ЭҲ, ҚОРБОБО, ҚОРБОБО


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЭҲ, ҚОРБОБО, ҚОРБОБО
Ҳикоя
   
  Ярим соат ялиндим. Кўнмади, боролмайман, деди. Қарасам, телефонимнинг ҳам жони чиқиб бораяпти — қуввати тугаяпти.
— Бу балки Сенинг ҳаётингдаги энг унутилмас кун бўлар, бу кун балки, тақдирингни кескин буриб юборар... ухлайвер, ғафлат босиб. Садқаи одам...
   Телефонимни алам билан ўчирдим. Машинамни энди юрғизаман, деб калитга қўл узатган эдим, қўлтелефон жиринглади:
— Қаердасан?
— Қаерда бўларди, уйингнинг ёнидаман.
— Бўпти, кутиб тур, тушаман.
— Ҳаҳ, ўзимнинг қадрдоним, зўрсан-да...
— Ўчир овозингни.., — бўғриқди Суҳроб.
   Йўлга тушдик. Суҳроб орқа ўриндиқда. Қиёфа тунд, қовоқдан қор ёғади. Менинг ҳам дамим ичимда. Пешонамдаги ойнадан аёзни қўрқитадиган авзойига боқиб, ичимдан кулги кўтарилади, ўзимни зўрға тияман.
— Қадрдоним, бирровгинага (шу сўзга урғи бериб, чўзиб айтаман) ҳалиги жойга, фирмага кириб чиқайлик. Қорбобонинг кийимларини тайёрлаб қўйишган.
   Суҳроб жим. Юзини ойнага буради.
— Жуда савоб иш қилаяпмиз. Меҳрибонлик уйи деганлари билан барибир кемтиклиги бор-да, етимнинг кўнглини етти осмон бут этолмайди. Буям бир зиёратдай гап; савоби беҳисоб, — дейман унинг дилига дам уриб.
— Ахир, кейинги ҳафта борамиз дегандинг-ку. Дам олиш кунини ҳам единг.
— Нима ҳам қилардинг, айиққа ўхшаб ухлардинг. Кунинг беҳудага ўтарди.
   Машина шаҳардан чиқиб бўлди, унинг тўхтат, тушиб қоламан, деб хархашаси тутиб қолишидан қўрқмай, ўзимча жиғига тега бошладим:
— Чинаккам актёр ҳеч қачон халқдан узилмаслиги керак, кеча-ю кундуз ўқланган милтиқдай шай туриши лозим, ҳамма жойда отилиши шарт; саҳнада ҳам, кўчада ҳам, етимхонада ҳам. Фақат тўйларга қараб югурмаслиги керак. Буни мен эмас, Чехов айтган.
— Чехов бундай демаган.
— Нимагадир, Чехов актёрларни унча хушламаган. Кўп ҳикояларида уларни “дўппослаб” ўтган. Қизиқ, бугун ҳам шу, унчалик ўзгармагансизлар.
— Алмойи-жалмойи гапларинг билан нима демоқчисан?, — олд ойнадаги ўқрайган нигоҳга дош беролмайман. Суханимга андава ураман:
— Лекин сен ундай эмассан. Сен бошқачасан.
— Масалан?
— Текиндан тепки яхши дейдиганлар тоифасидан эмассан, катта қалб эгасисан...
   Суҳроб қаҳ-қаҳ уриб кулади. Тилёғламалик қилаётганимни сезади:
— Қўрқма, сендан ҳеч нарса сўрамайман. Кечқурун воҳага кетишим керак. Фақат тезроқ қайтсак бўлди.
— Албатта, нари борса бир ярим, икки соат бўлади тадбир, кейин қайтаверамиз. Яхшиси, ҳолироқ жойда тўхтаймиз, кийиниб олсанг бўларди.
— Борадиган жойимизда хона-понаси бордир, ахир?
— У ёқда ноқулай. Ҳамма сени танийди. Болалар ҳам. Кимсан, фалончи! Элнинг эъзозидаги одам. Мен актёр эмас, Қорбобо олиб бораман деганман.
