Абдуқаюм Йўлдошевга табрик
”Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиб, шоир, драматург, сценарийнавис, таржимон, "Адолат" ижтимоий сиёсий газетаси Бош муҳаррир ўринбосари - Абдуқаюм Йўлдошевни таваллуд топган куни муносабати билан муборакбод этамиз!
Абдуқаюм Йўлдошевни туғилган куни чин қалбимиздан табриклаймиз ва Устозга дунёдаги жамики энг юксак истакларни тилаб қоламиз!!!
Камоли эҳтиром ила - "Адолат" сиёсий ижтимоий газетаси таҳририяти ва Muzaffar.uz сайти ҳамда "Ижод чашмаси" журналининг таҳрир ҳайъати.
Маълумот учун: Абдуқаюм Йўлдошев 1962 йилнинг 28 Февраль куни Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида туғилган.
Сирдарё вилояти, Оқолтин туманида ўрта мактабни тугатиб, туман газетасида ишлаган. Тошкент политехника институтида (ҳозирги Техника университетида) ўқиган, Тошкент электромеханика заводида инженер-технолог бўлиб меҳнат қилган.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бошлаб “Сирли олам”, “Қалб кўзи”, “Ёшлик”, “Ҳуррият”, “Моҳият”, “XXI аср” сингари газета-журналларда ишлаб келган.
1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. ”Шуҳрат” медали билан тақдирланган (1999).
Р. Бредбери, А. Кристи, Ф. Браун, Э. Поттер ҳикояларини, Е. Березиковнинг “Буюк Темур” романини (Ҳ. Шайхов билан ҳамкорликда), П. Шермуҳамедовнинг “Буюк Хоразмий” романларини ўзбекчага таржима қилган.
“Бир тун ва бир умр”, “Алвидо, гўзаллик”, “Банкир”, “Катта ўйин”, “Пуанкаре”, “Ҳали вақт бор”, "Дарё" сингари китоблари чоп этилган.
“Кичкина одамлар”, “Уқубат”, “Иқтидор”, “Виждон”, “Қадамлар”, “Нигоҳ”, “Бурч ва муҳаббат”, “Устюртга йўл” бадиий фильмларининг, “Ҳаёт жилғалари”, “Синов”, “Одамлар орасида”, “Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи.
“Даҳо” (Ўзбек давлат драма театри), “Залолат” (Ёш томошабинлар театри) пьесалари саҳналаштирилган.
“Пуанкаре” ҳикояси асосида Ўзбек давлат драма театрида “Ҳаёт формуласи” ("Даҳо") номли спектакль саҳналаштирилган.
Айни пайтда “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида Бош муҳаррир ўринбосари вазифасида хизмат қилади.