"Халқаро қизлар куни"га бағишланган тадбир


     
    Гул ўсса — ернинг кўрки, киз ўсса — элнинг кўрки, дейди доно халқимиз. Оилада қиз фарзанд дунёга келдими, отага меҳрибон, онага суянчиқ, миллат эртасини давом эттирувчи бўлади. дея қувонамиз. Ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар ўтиб борар экан, ҳар бир ота-она бўйга етаётган қизининг эртанги куни учун замин ҳозирлаб боради. Энг аввало, қизни илмли ва маърифатли қилиб камолга етказиш ота-онанинг олдида турган энг биринчи вазифадир.
     Бу борада юртимизда ҳам миллат давомчилари бўлмиш қизларни маърифатли қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида қизларни ҳар томонлама етук, юксак ахлоқли, билимли ва миллий кадриятларга ҳамда она Ватанга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялаш вазифаси белгилаб берилган. Лекин дунёнинг ҳамма нуқталарида ҳам аҳвол бир хилмикан, деган савол туғилади.
     Ҳаммамизга маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 10 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь "Халқаро қизлар куни” деб эълон қилинган.
     БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмаларига ушбу кунни кенг миқёсда нишонлаш, шунингдек бутун дунёда қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш тавсия этилади.
   Бу сана ҳар йили бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонланиб келинмоқда.
     Шу муносабат билан Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман ММТБ тасарруфидаги 186-сонли ўрта таълим мактабида «Сенинг ташаббусинг -  сенинг келажагинг учун!» шиори остида «Балли, қизлар» мусобақаси ўтказилди. 
   Унда мактаб директори - Азизахон Имомхўжаева, ХҚҚБТ раиси - Ҳидоятхон Нурмухамедова, технология фани ўқитувчиси - Васила Хасанова бошчилигида мактаб кутубхоначиси - К. Мамараззоқова, мактаб психологи - Ф. Мадаминова, ОАВ вакили сифатида "Саодат" журнали ходими - Музаффар Муҳаммадназар, «Қизларжон» тўгарак иштирокчилари, синф раҳбарлари, ота-оналар иштирок этишди.
     Тадбирда Ҳидоят Нурмуҳамедова Президентнинг таълим соҳасида қизларга, аёлларга берилаётган имкониятлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтиб, юртбоши сўзларидан иқтибос келтирди ва юртимизда қилинаётган ишлар юзасидан маълумот берди. Хусусан, "Оилада ўғил бола олий маълумотли бўлса, оила билимли бўлади, Қиз бола олий маълумотли бўлса, бутун бошли жамият билимли бўлади", - деган сўзларни келтириб ўтди.   
     Мусобақада мактабнинг 8 «В » синфи қизлари -«Тумарис издошлари» , 8 «Г» синфидан «Зулфияхоним издошлари» гуруҳлари қуйидаги шартлар бўйича беллашишди:
1 - санъат, шеърхонлик, нутқ санъати; 
3 - АКТ саводхонлиги;
4 - Китобхонлик;
5 - Ўқувчи қизларни касб-ҳунарга йўналтириш.
   «Зулфияхоним издошлари» қизлари «Зукко қиз» наминация, «Тўмарис издошлари» «Пазанда қиз» йўналиши бўйича ғолиб деб топилди ва уларга эсдалик совғалари ҳамда "Фахрий ёрлиқ" топширилди.
     Миллат давомчиси бўлмиш қизларни маърифатли, зиёли ва оналик мақомига муносиб қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунга қадар ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
   "Халқаро қизлар куни" муносабати билан ташкил этилган тадбирда ҳам юқоридаги вазифалар устувор қилиб белгиланди. Тадбир аввалида қизларни мадҳ этувчи, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширувчи ижтимоий ролик намойиш этилди.
  Мазкур тадбир орқали ёш қизлар, аёллар масаласи, уларнинг саломатлигини яхшилаш, таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қувонарли ҳол эканлигини ва бу борада ўқувчи қизларнинг фаоллиги ҳам муҳим босқич эканлигини турли ҳаётий мисоллар орқали етказиш назарда тутилган. Айниқса, қизларнинг таълим олишида тўсиқ бўлаётган масалаларни ҳал қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, миллий қадриятларни ардоқловчи шахслар қилиб тарбиялаш долзарб вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
    Энг муҳими, иштирокчи қизлар фаровон жамиятни қуришда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар жуда керакли эканлигини яна бир бор теран англашлари зарур.
  Тадбир ўқувчи қизларнинг қизиқишларини янада рағбатлантириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тенгдошлари ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасида аҳамиятли бўлиши лозим.
   Шунингдек, мактаб қизлари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамфикрлик, бир-бирига дахлдорлик муносабатларини шакллантиришдаги ўрни ҳақида маълумотлар берилди.
      Тадбир доирасида ижодкор қизлар томонидан қўшиқ ва рақслар ҳамда шеърлар ижро этилди.

Ҳидоятхон НУРМУҲАМЕДОВА - 186-мактабнинг ХҚҚБТ раиси.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР фотолари.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот