Айшвария Рай Баччан таваллуд топган кун


   Айшвария Рай Баччан (тулу ಐಶ್ವರ್ಯ ರೈ [əjɕʋərjaː rəj], ҳиндий ऐश्वर्या राय, ингл. Aishwarya Rai Bachchan) 1973 йилнинг 1 Ноябрь куни Ҳиндистоннинг Карнатака штатидаги Мангалор шаҳрида зобит Кришнараж Рай ва адиба Вринда Рай хонадонида туғилган. Айшвария ҳинд актрисаси ва фотомодель. Унинг она тили Тулу тили бўлса-да, ҳиндий, маратхи, тамил ва инглиз тилларини билади ҳамда асосан, ҳиндий тилида суратга олинадиган фильмларда (Болливуд) иштирок этган. 
   Болалигида ҳинд миллий рақс ва мусиқаси бўйича таҳсил олган. Оиласи Бомбей (ҳозирги Мунбай) шаҳрига кўчиб келишган. Университетда меъморчилик бўйича таълим олади ва кейинчалик моделлик билан шуғуллана бошлайди.
   1994 йил “Дунё маликаси” халқаро мусобақасида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритади ва Pepsi компанияси ва  Vogue журналининг рекламаларида суратга тушади.
   Айшвария дастлаб 1997 йилда "Тандем" фильмида иккита образ: қишлоқ гўзали ва  бўлажак актриса ролларини ижро этган. Сўнгра Бобби Деол билан "Қаллоб ошиқ" фильмида роль ўйнаган. 1999 йил Салмон Хон билан "Умрбод сизникиман" фильмида севгани бўлатуриб, бошқа йигитга турмушга чиқишга мажбур бўлган Нандини ролини ўйнаган ва мазкур фильмдаги роли учун Болливудда Оскар мукофоти сингари юксак мукофот -  Filmfare Award тақдирлаш маросимида "Энг яхши аёл роли" номинациясида ғолибликка сазовор бўлади. Шундан кейин Шохруҳ Хон билан биринчи маротаба фильмда суратга тушади. Бўлажак турмуш ўртоғи -  Абхишек Баччан билан "Айтмасанг ҳам биламан" фильмида ҳам роль ўйнайди. 
   2002 йилда Санжай  Лила Бхансалининг “Девдас” фильмида бош қаҳрамон - Парвати ролини ижро этиш бахтига мушарраф бўлади. Фильм катта муваффақият келтириб, у иккинчи маротаба Filmfare Award мукофотини олади.
   2003 йил Канн кинофестивалида ҳайъат аъзоси сифатида фаолият кўрсатган.  Ўшанда Франциянинг парфюмерия ва косметика бўйича етакчи компанияси -  L'Oreal билан реклама шартномаси тузиб,  Coca-Cola ва De Beers компанияларининг рекламаларида иштирок этади.
   2005 йилда яна Абхишек Баччан билан "Банти ва Баблу" фильмида бирга суратга тушади.
   2009 йил Ҳолливудда суратга олинган "Пушти пантера 2" комедиясида криминология бўйича эксперт ролини ижро этган.
   2010 йил "Робот" ва "Иблис" (Ёвуз) фильмларида роль ўйнайди.
   Айшвария Рай 1835 йилда Лондонлик ҳайкалтарош - Мария Тюссо томонидан ташкил қилинган, 23 шаҳарда филиаллари мавжуд бўлган машҳурларнинг мумдан ясалган ҳайкаллари музейи - Тюссо хоним музейида мум ҳайкали ўрнатилган биринчи ҳинд аёли ҳисобланади.
   Айшвария хайрия ишларида ҳам фаол бўлиб, 2004 йилда Айшвария Рай Фондини ташкил қилган ва Фонд мақсади Ҳиндистондаги муҳтож оилаларга кўмак бериш ҳисобланади. 2005 йилнинг Февраль ойида Болливуд юлдузлари иштирокида HELP! Telethon Concert хайрия концертини ташкил қилиб, тушган маблағни Цунамидан оқидатида жабрланганларга сарфлаган. Бундан ташқари, у Ҳиндистоннинг Давлатпур шаҳрида муҳтож оилаларнинг қизлари учун мактабга асос солган ва у мактабда кам таъминланган қизлар ўқитилади.   
   Айшвария узоқ йиллар давомида Салмон Хон билан ишқий муносабатларда бўлиб келган. Бирмунча муддат Вивек Оберой билан ҳам севишиб юришади. Аммо кейинчалик Болливуд юлдузи - Амитабх Баччаннинг ўғли - Абхишек Баччан билан бир-бирига кўнгил қўйишиб, 2007 йилнинг 14 январь ойида унаштирилишади ва ўша йилнинг 20 Апрелида турмуш қуришади. Абхишекнинг онаси - Жая Бхадури Баччан бу турмушга қаршилик қилади. Сабаби, Абхишекнинг оиласи бор эди ва у Айшварияга уйланиш учун умр йўлдошидан ажралади. 
   2009 йилда Ҳиндистоннинг Падма Шри давлат мукофоти билан тақдирланган.
   2011 йилда қизлик бўлиб, исмини Аарадхия Баччан қўйишган. 

Музаффар Муҳаммадназар тайёрлади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот