Мунаввара Усмонованинг 8 Март табриги


Азиз опа-сингиллар, қадрдонларим!
  Баҳорнинг фараҳбахш кунларида сизнинг муҳаббатли давраларингизга сўзим билан, меҳрим билан кираётганимдан шукроналар қиламан.
   Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш каби масалалар давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Оналарнинг меҳри қуёшга ўхшайди. Ҳаёт унинг ёруғлиги билан мунаввар, ҳарорати билан униб-ўсади, яшнайди.
  Эзгу ният билан бошланган ишнинг файзу баракаси ҳам улуғдир. Юрагида эртаги кунга ишонч туйғулари юксалаётган хотин-қизларнинг кўнгил ободлигида сиз азиз опа-сингилларимизнинг ўрни беқиёс.
  Сизни ҳамиша ҳозиргидай буюк келажак сари шахдам қадамлаётган улуғ карвон – қудратли халқимизнинг пешқадам сафларида эканингиз бизга янги мавзулар беради. Соғлом, бахтиёр, дадил ва жасорат билан олиб бораётган фаолиятингизни меҳр кўзларида кузатиб борамиз. Миллат руҳиятининг юксалишида ҳар бирингизнинг ўрнингиз борлиги эътироф ва эътибордадир.
  Ўнлаб истеъдодли шоира қизлар, адибалар учун “Саодат” парвоз майдонига айланди, улар таниқли ижодкорлар бўлиб камолга етишди. Ўзбек аёлларининг барча гўзал фазилатларини ўзида мужассам этган “Саодат” бугунги кунда маънавият ва маърифат тарғиботчиси бўлиб кенг давраларга кириб бормоқда. Оналик, бекалик саодати, хулқи хушлик ва зеболик саодати ва бунёдкорлик, яратувчилик, замонга ҳамнафаслик саодати, келажакка масъуллик саодати барчамизга ёр бўлсин!
  Баҳорнинг хушкайфияти ҳамиша сиз билан бирга бўлсин. Хонадонингизга файзу барака, фарзандларингиз фазлу камолини тилайман.
  
  Мунаввара УСМОНОВА - “Саодат” журнали Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот