Оилани мустаҳкамлаш асослари
Оила кишилик жамиятида ижтимоий институтларнинг энг қадимийсидир. Оиланинг беназир нуфузи, улкан ижтимоий аҳамиятга молик воқелик эканлиги ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди. Оила жамиятнинг асосий бўғини ва ижтимоий таянчидир. Ҳар бир оиланинг бахтиѐрлиги ва фаровонлиги пировард натижада жамиятнинг барқарорлиги, гуллаб-яшнаши ҳамда фаровонлиги шартидир. Шунингдек, оила – нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиѐсати. Айтиш керакки – давлат сиѐсати. Нега деганда, башариятнинг тириклиги, узлуксизлиги оиладандир. Абдурауф Фитрат оила тақдирида юрт ва халқ бирлигини кўриб: "Қаерда оила муносабати кучли интизом ва тартибга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади", - деб ѐзади. Бугунги кунда бирон-бир миллат ѐки халқ йўқки, ўз истиқболида оилани ривожлантириш ва унинг қадриятларини эъзозлашга эътибор қаратмаган бўлса.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5325-сонли Фармонининг устувор йўналишларидан бири сифатида оила институтини мустаҳкамлашнинг иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш белгилаб берилган. Ўзбекистонда давлатнинг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир. Оиланинг давлат томонидан ҳимоя қилинишида унинг ҳуқуқий асослари яратилганлиги ҳамда иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимига эътибор қаратилганлигини қайд этиш ўринлидир. 1-жиҳат. Оила барқарорлигини жамият барқарорлиги сифатида эътироф этилишининг давлат томонидан ҳуқуқий асослари яратилган. Бунинг ѐрқин мисоли сифатида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ва 1998 йил 30 апрелда Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини тасдиқловчи Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлигини эътироф этиш мумкин. Бу икки ҳужжатда оила муаммоларига давлатимиз бераѐтган аҳамияти тўла-тўкис акс эттирилади. Оила ва унинг жамият ҳаѐтидаги ўрни беқиѐс бўлиб, Ўзбекистоннинг Бош Қомуси Конституциянинг 14-боби оилага махсус бағишланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга", деб белгилаб қўйилган. Эътиборга молик томони шундаки, асосий қонунимизда бизнинг миллий ва инсоний қадриятларимизнинг инобатга олинганлигидир. Анъанага кўра, оилада фарзанд туғилгач, унинг вояга етиши, ўсиши ва камолотга етишишига ота-она масъулдир ва бундан, ўз навбатида, давлат ҳам манфаатдордир. Буни биз 64-моддада кузатамиз: «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар». Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида шундай дейилади: "Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади". Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир. Ўзбекистон Республикасида оналик ва оталик иззат-икромга ҳамда ҳурматга сазовордир. Она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш аѐлларнинг меҳнати ва соғлиғини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аѐлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасида эса ушбу меъѐр белгилаб қўйилган: "Вояга етган, меҳнатга лаѐқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар". Демак, гўдаклик даврида ота-она фарзандига ғамҳўрлик қилса, улар кексайган вақтларида эса фарзандлар ўз ота-оналари учун масъул бўлишлари келтирилганлиги табиат ва жамиятда ҳамма қонуниятлар акс таъсир – «бумеранг» каби эканлигини кўрсатади. Конституциянинг 63, 64, 65, 66-моддаларида оилага қаратилган меъерлар айнан давлат томонидан оила масканининг жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинишини аниқ кўрсатиб. ифодалаб берган. 