ТУНГИ КИЧКИНА МЕҲМОН


Нигина НИЁЗ

 КИЧКИНА МЕҲМОН

   Арча байрами тугади. Шундагина ҳориганимни ҳис қилибман. Байрамга бир-иккита болалар келишмади. Шуларнинг совғасини қопга жойлаб, йўлга тушдим.
    Кўчага чиққанимда қош қорайиб қолганди. Қишда қоронғи тез тушади-да, шуниси ёмон. Ҳеч нарсага улгурмайсан, киши. Қопни орқалаб кетаётсам, қорни ғирч-ғирч босганча ортимдан биров эргашиб келаётганини ҳис қилдим. Шарпаси ҳам, оёқлари ҳам кичкина. Юрсам юради, тўхтасам тўхтайди. Бир сафар девор ортига беркиниб ҳам олди. Ярим гавдаси кўриниб турибди, яна денг девор ортидан чиқмайди.
– Ҳой бола, мен сени кўряпман! – дедим қувлик билан. – Қани, чиқчи бу ёққа?!
    Чамаси уч-тўрт ёшлардаги бола девор ортидан секин мўралади.
– Чиқсам, урушмайсизми?
– Нега урушай, мен ахир Қорбобоман-ку!
– Ростакам Қорбобомисиз? – ҳамон девор ортида қисиниб турганча сўради бола.
– Ростакам! – дедим боланинг гапидан кулгим қистаб. – Ёлғондакам Қорбобо ҳам бўладими?
– Бўлади! – деди у катта одамдай салмоқланиб. – Бизни боғча опамиз Қорбобо бўп чиққанла... Ўшанда Нилушга совға етмаган! Тушликдан кейин ухлаб ётсам, боғчапамиз, Нилушни дадаси совғага пул бермади, деган. Уни дадаси йўқ. Ҳақиқий Қорбоболарнинг совғаси ҳаммага етади-ку, тўғрими? Ўшанда Нилуш йиғлаган, – бола девор ортидан чиқиб қопимга тикилиб қолди.
– Қопингиз кичрайиб қопти-ку, совғаларни бериб бўлдингизми?
– Бериб бўлдим-да, тойчоқ...
– Энди нима қиласиз? Совғаларни сизга ким беради?
– Яхши одамлар яна обкелишади. “Бобожон, буни болаларга тарқатинг”, дейишади.
     Буни эшитиб боланинг кўзлари чақнаб кетди. Менга ҳавас билан қараб қўйди.
– Нилушгаям беришадими?
– Унгаям беришади. Эртага Нилушни ҳам чақириб кел! – мен ўз йўлимга кетдим, аммо бола мендан бир қадам ҳам қолмай, ортимдан эргашиб келаётганди.
– Энди уйингга бор. Ота-онанг хавотир олишади...
– Хавотир олишмайди. Мен уларга Эртаклар мамлакатига, Қорбобонинг уйига бораман, деб айтиб келганман. Улар “майли ўғлим”, дейишган, – деди бола соддалик билан. Мен яна кулдим.
– Яхши, унда сени уйингга ўзим олиб бориб қўяман. Қайси томонда турасан?
     Бола елка қисди.
– Уйимиз бекатга яқин. Қорбобо бўп туриб, шуниям билмайсизми?
     Бошим қотиб қолди. Энди чинакамига ташвишлана бошладим. Милиция участкасига топшириш керак? Аммо ... Байрам муносабати билан ҳамма ичиб олганди, уларга болани ишониб бўладими?! Бола эса савол бериб чарчамасди.
– Сизнинг ўғлингиз йўқми?
– Нега энди, бор!
– Доим Қорқиз билан юрасиз-ку? Қорқизнинг дадаси ўғлингизми?
– Уям қордан ясалганми? – у яна савол берди. – Мен Қор ўғлингиз бўла қолай... Кейин мениям арча байрамига олиб борасизми? Улар мениям “Қор бола, Қор бола”, деб чақиришади, – бола ўзидан мамнун илжайиб қўйди.
     Боланинг қўлидан тутганча катта йўлга чиқдим, машина тўхтатдим. Яхшиси, уни милицияга эртага олиб бораман. Бу боланинг ота-онаси бунча лоқайд бўлмаса?! Уни йўқотганларини сезишмабди, ҳам. Бола яна танбеҳ берди:
– Қорбобоям таксида юрадими? От қўшилган чанангиз қани?
– Чанамни олмахону айиқларимга бериб юборганман. Улар ҳам байрамга кетишган-да...
– Тулкиларингиз одамга ўхшаб гапирадими? Менам уларни кўраманми?
– Ухлаб қолмасанг кўрасан,– дедим хотиржам. Ҳеч бўлмаганда курсдошим Нозим келиб қолар, ахир у айиқ кийимида-ку! Энди туни билан шу бола учун роль ўйнаб чиқишимизга тўғри келади... Ахир боланинг ишончини сўндирса, у ҳеч қачон эртакларга ишонмайдиган бўлиб қолади.
