Экрандаги илонлар


     Бугун ҳамма бир-бировини асабини бузиш билан бандми?! Кун бўйи хунобинг чиқиб юрсанг-у кеч бўлганда? ҳеч бўлмаса телевизор кўриб дам ололмасанг, дам олиш тугул баттар ғазабингдан ёниб-куйиб, арзингни эшитадиган бир кимса топмасанг!
     Алам қиларкан. ”Ёқмаса кўрманг!” дея бемалол сақичини чайнаб, безрайиб турадиганларнинг қайси бировига “Ҳой барака топгур, мен ҳам бу матоҳни пул сарфлаб олганман, сенларни маймун ўйинингни томоша қилгани эмас!”, - деб айтоласан?!
     Ҳеч қайсига, айтган тақдирингда ҳам бундан-да расво, бундан-да бемаъни нарсалар ўйлаб топиб, камига шу ишларидан мақтаниб, ғурурланиб ҳам қўйишади.
     Хуллас, ”Алдама мени” деган кўрсатувни кўргансиз, (Қайси телеканалда эканлигини аҳамияти йўқ, хусусийми, давлатникими, муҳими томошабин хусусий эмас) кимнингдир шахсий сирларини ковлаштириб, бутун Ўзбекистонга ёйишга, сотқинлик қилишга ундайдиган, бу шартга кўнмаса илону чаёнлар билан қўрқитадиган бу кўрсатувни ҳали ҳазм қилишга улгурмаганлар ҳам кўп эди.
     Яқинда эса, минг марта товба, “Миллий” телеканалда берилаётган “Вой-дод, караоке”ни кўриб... сизларни билмадим-у мени бутун вужудини музлаб кетди! Наҳотки, биз шундай дўзахий нарсаларни сесканмасдан кўришга, ҳофизликни ҳавас қилган беғубор фарзандларимизни азиз бошидан қурт-қумурсқа, каламушу илон чаёнларни тўкишдек жирканч ишгача етиб келдик??!
     Астағфуруллоҳ, алҳазар, ўзимни кўрганларимга ўзим ишонмадим, Юз-кўзидан қурт тўкилиб “Илон-чаёнингдан аканг..”, - дея хиргойи қилаётган йигитнинг икки ёнида рақсга тушаётганлар дўзахдаги шайтонларни эслатмаяптими?!
     Ҳакамлик курсисида илжайиб ўтирганлар бу жирканч ҳолатни қайси инсоф, диёнат тарозисида тортиб баҳолашяпти?
     Қўрқувдан вужуди титраса-да қайсидир валломат ҳакам қўшиқларини текин ёзиб бериши, яна аллақандай меҳрибончиликлар учун руҳий ҳолати, соғлиғини хатарга қўяётганлар ҳам кимнингдир азиз боласи, экран ортида ўтирган мен каби оналар ушбу кўрсатувни ўйлаб топганларнинг отасига неча марта рахмат айтишди экан?!
     Онам раҳматлини бир гапи бор эди: ”Бошингда нима бор, тожу давлат, дилингда нима бор, дину Муҳаммад, дейишади, бошингни ва дилингни ёмонликлардан асра болам!”
     Фарзандларнинг бошидан ҳеч иккиланмай қурт-қумурсқа тўкаётганлар инсонийлик қиёфангиз йўқолиб бораётганлигидан наҳотки хавотирга тушмаяпсиз?!
     Ўзбекни мардлиги, қўрқмаслиги шундай шайтоний теле-шоулар билан баҳоланадиган бўлдими? Жасорат кўрсатишга кенг майдонлар қуриб битгани йўқ эди, ҳофизликнинг даражаси илонлар билан ўйнашиб белгиланадиган, навниҳол хонандалар бундайин хўрликка, масхара бўлмоқликка кўнадиган кунлар келдими?!
     Етар энди, бирор жўяли кўрсатувингиз бўлмаса майли, эфирни бўш қўйинг, яхшилик қилиш қўлингиздан келмаса, ёмонлик ҳам қилманг!
     Ростдан ҳам алам қиларкан, у ёқда турклар 5 млн доллар олиб, "Жалолиддин Мангуберди" фильмини яратаётган бўлишса-ю бизникилар қурт-қумурсқа билан банд бўлиб, ўзларига ўзлари қарсак чалиб юришса?!
Сизга алам қилмайдими?!

Нодира Мурод қизи