2-жиҳат. Мамлакатимизда оилавий меҳнатнинг ривожланиши учун барча зарурий ҳуқуқий, сиѐсий, моддий ва маънавий шарт-шароитлар яратилаѐтганлиги ва яратилганлиги оилаларни ҳимоя қилишнинг бир кўринишидир. Оилавий тадбиркорлик ва оилавий бизнеснинг ўзига хослиги шундаки, у кўп асрлик оилавий анъаналар, қадриятлар билан уйғун ривожланади. Мисол учун, Буюк Британиядаги оилавий бизнес корхоналарининг тўртдан бир қисми қарийб тўртта авлоддан бери ўтиб келар экан. Швецияда меҳнат билан банд аҳолининг 61 фоизи оилавий тадбиркорлик соҳасида ишлаѐтгани ҳам унинг нечоғли катта аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида оилавий касб-корлар, яъни косиблик, дурадгорлик, новвойлик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик, деҳқончилик, пиллачилик, боғдорчилик, узумчилик, ҳунармандчилик, мискарлик, кўнчилик, заргарлик, наққошлик, кулоллик, ѐғоч ўймакорлиги, пичоқчилик, тўқимачилик, пўстиндўзлик сингари йўналишларда ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда оилалар даромадининг тўртдан бир қисми тадбиркорлик эвазига пайдо бўлмоқда. Келажакда оила эҳтиѐжининг 50 фоизини шу йўл билан қопланишига эришиш лозим. Бу республикамиз учун ўта муҳимдир. Европа мамлакатларида бир ишловчига 0,7 киши меҳнат ѐшига етмаган болалар ва нафақадаги қариялар тўғри келса, бу кўрсаткич республикамизда 2,7 кишини ташкил қилади. Бундай шароитда фақат ойлик маош билан оиланинг эҳтиѐжини тўлиқ таъминлаб бўлмайди. Шу туфайли ҳар бир оиланинг фаровонлигини таъминлаш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аввало, оилалар фаровонлигини оширишнинг муҳим омилидир. Оилавий тадбиркорлик ишсизлик, оиладаги етишмовчиликка қарши курашнинг асосий қуроли сифатида қаралади. Аслида ишсизлик оила ва жамият учун салбий оқибатлар келтиради. Биринчидан, ишсиз одам мамлакат миллий даромади яратилишида ва оила фаровонлиги оширилишида иштирок этмайди. Иккинчидан, инсоннинг узоқ вақт ишсиз бўлиши, унинг малакаси ва тажрибасининг сусайишига олиб келади, агар шу малакаси билан иш топмаса, бошқа касбни эгаллашга оиланинг анча маблағи ва вақти кетади. Учинчидан, ишсиз киши психологик жиҳатдан тушкунликка тушади. Буни яхшилашда оиланинг роли катта. Бундайларни оилада маънавий қўллаб-қувватлашга тўғри келади. Давлатимизда оилавий тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳолининг бандлиги, фаровонлигини ошириш мақсадида "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Ушбу қонуннинг мақсади оила тадбиркорлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва унинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Қонуннинг моддаларида оилавий тадбиркорлик тушунчаси, оилавий корхонани ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, корхона фаолияти асослари, корхона иштирокчиларининг ҳуқуқ, мажбурият ва муҳофазаси ҳамда оилавий корхона фаолияти кафолатлари кенг ва тўлиқ ѐритилган. "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги қонуннинг 3-моддасида: "Оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолиятидир", - деб белгилаб қўйилган. "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқотларига кўра, бугунги кунда республикамиздаги ҳар тўртинчи оила оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. Шунингдек, ҳар учинчи оила қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиради ва ишлаб чиқаради, ҳар олтинчи оила савдо билан шуғулланади, ҳар саккизинчи оила ҳунармандчилик буюмлари ва кундалик талабни қондирувчи маҳсулот тайѐрлайди. Оилавий тадбиркорликни ташкил этиш, юритиш ўзига яраша машаққатли ва шу билан бирга, манфаатли эканлиги барчамизга маълум. Фаолиятнинг ижобий томонлари қуйидагиларда акс этади:
- оила бюджети яхлит ҳолда тўпланади;
