Ботир Зокиров (1936 - 1985)


    1936 йил 26 апрель санасида ўзбек эстрадаси асосчиларидан бири, афсонавий хонанда, Ўзбекистон халқ артисти - Ботир Зокиров таваллуд топган. Ботир Зокировнинг қўшиқлари замонавий эстрада қўшиқ санъатининг асл намунаси сифатида шинавандалар қалбидан муносиб ўрин олган. Унинг қўшиқлари турли миллат вакиллари томонидан ҳозирги кунга қадар мароқ билан тингланади.
    Арабистонлик бастакор Фарид аль-Атрашнинг "Орзуларим машъали", кўпроқ "Араб тангоси" номи билан танилган қўшиқ хонандани 23 ёшидаёқ кўпгина давлатларда машҳур қилган ва кўп йиллар давомида унинг "ташриф қоғози" ҳам бўлиб келган.
    29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган Ботир Зокировнинг ижодий изланишлари Ўзбекистонда санъатнинг умуман янги босқичи – эстрада жанрининг пайдо бўлишига олиб келган. Унинг "Араб тангоси", "Газли", "Қайдасан, азизим?", "Раъно", "Хаёлимда бўлдинг узун тун" ва бошқа қўшиқлари афсонавий бўлиб қолган. Улар Ўзбекистон санъатининг ёрқин ва ажралмас қисмига айланган. Ботир Зокиров 2000 йилда "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланган.
    "Олимпия" Париждаги энг нуфузли ва обрўли концерт зали бўлиб, унда жаҳоннинг энг ёрқин юлдузлари чиқадилар. Ботир Зокиров уни забт этган ягона ўзбек ижрочисидир. 1966 йилда французлик томошабинлар "ўзбек булбули"ни тик турган ҳолда олқишлаганлар. Танқидчилар эса  ижобий мулоҳазалар ёзишган. Ҳатто улардан бири хонанда" микрофон портлаб кетмаслиги учун ундан бир оз узоқда туриши"ни ҳам таъкидлаб ўтган.
    Ботир Зокиров 20 йил давомида битта ўпка билан қўшиқ айтган. 1963 йилда ўпкасининг бири оғир жарроҳлик вақтида олиб ташланган. Хонанда бундан кейин тезда қўшиқ куйлаб кетмаган, бир ўпка билан куйлаш учун икки йиллик машғулотлардан кейин қўшиқ айтишни бошлаган.
  Ботир Зокиров яхшигина расмлар чизган, шеърлар битган, ҳикоялар ёзган. Жаҳон адабиёти шедеврларини ўзбек тилига таржима қилган. Улар қаторидан Теннесси Уильямснинг "Шиша қафас", Артур Лоуренснинг "Вестсайд қиссаси", Антуан де Сент-Экзюперининг" Кичкина шаҳзода" асарлари 1967 йилда радио учун саҳналаштирилган.
    Улуғ санъаткор Ботир Зокиров узоқ давом этган хасталикдан сўнг 1985 йил 23 январда 48 ёшида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот