ТИҚХММИ ва "Паркентсувқурилиш" МЧЖ ҳамкорлигидаги кўргазма ва тадбир


 

 

     Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида "Паркентсувқурилиш" МЧЖ ҳамкорлигида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига бағишланган сув тежамкор технологиялар ва қурилмалар кўргазмаси бўлиб ўтди.
     Институт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги 3702-сонли "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори асосида жадал ривожлантирилмоқда ва унинг зиммасига замонавий қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаси, машина ва механизмлари, сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш ва жорий этиш бўйича стратегик вазифаларни самарали ечишга қодир, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида юқори малакали, талаб юқори бўлган, рақобатбардош муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий изланишларнинг устувор йўналишлари этиб сувресурслари сифатини яхшилаш, улардан фойдаланишнинг меъёрларини ишлаб чиқиш, суғоришнинг илғор услубларини татбиқ этиш, уларни самарадорларини танлаш, гидротехника иншоотларининг мустаҳкамлигини ва хавфсизлигини таъминлаш каби долзарб масалалар юклатилган.
     Тадбирга шу соҳанинг етук мутахассислари, Россиядан ташриф буюрган меҳмонлар, телевидение ва ОАВ вакиллари ҳамда институт раҳбарияти, талабалари иштирок этишди. Иштирокчилар институт ўқув жараёни, ўқув лаборатория базаси, И ва ИТ кластери ва тежамкор суғориш технологиялар кўргазмаси билан таништириб ўтилди.
     Тадбирни ТИҚХММИ ректори, и.ф.д., профессор Ўктам Умурзаков кириш сўзи билан очди. Шунингдек, сув хўжалиги вазирлиги вакили ва "Паркентсувқурилиш" МЧЖ кузатув кенгаши раиси Владимир Червяковлар мавзуга оид масалалар ҳақида тўхталиб ўтишди. Ҳамкорлик ташкилотда фаолият кўрсатаётган ТИҚХММИ битирувчилари: Абдуллаева Муяссар ва Сайдуллохўжаев Ғайратхўжа маъруза қилишди. Маросимда ҳамкорлик шартномаси тантанали равишда имзоланди. 
     "Паркентсувқурилиш" МЧЖнинг 45 йиллиги муносабати билан илмий-публицистик роман ёзилмоқда. Бу вазифа ТИҚХММИ ва "Паркентсувқурилиш" МЧЖ матбуот котиби, шоира - Малика Салимова зиммасига юклатилди. Тадбирда нотиқ - Раҳимбой Жуманиёзов ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.