— Эй, Худо, шу кунлар ҳам бормиди... Шу ерда тўхтай қол. Санжоброқ экан.
   Машинани тўхтатдим. Юкхонасидан кийимларни олдим. Қорэтик, қортўн, қортелпак, қортаёқ, қортўрва. Бўйи симбатдан худойим қисмаган Суҳроб кўз ўнгимда шундай қур тўкдики, товланиб турибди, ҳатто кўзлари ҳам ялтиллайди.
— Қорда музлаган қошу соқолингдан айланайин, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Қорбобо! Мана бу бошқа гап. Ана энди сени ҳеч ким танимайди. Кетдик.
   Тушликка яқин, икки ярим соат йўл юриб, гўзал шаҳарчанинг болалар маконига етиб келдик. Бизни бу ерда алланечук маҳзунлик, сўниқ кайфият қарши олади, деб ўйлагандим. Йўқ, чароғонлик, беғубор орзу-умидлар чайқалган келажакнинг ёруғ ва ёрқин нури билан юзлашдик. Бир зумда майдончани, унда тикланган зиёбахш тиниқ уйчаларнинг завқ-шавққа чўлғанган ҳайқириқларига дуч келдик. Вууйй, бу ер бунча озода ва тоза бўлмаса. Бизни қуршаб олган беғубор фасл тафти оғушида улкан арча безатилган залга кирдик. Болаликнинг қий-чувлари, завқи, Қорбобонинг ташрифи, биздан олдинроқ келиб турган Қорқизнинг жозибали жилва-ю табассуми каминани ҳам болаликка қайтарди.
— Болажонларим, қоракўзларим!!! Мен олис-олис тоғлардан, қор қоплаган боғлардан, ўн-кеча-ю ўн кундуз ухламай юриб келдим. Учар аравамни эса манави Қорқизимга берган эдим. Сен олдинроқ бориб тур, мен доногина ўғил-қизларим учун совғатўрвамни кўпгина китобларга тўлдириб олай, у ердаги болажонларимнинг бари китоб ўқийдиган, китобга қизиқадиган болалар экан, улар учун энг яхши совға китоб бўлади деб, мана сизларга китоблар олиб келдим... Сизларга совғаларим маъқулми-и-и?
— Ҳи-и-и-и-!! Ҳи-и-и-и! Маъ-а-а-қ-у-л-л!!!
— Қани, унда Қорқизим ке, қопимдаги китобларни олиб, менинг оқил ва олим болаларимга тарқатишга ёрдам бер! Ҳа-я, дарвоқе, мен йўлда кела-кела манави ёзувчи амакиларингни ҳам кўриб қолдим. Мен унга юр болам, сени бир жойга, энг ақлли болаларнинг олдига олиб бораман десам, нима дейди, денг? Айтайми?
   Болалар жим туришади. Сўнг гувиллашади:
— Айти –и и-нгг! Айти-и-нгг!!
— Мен бормайман. Менинг ишларим кўўп. Йўл жуда узооқ-ку, дейди. Кейин мен нима қилдим, айтайми-и-и?
— Айти-и-и-инг! Айт-и-и-и-ингг!
— Ҳозир сени шу сеҳрли таёқ билан (у қўлидаги таёқни менинг манглайимга ниқтайди) шундай бир бураб, музга айлантириб қўяман дедим. Кейин қўрқиб олдимга тушиб келаверди.
   Болалар кулишади. Ўзимни ноқулай сезаман. Қорбобо ва Қорқиз давра айланиб китоб тарқатишади. Ёзувчилар уюшмамиздан олиб келган китобларимизни болалар кўксига босиб, шоду хуррамлик туйишаётганидан севинаман. Жажжилар шеър-қўшиқлар айтишади. Қорбобо арча ёнидаги курсига чўкиб менга термулади:
— Болажонла-а-ари-и-м-м! Манави ёзувчи акангиз ҳам сизларга атаб шеър ёдлаб келган. Шуни ҳам эшитайлик-а!!!
—Хў-ў-п-п! Хў-ў-п-п!!!
   Мен давра ўртасига чиқиб, хаёлан болаларбоп шеър ахтараман. Қани, бирортаси шу тобда эсга келса... Қорбобо бош чайқаб-чайқаб қўяди. Кейин турган жойимда шеър тўқиб, айта бошлайман, сезгир Қорбобо яна бош чайқайди. Бошловчи давра ортида турган мураббийларни ҳам базмга чорлайди. Ўйин-кулги яна авжига чиқади. Рақсга тушамиз биз ҳам. Бир маҳал қарасам, Қорбобонинг боши эгик. Мураббийлардан бири келиб, унинг қўлидан тутиб, рақсга тортади. У турган жойида тош қотиб, бир чайқалади-да, яна курсига чўкади, букилиб, ерга киргудай бўлиб, бошини эгади. Тиззалари қалтираётганини сезаман.
— Нима бўлди, тобинг йўқми?
— Ҳа, мазам қочди. Юрагим гурсиллаб ураяпти, ташқарига чиқайлик.
   Мен нима қилишимни билмайман. Қорбобо ҳансираб нафас олади:
   “Ташқарига... ташқарига...”. Мураббиялардан бири қулоқли идишда чой опкелиб узатади.
   Қорбобони ҳовлига олиб чиқдик. У иҳрайди. Ўзимни айбдор ҳис қилиб, шоша-пиша уни машина ўриндиғига ўтқазаман. Йўлга тушамиз.
   Яқин атрофдаги шифохонага боришни мўлжаллайман. У орқа ойнани очади. Шундай совуқда-я. Ўгирилиб қарайман. Қалпоғи-ю, “соқоли”ни ечиб олган Суҳробнинг қон тепган юзида реза-реза тер.
— Тезроқ ҳайда. Узоқроқ кетайлик.
— Ойнани ёп. Шамоллайсан.
— Ёниб кетаяпман.
— Ҳозир шифохонага берамиз, — дейман.
— Ҳеч қанақасига, Тошкент йўлига чиқ, уйга ҳайда, — Суҳроб кўзларини юмиб жим қотади. Бироздан сўнг тилга киради:
— Ҳозир ўтиб кетади, ўтиб кетади.
   Вилоятдан чиқаверишда, йўл четидаги ошхона ёнига тўхтаймиз. Суҳроб анча ўзига келган. Ҳамон кўзларида ёш ғилтиллайди. Машина ичида кийимларини алмаштиради. Тамадди қилиб олиш учун ҳовлига ҳатлаймиз. Суҳробни таниб қолган хўрандалар унга меҳр ва қизиқиш билан қарашади. Хизматчилар бизни катта эҳтиром билан ичкари хонага бошлашади. Бир зумда хонтахтага турли мева-чевалар зеб беради.
— Булар сизлар учун, хўжайин юбордилар, — дейди югурдак бола.
   Суҳроб аллатовур бўлиб деворга елка тираб, яна кўзларини юмади. Қаршимда умуман нотаниш, бегона кимса ўтиргандай бўлади, йўқ, бу Суҳроб эмас, умуман, бошқа одам. Мен уни ҳеч қачон бундай, эзғинди ва иҳроқ аҳволда кўрмаганман. Ботиниб, юрак ютиб бирор нарса деёлмайман. Ўзимни айбдор ҳис қиламан.
— Соғлигинг яхшими? Сенга нима бўлди? — овозимни титроқ тутади.
— Мен уни кўрдим. — Суҳроб кўзларини юмиб инграйди. Худди алаҳсираётганга ўхшайди.
— Кимни кўрдинг? Нималар деяпсан? — сесканиб кетдим. — Сенга нима бўлаяпти?
— Уни кўрдим. Гулсанамни кўрдим... Юрагим узилиб тушишига озгина қолди... Одам ўлса шундай ўлса керакда-а?
— Эловсирама. Сенга нима бўлди? — Пешонасини ушладим. Жиққа хўл. Муздек.
