Ирода Искандаровага табрик
Ширали ва ёқимли овоз соҳибаси, таниқли хонанда, Хоразм санъат юлдузларидан бири – Иродахон Искандаровани таваллуд топган куни билан самимий табриклаймиз!
Иродахонга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаймиз!
Камоли эҳтиром ила – Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Ирода Каримовна Искандарова – 1972 йилнинг 30 Октябрь куни Хоразм вилоят, Хонқа туманида таваллуд топган. У санъатсевар оилада туғилган бўлиб, унинг ота-онаси санъатни жуда яхши кўришган. Онаси шифокор бўлишига қарамасдан, иккинчи касби ҳисобланган Хоразм фольклор йўналишдаги халфачилик жанрида қўшиқ ҳам куйлар эди. Бу жанрда гармон, доира жўрлигида жонли ижро этилади. Ёш Ирода 5-синфдан бошлаб онасини ёнида доира чалиб юрар эди. Ўша даврдан-оқ Иродада санъатга меҳр уйғонган бўлса не ажаб. Бу оламга тобора қизиқиб борган хонандамиз аста-секин онасидан халфачилик жанрида дарс олишни бошлаган. 8-синфдан эса ўзи гармонда қўшиқ куйлаб, шу йилнинг ўзида, яъни 1987 йил илк альбомини "Арка қизлар" номи билан кенг оммага тақдим этган. Санъатдаги билимини кучайтириш мақсадида 1987 йили Ал-Хоразмий номидаги Урганч педагогика билим юртининг мусиқа бўлимига ўқишга кирган. Ушбу масканда у мусиқа сир-асрорларини ўрганган.
1988 йилда эса Хоразмда Ирода Халфа номи билан анчайин танилиб улгурганди. Бу орада яна бир янги альбомини ёзиб тугатган. Таҳсил олиб юрган кезлари ижро этган қўшиқларининг аксари биринчи устози, яъни онаси Рўзметова Сапаргул куйлаган қўшиқлар бўлиб, ушбу тароналар замон билан ҳамнафас ҳолда эстрада оҳанглари уйғунлигида куйланган эди.
1992 йили Тошкентда бўлиб ўтган "Анор" мусиқа танловида эстрада йўналишида халфа йўли билан қатнашган.
1993 йил Хоразм вилоятида Ботир Зокиров номига бағишланган танловда Ботир Зокиров қўшиқларидан бирини ижро этиб, 1-ўринни олган.
1995 йил эстрада йўналишда илк бор хоразмча "Баҳор нафаси" номли альбоми сотувга чиққан ва шу йили Хоразмда катта концерт дастурини тақдим этишга ҳам мушарраф бўлган.
1998 йилда "Ишонмайман" деб аталган янги альбоми кўп нусхада сотувга чиқарилиб, мухлислар томонидан яхши қабул қилинган.
2001 йилда Ирода Искандарова Тошкент давлат Маданият институтига ўқишга кирган ва Тошкентда ижодини давом эттирган.
2002 йил Мудофаа Вазирлиги қошидаги Қуролли кучлар ансамблига хонанда бўлиб ишга кирган ва ҳозирги кунга қадар шу ерда фаолият юритмоқда.
2005 йил 1 – 2-март кунлари „Туркистон“ саройида яккахон концерт дастурини тақдим этган. Ўша йили "Севар эдим" номли альбоми ҳам мухлислар ҳукмига ҳавола қилинган.
Тошкентдаги навбатдаги альбоми 2008 йили "Оҳларим" номи билан чиққан. Шу кунга қадар жуда кўп концертларда, давлат тадбирларида иштирок этган. Ўзбекистон бўйлаб, барча вилоятларда яккахон концерт дастурларини тақдим этиб, жуда катта муваффақиятлар қозонган.