     Ниҳоят, ижара уйга етиб келдик. Байрамга монанд, турли ялтироқ қоғозу арча ўйинчоқлари билан безатилган хонани кўриб боланинг оғзи очилиб қолди. Айниқса, балкон ёнидаги озиқ-овқат сақланадиган, ўчиб-ёнувчи чироқлар ўрнатилган омбор эшигидан кўз узолмай қолди.
– Бу қанақа эшик? Қорқизнинг уйчасими?
– Бу... Эртаклар мамлакатига бориладиган эшик! Таксининг ҳам, от араванинг ҳам кераги йўқ. Эшикни очиб киришинг билан эртаклар мамлакатида бўп қоласан, тушундинг...
– У ёқда ҳамма болаларнинг дадаси борми?
– Бор...
– Дадаси ароқ ичмайдими?
– Эртаклар мамлакатида ароқ нима қилади?
– Аяси ҳам йиғламайдими? – кутилмаганда боланинг кўзлари маъюс тортиб қолди. – Мени дадам ичади. Бугун ҳам ароқ ичиб, аямни урди. Аям Мубишани олиб кетди... У кичкина-да, аямсиз туролмайди. Дадам мени об қолди. Йиғлагандим, байрамга олиб бораман, деди. Мени арчага киритиб юбориб, ўзи ўртоқлари билан қолди... Кейин келмади.., – бола чуқур хўрсинди.
– Демак, мени алдабсан-да? Нега бундай қилдинг?
– Қўрқдим. Дадаси ичадиган болалар билан гаплашмайсиз деб ўйладим. Бахти, Алишларнинг аяси “алкашнинг боласи билан ўйнаманглар”, деб урушади. Бахти барибир келади. Ўйинчоғиниям беради. Бахтиниям чақирсам бўладими, бу ёққа?
– Бўлганда қандоқ! – дедим ичимдан айқириб келаётган аламни “қулт” этиб ютиб.
– Эртаклар мамлакати яхши экан, – деди бола кўзлари порлаб. – Эртага борамизми? Машина ҳам керакмас-а? – ўзича мамнун қиқирлаб кулди, бола.
    Ётар чоғи болага ўйинчоқ айиқча бердим. Иссиқ элитиб, у ўйинчоғини қучоқлаганча ухлаб қолди. Бу орада курсдошим Нозим келди. Болани кўриб жаҳли чиқди.
– Сенга эргашган ҳамма болани етаклаб келаверасанми? – деди у танбеҳ бериб. – Бу кетишда бошингга бир машмаша орттирмасанг эди. Ёнингдан совға олиб, кейин бир тийинсиз қолганингни унутдингми? Унақа эмас-да, оғайни.
     Мен унга жавоб қилмадим. Шу тобда ростдан ҳам эртак қаҳрамонига айланиб, манави шўрпешона болани ҳимоя қилгим келди. Аммо...
– Нега ҳаёт эртакка ўхшамайди? – дедим дўстимга қаттиқ тикилганча. – Ҳеч бўлмаса бир кун янги йилда эртакка ўхшаса бўлмасмикин?
...Дўстим индамади. Энсасини қотириб балконга чеккани чиқиб кетди. У ёқдан:
– Эс-ҳуши жойидамас, бунинг! – деб пўнғиллагани эшитилди.
     Тонг отди. Ҳеч бўлмаганда шу боланинг бир куни эртакка ўхшашини хоҳладим. Шу ниятда азондан грим қилиб олдим. У мени оддий кийимда кўришини истамасдим. Қорбобо кийимида бола ётган хонага кирдим.”Ҳозир унинг юзларидан ўпиб қўяман!”, деб ўйладим мен. Аммо не кўз билан кўрайки, у ўрнида йўқ эди. Болани бутун уйдан излаб чиқдим, топмадим. Хавотир билан балконга отилдим, балки кўчага чиқиб кетгандир... Пастга қарадим. Ҳеч зоғ кўринмади. “Ҳой, бола, қаердасан?”, бақирдим мен деразадан туриб. Қарангки, мен унинг лоақал исмини ҳам сўрамаган эканман.
     Хафсалам пир бўлиб ортимга қайтдим. Аммо кутилмаганда очиқ қолган омбор эшигига эътибор қилдим.
– Ҳой бола, бу ёққа чиқ! – бошимни ичкари тиқиб, уни чақирдим мен. Сас-садо келмади. Омборхона кичкина, катта одам бўй баробар сиғмайди. Шу боис у ёққа эмаклаб кирдим. Фонусни ёқиб, ҳар бурчакни қараб чиқдим, аммо бола ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди... Балки у чиндан ҳам эртаклар оламига кетгандир? Гап шундаки, у бунга чин юракдан ишонган. Шунинг учун у ёққа кета олган. Биз катталар эса ишонмаймиз, шунинг учун ҳам эртаклар мамлакатига кетолмаймиз... Аммо мен энди бунинг сирини биламан ва балки бир кун келиб мен ҳам эртаклар мамлакатига кета оларман. Ҳеч бўлмаганда бир кун!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот