ (1943), „Ҳижрон кунларида“ (1944) ва „Ҳулкар“ (1947) тўпламлари билан боғлиқ. Айниқса, Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафотидан кейин (1944) ёзилган, руҳий силсилалар ва қалб изтироблари билан тўла шеърлар Зулфия ижодида жиддий ўзгаришлар содир бўлганидан дарак беради. У шахсий фожиаси тасвири орқали Иккинчи жаҳон урушидан катта талафот ва йўқотишлар билан чиққан халқнинг дард ва аламларини ифодалади.
40-йиллар охирида эълон қилинган собиқ Иттифоқнинг санъат ва адабиёт тўғрисидаги қарорлари ўзбек адабиётига ҳам катта зарар келтирди. Зулфия бадбин кайфиятлар — пессимистик кечинмалар куйчиси сифатида таъна тошлари остида қолди. Шундан кейин у, бошқа қаламкаш биродарлари сингари, „давр ғоялари“ ни ифодаловчи шеърлар ёзишга ўтди. Лекин кўп ўтмай, ўзбек аёллари ҳаётини яхши билувчи шоира ва журналист сифатида дугоналари ҳақида шеър ва публицистик мақолалар ёзди, уларни ижтимоий фаолликка чақирди, инсоний ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлмаслиги учун курашди.
1950-йилларнинг 2-ярмида у Осиё ва Африка ёзувчиларининг тинчлик ва халқаро бирдамлик шиори остида ўтган ҳаракатида фаол қатнашиб, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида бўлди. Ҳиндистон, Миср, Япония ва қўшни республикаларга қилган сафари шоира ижодида чуқур из қолдирди. „Мушоира“, „Ўғлим, сира бўлмайди уруш“, „Қозоғистон ўланлари“, „Мен чизолмаган сурат“ сингари шеърлари Зулфияга шуҳрат келтирди. Зулфия шеърларида тасвир этилаётган ҳаёт кўлами кенгайб, ижодига хорижий халқлар ҳаёти манзаралари ҳам кириб келди. 70-йил лардан бошлаб унинг ижодидаги миллий ҳаёт тасвирида янги ранглар камалаги пайдо бўлди, ҳаққонийлик ва ҳис-ҳаяжон кучайди. „Ўйлар“ (1965) шеърий гулдастаси билан бошланган воқеликни фалсафий идрок этиш тамойили „Висол“ (1972), „Йиллар, йиллар…“ (1975) шеърий китобларида давом этиб, шоира ижодида чинакам бадиий юксалиш даври бошланганини намойиш этди. У яна достон жанрига қайтиб, устоз Ойбекнинг сўнгги сафарига бағишланган „Қуёшли қалам“ (1970) достонини яратди. Айни пайтда шоира болаларга бағишланган туркум шеърлар ҳам ёзди („Лолақизғалдоқ“, 1975).
Зулфия ҳаётининг муҳим бир қисмини Ҳамид Олимжоннинг адабий меросини ўрганиш ва нашр этиш ишига бағишлади. Ана шу жараённинг узвий қисми сифатида у шоирнинг „Семурғ ёки Паризод ва Бунёд“ достони асосида қўғирчоқ театри учун „Семурғ“ песаси (С. Сомова билан ҳамкорликда) ҳамда „Зайнаб ва Омон“ операси либреттосини ёзди.
Александр Пушкин, М. Й. Лермонтов. Н.А. Некрасов, М. Воқиф, Л. Украинка, М. Дилбозий, С. Капутикян, Э. Огнетсвет, Мустай Карим, Амрита Притам, Й. Багряна ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари кўплаб чет тилларда, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларида нашр этилган. Зулфия халқаро „Жаваҳарлал Неру“ (1968), „Нилуфар“ (1971) мукофотлари ҳамда Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти (1970) лауреати. Шунингдек, у Болгариянинг „Кирилл ва Мефодий“ (1972) орденига сазовор бўлган.
Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди. Тошкентдаги кўчалардан бирига унинг номи берилган.
Манба: Википедия.