— Мен уни севардим. Нега гарангсираб анқаясан? Айт, ўткирроқ нарса буюр, ичмоқчиман. Сен ҳам кўрдинг-ку, ахир? — Суҳроб хонтахта гирдига қарсиллатиб болғамушт уради. — Кўрдин-ку! Лекин, лекин... у билмади, у сезмади... Ё сездимикин? Гулсанам, Гулсанам, — кўзига ёш олади. Шу тобда у аллақайси спекталдан рол ижро этаётганга ҳам ўшарди.
— Ким у Гулсанам? Ўйин қилмай гапир.
— Ҳалигинда даврага чиқиб гапирди-ку. Мураббия бўлиб ишларкан. Шу Гулсанам эди. Бир қарашда танидим. Кўзим тиниб, бошим айланиб кетди. Азойи-таним зирқираб оғриди. Яхшиям ҳовлига олиб чиқдинг, йўқса...
— Чалама-чатти қилмай, бир бошидан гапирсанг-чи, — дейман ниманидир англагандай бўлиб.
— Орадан ўттиз йил ўтаяпти-я. Ўттиз йил. Аҳён-аҳёнда эсласам ҳам юрак ўйноғи бўлардим. Мана бугун кўрдим... Мен уни севардим. У пединститутда ўқирди. Айтаверай, биринчи марта бу борада бировга дил ёришим, биз бир-биримизга боғланиб қолгандик. Учинчи курсда Гулсанам ўқишини ташлаб кетди, у ҳомиладор эди. Зор қақшаб ялиндим, кетма дедим, қол дедим, фақат... фақат?
   Сабрим чидамайди:
— Нима фақат?
— Мен аҳмоқ, мен тентак, мен ит болани олдириб ташла, уйимдагилар билса жанжал-тўполон бўлади, дедим. Отамнинг қаҳри қаттиқ эди, қўрқдим. Аямай урарди ўзиям.
— Кейин-чи?
— Кейин кетди.
— Сен излаб бормадингми?
— Бордим. Ёлғиз онаси бор эди. Икки опаси турмушга чиқиб кетишган. Онаси нима деса деб қарғади, бошқа бу ерга оёғингни босма, деб ҳайдаб солди. Гулсанам тоғдаги холасиникига кетган экан. Мен зўрға боласи, Гулсанамнинг боласи ҳақида сўрадим. Онаси ув тортиб яна йиғлади: “Бола ўлди. Бола ўлик туғилган, энди қорангни ўчир, ер еткур”, деб дод-фарёд қилди.
   Суҳроб тош қотади. Мижжалари дув-дув ёш. Ҳиқиллайди. Ботинида олов ўрлаб, борлиғига ўт кетганини ҳис қиламан. Кўнгил одами, таниқли санъаткорнинг аҳволи руҳияти, айни дамдаги ҳолатини таърифлашга ожизман.
— Одам одамга ўхшайди-да. Орадан шунча вақт ўтган бўлса... Балки сенга шундай туюлгандир,— дейман унга таскин бериш учун.
   Суҳроб телбанома қараб туради. Сўнг қўли билан чап кўксига уради.
— Менга қара, қандай одамсан ўзи? Манави жой, манави юрак ҳеч қачон алдамайди. Эҳтимол мен кўрдирман, ўттиз йил олдин сўқир бўлганимча қолиб кетгандирман, лекин, лекин, юрагим кўр эмаслигини, юрагим кўриши мумкинлигини бугун шу ёшга кириб англаб етдим. Юрагим уни кўриши ҳамона бир муддат тўхтаб қолди, ҳа, урмай турди. Ўлиб қолсам керак, энди ўлдим деб, ўйловдим. Тушунаяпсанми?
   Мени ҳам қалтироқ босди. Лолу карахт бўлиб унга термуламан.
— Биласанми, муҳаббат ҳақидаги фильм ё бирор спектаклда рол ижро этсам, қаршимда Гулсанам қараб турганга ўхшайверади. Сен буни тушунмайсан.
   Жимлик чўкади. Суҳроб ўрнидан бир амаллаб туриб, йўлакдаги жўмракни бурайди, юзини ювади. Хонтахта устидаги ўткир исқотини пиёлага тўлдириб қўяди. Сипқоради. Яна елкасини деворга суяйди, кўзларини юмади. Мен унинг юрак кўзи бутун оламни, мен ва биз сезмаган борлиқни кўриб турганини англайман.