- меҳнатга лаѐқатли бўлмаганлар (16 ѐшга тўлмаган ва нафақа ѐшидаги фуқаролар, фарзанд тарбияси билан банд аѐллар, ногиронлар) ўз имкониятлари даражасида вазифаларни бажарадилар;
- иш вақтининг аниқ белгиланмаганлиги;
- иштирокчиларнинг қавм-қариндошликлари вазифа ва юкламаларни бир-бирларини тўлдириб, бажариб тура олишларини белгилаб, ўзаро тушунмовчиликлар келиб чиқишига йўл қўймайди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат учун манфаатли. Бу борада ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Яъни фуқароларни оила тадбиркорлиги мақсадлари сари йўналтирувчи давлат маслаҳатхоналарини очиш ва у ерга иқтисодчи, ҳуқуқшунос, ҳисобчи ва психолог каби мутахассисларини ишга жалб этиш, молиявий ѐрдам олиш йўлларини соддалаштириш ва уни қўллаб-қувватлаш, тижорат банклари томонидан микрокредитлар ҳажмини ошириш, банкларнинг шохобчаларини кўпайтириш ва кредит бериш шартларини юмшатиш, оилавий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кафолатлаш мақсадида суғурта тизимининг аҳамиятини ошириш, тижорат банклари томонидан айнан оилавий тадбиркорлар ўртасида бизнес-режалар ва инновацион лойиҳалар бўйича тендерлар ўтказиш ҳамда ғолибларга лойиҳаларни амалга ошириш учун кредитлар бериш, оила тадбиркорлиги билан шуғулланаѐтганларнинг малакаларини ошириш ҳамда уларнинг дунѐқарашларини кенгайтириш мақсадида махсус ўқув марказларини ташкил этиш шулар жумласидандир. Шу билан бир вақтда, республикамиз ҳудудлари миқѐсида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда давлат тузилмаларининг асосий вазифалари қаторига қуйидагиларни киритиш айни муддао бўлур эди: ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ташкил этиш имкониятларини ўрганиш, шу асосда дастур ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш; оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва ривожлантириш фаолиятини мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни тезкор тартибда ҳал қилиш; оилавий тадбиркорликнинг касаначилик, ҳунармандчилик, деҳқон хўжалиги каби шаклларини ҳудудлар кесимида тадқиқ этиш ва янада кенгайтириш йўлларини ишлаб чиқиш, оилавий тадбиркорлик субъектлари учун меъѐрий ва барқарор шароитлар яратиш, уларнинг керакли асбоб-ускуна, хом ашѐ ва материаллар билан таъминланиши, касаначилар учун яратилган ижтимоий кафолатлар яратилиши устидан назоратни амалга ошириш; оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини ташкил этиш. Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда давлат томонидан солиқлар юкининг камайтирилиши, бу фаолиятга зарур шарт-шароитлар яратиш кичик бизнес, хусусан, оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва уни янада ривожлантириш имкониятларини кенгайтирмоқда. Зеро, ҳар бир хонадон фаровонлиги ва тўкинлигини белгиловчи даромад манбаининг муҳим йўналиши оилавий тадбиркорлик эканлигини, уни давлат ўз ҳимоясига олганини аҳолимиз яхши тушуниб бормоқда. Оила аталмиш кичик Ватан гуллаб-яшнаши учун унда ҳар томонлама иқтисодий, маънавий, тиббий ва ижтимоий томондан юксалиш бўлиши зарур. Бу занжирларнинг биттасида узилиш бўлса, унда бундай оилани мукаммал ва намунали деб бўлмайди. Бу борада қонунларни оиланинг турмуш тарзи ва жамиятда ўз ўрнини топишида, ҳуқуқидан фойдаланишига хизмат қиладиган даражада қайта кўриб чиқиш, оила институтини мустаҳкамлашга таъсири нуқтаи назаридан баҳолаган ҳолда оилаларга енгиллик яратадиган ҳуқуқий-меъёрий нормалар ишлаб чиқиш зарурати кўринади, бу тадбирлар, ўз навбатида, оиланинг жамият учун нақадар муҳим маскан эканлигини билдиради.
Феруза АКРАМОВА - Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика универститетидаги "Психология" кафедрасининг доценти, психология фанлари номзоди.