   Емак ҳам ним-никали бўлди, номига у-бу нарса тотинамиз, бундай пайтда томоқдан овқат ўтармиди? Энди ўрнимиздан қўзғаламиз дегандик, эшик шарақлаб очилиб, остонада ҳансираган кўйи югирдак бола пайдо бўлди:
— Ҳурматли акалар. Сизларни йўқлаб бой ака келибдилар. Ташқарида турибдилар.
— Ким у бой аканг? — дейман ҳайрон бўлиб.
— Бу жойларнинг ҳаммаси шу кишиники.
   Бундай иззат-ҳурматларга кўникиб қолган Суҳроб ҳамон эзғинди аҳволда, қовоқ уюб ташқарига йўл олади. Кенг-мўл ҳовли сатҳини майдалабгина ураётган қор оқартиб улгурибди. Машинамиз ёнида эгнида қимматбаҳо пальто, бошида сурқалпоқ кийган, келишган йигит бизни қарши олади. Мен уни қаердадир кўргандай бўламан, юз-ангори кимгадир ўхшаб турибди. Йигит жилмаяди:
— Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар. Мен шаҳарда сизларга бир пиёла чой тайёрлаб қўйувдим. Ойижоним буюрган эдилар. Тушлик ҳам қилмай жўнаворибсизлар. Орқангиздан ўзим қувиб келавердим.
   Шу тобда алламбало русумдаги қоп-қора машина юкхонасини очган ҳайдовчи ҳалиги югурдак бола ёрдамида иккита катта қутини олиб бизнинг машина томон юришади. Мен Суҳробга қарайман. У бой ўғлондан кўз узмайди.
— Э-е-е, бу нарсалар шартмас, — дейман, — ахир савоб учун келдик. Нима нарсангиз бўлса ўша болаларга олиб бериб боринг. Жон ука, одамни уялтирманг, бундай...
— Акалар, шундоғам Меҳрибонлик уйини ўз оталиғимга олганман. Ойижоним болаларни яхши кўрадилар. Шу ерда ишлайдилар. Ойижонимнинг илтимосини ерда ташламай, бугунги байрамга келганларингиз учун мен ҳам хурсанд бўлдим.
   Йигитнинг табассум чирой қўшган қатъият зоҳир тиниқ чеҳраси, ундаги барқ урган шижоати менга жуда-жуда таниш эканлигини яна бир бор ҳис қилдим. Қаерда, қаерда кўрганман уни? У билан қаерда гаплашганман?
— Укажон, ойингиз ўша ерда ишлайдиларми?, — дейди Суҳроб овози титраб ва ҳамон ундан кўз узмайди.
— Ҳа... Айтдим-ку. (Яна ўша таниш табассум).
— Исми... Исмлари ким?
— Гулсанам, ойимнинг исми Гулсанам! Менинг исмим эса, Суҳробжон! Сиз билан адашмиз. Сизни жуда ҳурмат қиламан, — дейди ўғлон.
   Ичимдан бир нарса узилиб кетгандай бўлади. Ўғлон қўл узатиб хайрлашади. Актёр дўстимнинг лаблари пирпирайди, юзи оқариб кетади:
— М... м... м... май, майли Суҳробжон, — дейди баъзўр. Сўнг гандираклаб келиб машина орқа ўриндиғини очади.
   Биз йўлга тушамиз. Менинг юрагим ўйнай бошлайди. Поёнсиз даланинг қоқ ўртасига келганимизда ортимдан ингроқли сас эшитилади:
— Т-т-тўхтат, машинани тўхта-а-а-атт.
   Мен ортга ўгрилиб қарашга ўзимда куч тополмайман. Эшик очилади. Оқлиқ қоплаган теп-текис дала узра чайқалиб бораётган Суҳробни кўраман. У анча нарига бориб тўхтайди. Қўлларини ёзиб фалакка термулади. Осмонни қоқ ёриб юборгудай даҳшатли ҳайқириқ янграйди:
— Гулса-а-а-ан-а-а-ммм!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот